Тошкент ш. Яшнобод т. Махтумқули к. 49 уй
+998 (71) 286-31-77 , +998 (71) 286-30-91

Юнус Ражабий номидаги «Мақом» ансамбли

Юнус Ражабий номидаги «Мақом» ансамбли

Ўзбекистонда дастлаб илк профессионал мақом ансамбли фольклоршунос, Ўзбекистон халқ артисти, академик Юнус Ражабий томонидан 1959 йили Ўзтелерадиоси қошида ташкил этилди. Бу даврда ансамбль 14 нафар созанда ва хонандалардан иборат бўлган. Ансамбль томонидан 1960-1962 йиллари «Шашмақом» ва «Тошкент-Фарғона мақом йўллари» туркумларига кирувчи чолғу ва асосан, ашула йўллари илк бора граммпластинкага ёзила бошлади ва нашр этилди. Мазкур жараён ҳозирги кунга қадар давом этиб келмоқда. Эътиборли томони шундаки, «Шашмақом»нинг Мушкилот ва Наср бўлимлари то ҳозирги кунга қадар 28 маротаба турли етук ижрочилар томонидан қайта ёзилган. 1978, 1987 йилларда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган симпозиумларида ансамбль муваффақиятли иштирок этди. 1979 йили Тожикистон мақом фестивали, 1980 йили Озарбайжонда бўлиб ўтган «Муғам» фестивалларида Ўзбек миллий санъатидан хорижлик мақом шинавандаларини баҳраманд этишган.

1976 йилда ансамбль раҳбари Академик Юнус Ражабий вафотидан сўнг кўплаб етук санъаткорлар унга раҳбарлик қилиб келдилар. Жумладан: 1976–1979 йилларда Ўзбекистон халқ артисти, бетакрор овоз соҳиби Ориф Алимаҳсумов, 1979–1981 йилларда Ўзбекистон санъат арбоби Шавкат Мирзаев, 1983–1987 йиллар давомида Ўзбекистон халқ артисти, етук бастакор Ғанижон Тошматов, 1987 йилдан Ўзбекистон халқ артисти, «Буюк хизматлари учун» ордени нишондори ва кўплаб давлат мукофотлари совриндори Абдуҳошим Исмоилов, 1998–2000 йилгача Ўзбекистон халқ ҳофизи Исроил Ваҳобов, 2000 йилдан ҳозирги кунга қадар Абдуҳошим Исмоилов раҳбарлик қилиб келмоқдалар. Ансамбль қарийб 50 йилдан бери ўз санъати ва миллий меросимизни халқимизга етказиб келмоқда. Бу даргоҳда етук хонанда ва созандалар хизмат қилишган. Халқимиз ардоғидаги санъаткорлар кўплаб етишиб чиққан. 60-70 йиллари оммалашиб кетган «Мақом кечалари» ансамблнинг етук хонанда ва созандаларидан Ўзбекистон Республикаси санъат арбоблари Фаҳриддин Содиқов, Темур Маҳмудов, Ўзбекистон халқ артистлари Турғун Алиматов, Абдулахад Абдурашидов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Абдураҳмон Ҳолтожиев, Абдунаби Зиёев, Тоҳиржон Турғунов каби созандалар; Ўзбекистон халқ ҳофизлари Исроил ва Исмоил Ваҳобовлар, Махмуджон Йўлдошев, Бекназар Дўстмуродов, Сойибжон Ниёзов, Абдунаби Ибрагимов, Ўзбекистон халқ артисти Матлуба Дадабоева, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Комила Бўриева Шарофат Тожибоева хонандалардан Озода Ёрова, Озодбек Тилланазаров, Тўрабек Мухторов, Муроджон Норқўзиев, Қўчқор Саидов, Икромжон Матановларнинг Бобур Кенжаев каби хонандалар номларини алоҳида тилга олиш жоиздир.

Берта Давидова, Комуна Исмоилова, Ориф Алимахсумов, Ортиқхўжа Имомхўжаев, Шокиржон Эргашев, Сирож Аминов, Исоқ Катаев, Турғун Алиматов, Фахриддин Содиқов, Ориф Қосимов, Ориф Хотамов қатнашиб мақомларни халқимиз орасида тарғиб қилиб келишган.

 

 

 

Ҳозирги кунда ансамблга ёш кадрлар, яъни истеъдодли хонанда ва созандалар танлов асосида ишга қабул қилинмоқда. Мақом асарларини, миллий санъатимиз намуналарини, бастакорлар асарларини қайта тиклаб, ёш хонанда ва созандалар ижросида ЎзМТРК олтин хазинасига видео ҳамда аудио ёзувлар сифатида муҳрлашга муваффақ бўлиб келишмоқда. Бугунги кунда ҳам ансамбль фаолияти давлат тадбирлари, байрамларида жонбозлик қилиб, фаол қатнашмоқда. Ўйлаймизки бундан кейин ҳам ансамбль фаолияти юксалиб, Ўзбек санъатини дунёга таратади ва мамлакатимиз мусиқа санъатининг юзи бўлиб, узоқ йиллар фаолият олиб боради. Мақом ансамбли шу кунга қадар бир неча чет эл мамлакатларида ижодий сафарларда бўлиб, ўз концерт дастурларини намойиш қилиб келишган. Деярли барча фестивалларда, давлат тадбирларида, жумладан «Шарқ тароналари» фестивали ва кўрик–танловида, «Мустақиллик», «Наврўз», «Конституция куни»га бағишланган умумхалқ байрамларида ўз ижод намуналари билан фаол иштирок этишади.