Тошкент ш. Яшнобод т. Махтумқули к. 49 уй
+998 (71) 286-31-77 , +998 (71) 286-30-91

Мақом санъатига оид атамаларнинг изоҳли луғати

Абжад – араб алифбосида ҳарфларнинг сон қийматларини кўрсатувчи саккизта тўқима сўзлар номи, абжад уларнинг биринчиси бўлиб, унинг бу тартиби ҳарфларнинг бирдан минггача бўлган сон қийматини кўрсатади: абжад, ҳавваз, хуттий каби.

Авж – чўққи; Ўн икки мақом тизимида маълум шўъба номи; куй ва ашуланинг юқори чўққиси.

Адвор – ритм ва мусиқа доиралари. Ўтмишда ритм усуллари ва лад поғоналарини доира шаклидаги чизиққа жойлаштирилишининг ифодаси.

Ажам – араблардан ташқари (Ўрта Осиё ва Хуросон) халқлар, шу халқларнинг мусиқа асарлари; машҳур мақом услубидаги чолғу йўллари.

Алҳон «Лаҳн» сўзининг кўплиги; мусиқа асарларининг ифодаси – куй, ашула ва бошқалар.

Амал – ижод этилган асар; маълум тартибда яратилган куй турларидан бирининг номи.

Ашийрон – Ўн икки мақом тизимидаги шўъба номи, ўн поғонали товушқатор.

Баёт – Ўрта Осиёда яшаган турк қабилаларидан бири, маълум мақом шўъбасининг номи. Тошкент, Фарғонада машҳур бўлган мақом йўлларидан бири.

Бам – Уд ва бошқа торли мусиқа чолғуларининг энг йўғон ва энг паст товуш берадиган торининг номи, ҳозирги мусиқа назариясида – Бас.

Барбат – сўзма-сўзига ўрдак сийнаси; қадимий торли чолғу номи.

Бастаи Нигор – Нигор исмли киши боғлаган «баста»; Ўн икки мақом тизимида маълум шўъба номи.

Бастакор – куй ижод қилувчи, куйга янги шеър боғловчи; оддий куй ёки ашулага бошқа куй жумлаларини боғловчи.

Бақия – қолдиқ; 90 центли кичик ярим тон.

Бинсир – унинг ўрта ва чимчилоқ орасидаги тўртинчи бармоқ билан босиладиган пардаси.

Бозгўй – куй ижроси жараёнида бир неча бор такрорланадиган куй жумлалари ифодаси.

Бузург (Бузрук) сўзма-сўзига, улуғ, катта. Дувоздаҳмақом ва Шашмақом тизимидаги мақом номи.

Бурж – эски астрология фанида ўн икки ойнинг ҳар бири ўз характерига боғлиқ ҳолда йилнинг ўн икки буржи саналган. 12 мақомнинг ҳар бири маълум буржга боғлиқ ҳолда тушунтирилган.

Буслик ёки Абу Салик – шу лад товушқаторига хос ашуланинг ижро этувчи мусиқачига нисбатан берилган мақом номи.

Бўъд – икки мусиқа товуши ва унинг оралиғи, интервал.

Вустаи Залзал ёки қадима [(араб хоқони Залзал) вафоти 791 й.] замонида белгиланган ва ўрта бармоқ билан босиладиган уд пардаси.

Вустаи фурс – форслар ихтиро этган ва ўрта бармоқ билан босиладиган уд пардаси.

Гавашт – қадимий мусиқа тизимида Олти овоз номи билан машҳур лад турларидан бирининг номи.

Гардония – айланувчи, айланма, Олти овоздан бирининг номи. Унинг гардун шакли Шашмақом чолғу йўлларида учрайди.

Гардун – осмон гардиши, тақдир; дойра усули ва шу усулда ижро этиладиган Шашмоқомнинг чолғу бўлимидаги қисми.

Даромад – куй ёки ашуланинг бошланиш қисми.

Дувоздаҳмақом – Ўн икки мақом; Ўн икки турли пардадан бошланиб уларнинг лад товушқаторига мос келадиган куй ва ашулалар мажмуаси.

Дугоҳ – товуш чиқариб оладиган икки ўрин, парда; иккинчи парда; икки поғонали товушқатордан иборат бўлган Ўн икки мақом тизимидаги шўъба номи; Шашмақом тизимидаги маълум мақом номи.

Дугоҳи Ҳусайний (Ҳусайний Дугоҳи) Тошкент, Фарғонада машҳур мақом йўлларидан бири.

Дунаср – мақомларда куй ёки ашула бошланиши бўлагининг юқори регистирда такрорланиши.

Жавзий – эгизаклар; Шарқ тақвимида маълум ойнинг исмига нисбат берилган Ўн икки мақом шўъбаларидан бири.

Жамъ – турли диапазондаги товушқатор; мақомлар ҳам жаъмлар жумласига киради.

Жинс – лад товушқаторини, унинг пастки ва юқориги қисмини ташкил этувчи таркибий қисмлари, тўрт-беш поғонали товушқаторлар тури – тетрахорд ва пентахорд.

Зангула – сўзма-сўзига қўнғироқ; Ўн икки мақом тизимидаги маълум мақом номи.

Зебо пари – мақом ашула йўлларида қўлланиладиган авжлардан бири.

Зир (форсча) баланд товуш берадиган тор, бамдан бошлаб тўртинчи торнинг ифодасидир.

Зирафканд – тўшак ва пастга сакраш маъносида бўлиб, Ўн икки мақом тизимига кирган мақом номи.

Зовулий – Эрон шаҳарларидан бирига нисбатан берилган Ўн икки мақом шўъбаларидан бирининг номи.

Зоид – уднинг очиқ торидан сўнгги пардаси.

Зул-арбаъ – тўрт поғонали товушқаторни ўз ичига олувчи интервал; кварта.

Зул-кулл – октава диапазонидаги ҳамма товушларни ўз ичига олган интервал; октава.

Зул-кулл вал-арбаъ – октава ва кварта мажмуасидан ташкил топган интервал, ундецима.

Зул-кулл-вал хамс – октава ва квинта мажмуасидан тузилган интервал, дуодецима.

Зул-кулл марратайн – икки октава; икки октава диапазонидаги интервал, квиндецима.

Зул-хамс – беш поғонали товушқаторни ўз ичига олувчи квинта.

Илми адвор – ўтмишда ритм ва мусиқа доиралари ҳақида баҳс этувчи фан.

Илми мусиқий – мусиқий илми, мусиқа асарлари ҳақидаги фан. Ўрта асарларда математика фанларининг бири саналиб, унда мусиқа назарияси баҳс этилган.

Ироқ – шу мамлакатга нисбатан берилган Дувоздаҳмақом ва Шашмақом тизимларига кирувчи маълум мақом номи.

Исфаҳон – Эроннинг машҳур шаҳарларидан бири, Дувоздаҳмақом тизимида мақом номи.

Исфаҳонак ва Руйи Ироқ – Ўн икки мақом тизимига кирган маълум шўъба номи.

Иқаъ(ийқоъ). 1. мусиқа товушлари ва умуман мусиқа асарларининг ижро этиш услуби (бунда машқ қилиш кўзда тутилади); 2. Ритм ўлчови; мусиқа асарлари ва шеърлардаги вазнлар тизими; шундай вазнларни ўрганувчи махсус илм.

Кор – ижодий иш; ўтмишда араб тилида ёзилган шеърлар билан ҳафиф дойра усулида ижро этилган ашула бўлиб, унинг бошида чолғу муқаддимаси бўлади.

Лаҳн – Қаранг: Алҳон.

Маслас – асл мазмуни уч баробар этилган; уднинг Бам торидан кейинги тори; Бамга нисбатан кварта даражасида созланади.

Масна – асл мазмуни икки баробар этилган; у Маслас торига нисбатан кварта баландлигида созланиб, бамдан бошлаб учинчи торнинг ифодасидир.

Мақом – истиқомат ўрни, парда; турли куй ва ашулаларнинг мусиқа чолғуларида бошланадиган пардаси; муайян лад товушқатори ва унга мос келадиган мусиқа асарлари мажмуаси.

Қаранг: Дувоздаҳмақом ва Шашмақом.

Мезроб – созларни чертиб чаладиган махсус мослама: нохун, заҳма кабилар.

Миёнхат – дунасрдан мазмунан фарқли ўлароқ, ашуланинг ўрта регистр (пардалар)ида икки байт шеър билан ижро этиладиган бўлаги.

Миёнхона – мақомлар ашула йўлларида келадиган, ўрта пардаларда ижро этиладиган маълум куй қисми.

Мойа – асл, соф; олти овоздан бирининг номи. Қаранг: Овоз.

Моҳур – ғамгин куй; Ўн икки мақом тизимида маълум шўъба номи.

Мубарқаъ – пардага ўралган; Ўн икки мақом тизимида маълум шўъба номи.

Мужаннаб – қўшни парда; уднинг учинчи пардасининг номи; бутун тондан бир комма – 24 цент кичик интервал.

Мусиқий – мусиқа; юнонча куй ва ашулаларнинг ифодаси, арабча – алҳон (Қаранг: Алҳон).

Мустаҳалл – ашуладан олдин чалинадиган чолғу муқаддимаси.

Мутлақ – уд очиқ пардасининг номи.

Мухайяр – танлаб олинган; Ўн икки мақом шўъбаларидан бири ва Шашмақомдаги Ироқ мақомининг шўъбаси.

Мухаммас – бешли; дойра усули ва шу усулда ижро этиладиган мақомлар чолғу қисмлари ифодаси.

Мўғулча – Шашмақом ашула бўлимининг иккинчи гуруҳига кирадиган Савтлар туридаги шўъбалар номи.

Наво (оҳанг, куй) – Ўн икки мақом ва Шашмақом тизимида маълум мақом номи.

Наврўз – Шарқ халқларида янги йил байрами; олти овоздан бирининг номи. Қаранг: Овоз.

Наврўзи Ажам – Ўн икки мақом тизимида маълум шўъба номи; Шашмақомда Сегоҳнинг Наср шўъбаси. Қаранг: Наср.

Наврўзи Араб – Араб Наврўзи. Ўн икки мақом тизимида арабларга нисбатан берилган шўъба номи.

Наврўзи Баётий – Баёт номли қабила Наврўзи; Ўн икки мақом тизимидаги шўъба номи. Қаранг: Баёт, Наврўз.

Наврўзи Хоро – тоғлик мамлакатларда яшайдиган халқлар Наврўзи; Ўн икки мақом тизимида маълум шўъба номи; Шашмақом тизимида Сегоҳ мақоми шўъбасининг номи.

Найриз – Ўн икки мақом тизимида маълум шўъба ва тожик халқ куйларидан бирининг номи.

Намуд – кўриниш, келиш; мақомлардаги муайян ашула парчасининг бошқа ашула йўллари таркибида авж сифатида кўриниши ёки келиши.

Наср – зафар, кўмак; Шашмақомнинг шижоатбахш, ҳозирда лирик шеърлар билан ижро этилган шўъбаларининг ифодаси.

Насруллойи – Бузрук мақомининг Наср шўъбаларидан бири; Тошкент, Фарғонада машҳур мақом чолғу йўллари туркуми.

Нақр – ритм, усул зарблари бирлиги; уриш, кесиш; ритм ўлчовлари ифодаланадиган унсиз ҳарфлар.

Нақш – безак, ўтмишда маълум тартибда ишланган ашуланинг номи, тахминан тарона маъносига тўғри келади ва рубоий вазнидаги шеърлар билан “ўқилади”.

Нағма – якка мусиқа товуши, тон; баъзан мусиқа асарларини ҳам билдиради.

Нимхат – ашуланинг бир мисра шеър билан ижро этиладиган бўлаги.

Ниҳованд – Ироқдаги бир шаҳар, Ўн икки мақом шўъбаларидан бири.

Нузҳа – кўнгил очувчи; X-XIII асрларда машҳур бўлган чанг туридаги мусиқий чолғу номи.

Нуҳуфт – пинҳон; Ўн икки мақом тизимидаги маълум шўъба номи.

Овоз (овоза) – лад товушқаторларининг бир тури. Акс садо, мақомларга назира қилиб ишланган мусиқа асари.

Ораз – Дугоҳ ва Наво мақомларининг Наср шўъбаси.

Панжгоҳ – Ўн икки мақом тизимида беш поғонали шўъба номи.

Парда – мақом; мусиқа чолғулари дастасидаги тўсиқлар, пардалар.

Пешрав – юқорига ҳаракат этувчи кичик мотивлардан тузилган маълум тартибда ишланган куй шакли.

Ракб – отлиқ; мақом шўъбаларидан бирининг номи.

Раҳовий – Рум шаҳарларидан бирига нисбатан берилган 12 мақомлардан бирининг номи.

Рихта (аралашган) – ҳиндча (урдуча) шеърлар билан ижро этиладиган ашулалар номи.

Рок – ҳиндча мақом демакдир. Бузрук мақоми шўъбасининг номи.

Рост – мос келувчи; Дувоздаҳ ва Шашмақом тизимига кирувчи мақом номи.

Саббоба – уднинг кўрсаткич бармоқ билан босиладиган пардасининг номи.

Сабо – шабада ёки Наврўзи Сабо – Дувоздаҳмақом ва Шашмақом тизимларида маълум шўъбанинг номи.

Савт – 1. товуш, овоз; 2. оҳанг, акс садо. Мақомларнинг асосий шўъбаларига назира қилиб ишланган Шашмақом ашула бўлимининг иккинчи гуруҳ шўъбалари номи.

Сайри гулшан – Хоразм мақомларида Бузрук таронасининг номи.

Салмак – луғавий маъноси номаълум. Олти овозлардан бирининг номи.

Самоий – маълум дойра усулининг ва шу усулда ижро этиладиган куйнинг номи.

Сарахбор – ашула бошланишидан хабар берувчи, бош мавзу. Шашмақом ашула бўлимларининг биринчи шўъбаси.

Сарвиноз – қадди-қомати келишган; Бузрук мақомининг Савт шўъбаларидан бири.

Сархат – мақом ашула йўлларининг бошида келадиган икки куй жумласи.

Сархона – мақом куй ёки ашула йўларининг бошида келадиган икки куй жумласи.

Сақил – оғир, вазмин дойра усулида ижро этиладиган мақомларнинг чолғу қисми.

Сегоҳ – уч ўрин, парда; Ўн икки мақом тизимига кирадиган шўъба номи; Шашмақом тизимида маълум мақом номи.

Соқийнома – шу номли дойра усули ва ғазал шаклида ижро этиладиган Савт-Мўғулча услубидаги Шашмақом шўъбаларининг шохобчаси.

Суворий (Сувара) – отлиқ; Хоразм мақомларида шўъба ва тароналар номига қўшиб аталадиган ибора ва шу номли усулнинг ифодаси.

Супориш – топшириш; мақомлар ва уларнинг шўъбаларини тугаллайдиган хотима қисми.

Талқин – насиҳатгўй маъносида; Шашмақомда талқин дойра усулида лирик шеърлар билан ижро этиладиган шўъбалар номи.

Талқинча – талқин доира усулидаги Савт-Мўғулча услубидаги Шашмақом шўъбаларининг маълум шохобчаси.

Таниний – катта секунда.

Таржеъ – қайтарма оҳанг айланмаларидан тузиладиган куй; Шашмақом чолғу бўлимларидаги иккинчи қисм.

Тарона – қисқа куй, ашула; кўпинча рубоийлар билан айтилиб келинган. Шашмақом ашула бўлимларининг биринчи гуруҳига кирган шўъбаларга улаб айтиладиган кичик шаклдаги ашула йўллари.

Тасниф – ижодий яратилган асар, мақомлар чолғу бўлимидаги биринчи куйнинг номи; мавзу.

Турк ёки Авжи Турк – мақомларда кенг қўлланиладиган авжлардан бирининг номи.

Уд – қадим замонлардан машҳур бўлган тўрт ва беш торли мусиқа чолғуси. Унинг қорин қисмида катта бўлиб, мезроб билан чертиб чалинган.

Уззол – пастга тушиш, бўшатиш, сакраш; Ўн икки мақом ва Шашмақом тизимларида маълум шўъба номи; ўз ҳаракатида тўсатдан кварта пастга сакрайдиган куй тузилмаси.

Уфар – луғавий маъноси номаълум, мақомларнинг шўхроқ ижро этиладиган машҳур қисмларининг номи; уфарлар.

Ушшоқ (ошиқлар) – Ўн икки мақом тизимида муайян мақом номи, Шашмақомда машҳур шўъбанинг номи.

Фарёд – Хоразм мақомларида шўъбанинг номи.

Хат – ашуланинг бир байт шеър билан айтиладиган қисмига тенг бўлаги.

Хона – куй жумла (сатр)ларининг ифодаси.

Чапандоз – Талқинларга ўхшаш мураккаб дойра усулида ижро этиладиган ашула ва чолғу йўллари.

Чоргоҳ – тўрт пардали товушқатордан иборат бўлган Ўн икки мақом шўъбаларидан бирининг номи; Шашмақом тизимидаги Дугоҳ мақомининг шўъбалари номи; Тошкент, Фарғонада машҳур мақом ашула йўллари.

Шашмақом – олти хил лад товушқаторига мос келадиган туркумли мусиқа асари (Бузрук, Рост, Наво, Дугоҳ, Сегоҳ, Ироқ мақомлари).

Шаҳноз – келинчак; Ўн икки мақом тизимида олти овоздан бирининг номи.

Шаҳнози Гулёр – Тошкент, Фарғонада машҳур мақом йўлларидан бирининг номи.

Шодиёна – ноғора, дойра, сурнай ва карнайларда халқ шодиёна ва тўйларида ижро этиладиган усуллар ва куйлар туркуми.

Шўъба – Ўн икки мақом тизимига кирган маълум лад товушқаторлари: мақомларнинг шохобчалари.

Ўн икки мақом – Қаранг: Дувоздаҳмақом.

Қавл – ашула; инсон товуши билан ижро этиладиган мусиқа асарлари.

Қавлий – инсон овозига хос.

Қашқарча – Қашқарча дойра усулидаги Савт-Мўғулча услубидаги Шашмақом шўъбаларининг шохобчаси.

Қонун – чанг туридаги қадимий мусиқа чолғуси. Уни бармоқларга ангишвона кийиб, тирнаб чалинган.

Ҳафиф – енгил дойра усулларидан бирининг номи.

Ҳафифи Сегоҳ – ҳафиф дойра усулида ижро этиладиган Сегоҳ мақомининг чолғу қисми.

Ҳижозий – мусулмонларнинг муқаддас шаҳарлари ўрнашган пастекислик; Ўн икки мақом тизимидаги маълум мақом. Ўрта Осиёда Сегоҳ ибораси билан машҳур.

Ҳинсир – чимчилоқ, шу бармоқ билан босиладиган уд пардасининг номи.

Ҳисор – Тожикистондаги бир шаҳар номи ва Ўн икки мақом тизимидаги шўъба номи.

Ҳисор – Тожикистондаги бир шаҳар номи ва Ўн икки мақом тизимидаги шўъба номи.

Ҳодд – энг баланд, уд созининг энг баланд товуш берадиган, йўғон тордан ҳисоблангандан бешинчи торнинг номи.

Ҳумоюн – бахтли, шоҳона; мақом тизимида маълум шўъба номи.

Ҳусайний – Ўн икки мақом тизимидаги мақом номи, Шашмақомда Дугоҳ ва Наво мақомларининг Наср шўъбаларининг номи.