Тошкент ш. Яшнобод т. Махтумқули к. 49 уй
+998 (71) 286-31-77 , +998 (71) 286-30-91

Мақом йўналишлари

Мақом йўналишлари

 Ўзбек мумтоз мусиқасини ташкил этувчи мақом йўналишлари қуйидагилардан иборат. Ва мазкур йўналишлар ўзбек миллий мақом йўналиши бўлиб, мақом санъатини янада тараққий этишига хизмат қилиб келган.

  1. Ялла. (мақомот жанри асосида яратилган яллалар)
  2. Катта ашула.
  3. Бухоро “Шашмақоми”.
  4. “Хоразм мақомлари”.
  5. Фарғона-Тошкент мақом йўллари.

Ялла

Ялла кенг тарқалган қўшиқ-рақссимон жанр бўлиб, ишқийлик мазмуни билан якканавоз (хонанда ёки яллачи томонидан) чолғу ансамбли жўрлигида ижро этилади. Мумтоз яллалар халқ йўлидаги яллаларга нисбатан кенг диапазонли ривожланган куй билан фарқ қилади. Халқ яллалари тор диапазонли бўлиб, унинг шеърдаги ҳар бир банди ва рақс харакатлари яккахон яллачи, нақорати эса гуруҳ томонидан чолғу жўрлиги (кўпроқ доира ёки дутор) да айтилиб келинган. Жозибадор ва ўйноқи характердаги куй ҳаммани рақсга чорлайди. (ялла бу “ўйнаб-куйлаш қўшиғи” маъносини билдиради). Ялла мумтоз шеъри ва ижрочилик маданияти ривожи билан чамбарчас боғлиқ ҳолда тараққий қилган. Ҳарбий яллада шеърлар байти сони куй ва хажмига мутаносиб бўлиб, асарнинг куй тузилиши ва шаклини (куплет шакли) таъминлайди (шеър матни сифатида халқ сўзлари ва ўзбек мумтоз” ва замонавий шоирларининг шеърлари қўлланади). Шу туфайли мумтоз яллалар ҳам жозибали, ўйноқи характерда, ўзига хос рақсбоп ўлчовли ритм-усулда айтилади. Рақсни эса қўшиқчи-яллачи ўзи эмас, балки алоҳида раққоса (ёки раққос) ижро этади.  Асарнинг таъсирчалиги –ҳамма воситаларни бир-бири билан чамбарчас ҳолда маҳорат ва хушкайфият билан ижро этилишидадир. Бундай бирликни ялланинг ғоявий-эстетик мантиқи, асар образининг ички дунёси ҳамда куй-оҳанг, ритм-ўлчов, шакл ва усул сингари мусиқий-поэтик воситалар келтириб чиқаради. Шу маънода Чокарий сўзи билан айтиладиган “Мустаҳзод” ялласи бунга мисол бўла олади. Бу асар мавзуси муҳаббат бўлиб, ошиқнинг маъшуқага нисбатан оташин севгиси тавсифи ялла мазмунини ташкил этади. Куй жозибали характерда бўлиб, унинг ривожланиши муайян оҳанг такрорига асосланади. Анча давомли ва таъсирчан, услубан уфарсифат оҳанглар бу асарда бошқа шакллантирувчи воситалар қатори моҳирона ишлатилган. Ишқий-лирик йўсиндаги нафис ҳиссиётларни ифода этувчи мисраларни ижодкор ўта ҳушёрлик ҳамда нозик дид билан, мазмунига, кайфиятига монанд оҳанлар, усуллар, суръат, усул, чолғу ва яллага хос безакларни ҳамда рақсбоп воситалар ёрдамида бирмунча мураккаб мусиқий шаклда баён этади. Ҳудди шу ҳолат “Қалам қошлигинг” ялласида ҳам номоён бўлади. Яллада зуҳур этилган рақсбоп ҳолати мусиқий омиллар воситасида яна ҳам ёрқин тус олган, унинг жонли ва рақсбоп уфар усули орқали ўзига хос акс эттирилган. Ялланинг жўрновозлиги бошидан оҳиригача, ҳудди шу зайлда кечади.

Мумтоз ва замонавий ўзбек шоирларининг шеърлари асосида вазни оҳангдошлиги ҳислатларини ялла услубига тадбиқ этишни “Суратинг”, “Доғман”, “Ўзингсан”, “Кўчабоғи 2” “Фиғондур”  ҳамда “Гулёр” каби асарларда кузатиш мумкин.

Яллалар ҳозирги кунда ҳам тингловчиларнинг қалбида нозик туйғулар ҳаяжонли фазилатлар уйғотиб, эшитувчи омманининг олқишига сазовор бўлмоқда.  Ўз куйининг ривожланиш услуби ва характери жиҳатидан мумтоз ялла ашула жанрига мос келади. “Айрилмасин” мумтоз ялласи Муқумий шеъри билан халқ орасида оммалашиб кетган, у севимли яллалардан бўлиб қолган. Муқумий шеърларининг яшовчанлиги – уларнинг юксак бадиийлиги, чуқур ғоявийлиги ва жозибадорлигида.

Дўстлар хеч ким менингдек ёрдин айрилмасун,

Меҳрибон мўнис ўшал дийдоридан айрилмасун.

Ишқий лирик мазмундаги шеър матни асарнинг кейинги мос тушган, унинг оҳанги ва ритмик асоси сўзларнинг нозик табиатини, дилкашлигини таъминлайди. Ялланинг асосий куйи равон таралади, таянч пардалар эса давомли товуш чўзимлари орқали берилган. Куйнинг ғазаллиги, ривож топиши, усул равон ҳаракати билан авжга етиб бориши ва умумий ҳолатини ҳаққоний усуллар ила бойитган бадиий тасвирлаш учун шеър мазмунига  ўта ҳушёрлик билан ёндошиш асарнинг кўпгина хонандалар томонидан талқин этилишига олиб келган ва халқимиз орасида жуда кенг тарқалганидан далолат беради.

КАТТА ашула

 Ўзбек халқининг кўп жанрли мумтоз мусиқа ижрочилигида катта ашула жанри салмоқли ўринни эгалайди. У йирик ашула жанри бўлиб, асосан Фарғона водийсида водийсига хос, икки-тўрт ижрочи (ҳофиз) томонидан чолғу жўрлигисиз ижро этилган. Катта ашулла деб номланишига сабаб – бу ашулалар очиқ ҳавода, катта аудитория орасида баланд ва кучли овоз билан, кенг диапозонда ижро этилиши ва ўзига хос катта мавзу ва ижро услубига егалигигадир. Уни халқ орасида “патнис ашула” ёки “патнусаки ашула” деб иккинчи ном билан ҳам аташган. Ашулани ҳофизлар қўлларига патнис ёки ликопча (тарелка) ушлаб, ижро жараёнида овоз йўналишини ўзгартиришга ҳамда ўз ва ҳамнафаси овозини тинглашга, уни силкитиш орқали овозни тўлқинлатиб, қочиримлар қилишга ёрдам берган. Бу ашулалар баланд пардаларда ижро этилади. Бундан ташқари, катта йиғинларда, тўй томошаларда, меҳмондорчиликларда айтилиши туфайли ҳам уларга “катта ашула” номи берилган бўлиши мумкин. Катта ашула ижрочисидан зўр қобилият ва маҳорат, шунингдек, сўз бўғинларига эътибор қилишни, шеърнинг маъносини ва сўзларини дона-дона талаффуз қилиб, тингловчиларга етказишни талаб қилади.

 Катта ашула жанрининг асосий ҳусусиятлари:

 Бир воҳада шаклланиб, ривож олиши (Фарғона водийсида);

  1. Ўзига хос ижро услуби – икки (ёки уч-беш) хонандалар томонидан чолғу жўрлигисиз, галма-гал айтилиши;
  2. Бадиҳагўйлик (ҳар бир хонанда ижросида);
  3. Сўз ва куй мутаносиблиги;
  4. Профессионаллик маҳорат ва қобилият мавжудлиги (ижрочи профессионаллик талабларига жавоб бериши лозим);
  5. Сўз матнида ношеърий бўғин ва иборалардан (ёр, воқей, жон, адоманей) кенг фойдаланиш (айниқса, авж қисмида);
  6. Таъсирчанлик.
  7. Ҳамнафаслик (овоз диапозони, кучли, баландлиги, тембрли, услуби, хонандаларда бир-бирига мос тушиши зарур);
  8. Эркин талқин этиш;
  9. Ижро анъаналарига бўйсуниш ва риоя қилиш.

Катта ашула ўрта асрларда маросим ва меҳнат қўшиқ-айтимлари негизида, мумтоз шеърият ва хонандалик ижро маданиятининг ривожланиши, мумтоз ғазалларни анъанавий ўқиш асосида юзага келиб ривожланади. Унинг ўтмишидаги намуналарида ишқий-лирик ғазаллар билан бир қаторда, дидактик (насиҳат), тасаввур руҳидаги шеърлар ҳам куйланган. Кейинчалик эса Лутфий, Навоий, Машраб, Амирий, Ҳазиний, Муқимий, Фурқат, Завқий, Мискин ва бошқа шоирлар шеърлари билан айтила бошланган. XX асрда замонавий ўзбек шоир (Хабибий, Собир Абдулла, Чустий, Ўткир Рашид, Эркин Воҳидов ва бошқалар) шеърлари ҳам қўлланган. Катта ашула тараққиётида маснавий, рубоий, муҳаммас, мусаддас каби поэтик жанрлар ҳам муҳим роль ўйнайди. Ҳусусан, бунга мисол тариқасида Мискиннинг “Эй, дилбари жоним” шеърини келтириш мумкин:

Её, дилбари жононим, кўп нозу итоб этма,

Юз жабри жафо бирла ҳолимни ҳароб этма.

Мастона кўзинг бирлан қошинг қиличин тортиб,

Бир-бирига ҳимо айлаб, қатлимга хитоб этма.

Аруз вазнида ёзилган бу ғазал тингловчиларга завқу-шавқ, турфа руҳий кечинмалар уйғотиб, поетик асарларнинг катта ашула жанри орқали халқ орасида кенг тарқалишига олиб келди. Мусиқийлик-шеъриятнинг энг асосий фазилатларидан, деб бежиз айтилмаган. Шунинг учун ҳам катта ашула ёки ашула дейилганида, ҳалқимиз назарида мусиқа асарлари намоён бўлади, ваҳоланки, мусиқа асарларининг ўзи ҳам мустақил мазмунга эга ва инсон қалбининг энг нозик ҳис-туйғуларини ифода эта оладиган санъат турларидандир.

Ғазаллар ҳалқимизга мантиқан етиб боришида, улар билан айтиладиган ашулаларнинг, айниқса, катта ашуланинг хизмати жуда катта бўлган (чунки, катта ашулада сўз куй билан бир услубда “нафас”  олади. Уларда шеър ва куй бир-бирига шу қадар уйғунлашиб, бир-бирига сингиб кетадики, куйнинг ўзини алоҳида эшитганида шеърни ҳам тинглаётганидек бўламиз.

 Катта ашула мазмун жиҳатидан қуйидагича бўлинади:

  1. Фалсафий;
  2. Ишқий-лирик;
  3. Дидактик;
  4. Диний;
  5. Замонавий.

Хоразм мақомлари дан Сизиб чиққан сувора йўлларида деярли 6 мақмнинг ҳар бири ладлари учрайди

“Хоразм мақомлари” туркуми Хоразм анъанавий мусиқасининг енг йирик намунасидир, у XIX асрда шаклланиб, кенг ривожланган. “Хоразм мақомлари” туркуми Рост, Бузрук, Наво, Дугоҳ, Сегоҳ, Ироқ ва панжгоҳ мақомларидан иборат бўлиб, ҳар бир мақом ўз навбатида “Шашмақом” га ўхшаш икки бўлимдан иборат:

  • чолғу бўлими-Чертим йўли ёки Мансур;
  • ашула бўлими –Айтим йўли ёки манзум деб аталади.

Хоразм мақомлари “Шашмақом” каби устоз-бастакорлар маҳсулидир. Хоразмлик машҳур бастакорлар Ниёзжон Хўжа, Феруз, Комил, Муҳаммадрасул Мирзо, матёқуб Харратой ва бошқалар мақомларга янги чолғу қисмлар басталаб, уларни шаклан ва мазмунан бойитдилар. Куй тузулиши, лад асослари сақланган ҳолда мақомлар Хоразмга хос мусиқий услубларда Хоразм мақомларида баъзан ашула йўлларининг доира усуллари, куй йўллари ихчамлаштирилиб олинган ва бироз усул суръати тезлаштирилган ёки соддалаштирилган. Хоразм мақомларидаги куй ёки ашула йўлларида намудлар энг катта ўзгаришларга учраган, “уларнинг ўрнига бастакорлар ижод этган янги авжлар ҳам киритилади”.  Хоразм мақомларининг чертим йўли таркибига Танимақом (тасниф вазифасини бажарувчи), Тарже, гардун, Муҳаммас, Сақил қисмларидан ташқари Пешрав ва Уфор қисмлари кирган. Хоразмга хос бўлган чолғу асарлар-Сайри Гулшан, Зарбул футх, Фоҳитий зарб (Потихазарб), Хафиф ҳам айрим мақомлар таркибига кирган. Асар шакллари хона ва бозгоҳ асосида тузилган. Доира усуллари содда ва енгил, ижро жараёнида ўзгаришлар киритиши мумкин. Хоразм мақомларининг айтим-ашула йўллари таркибида шўбалар қатори-танимақом (Сарахбор вазифасини бажарувчи), Талқин, Наср,Уфор, тароналар ҳам мавжуд (фақатгина Танимақомдан кейин ижро этилади). Аммо уларга турдош бўлган Хоразмга хос Сувора,Нақш, Фарёд, Муқаддима каби ашула йўллари айтилиб келинган.

Хоразм “Рост” мақоми таркиби қуйидагича:

Чертим йўли  

 

Айтим йўли

Танимақом Рост

Танимақом Рост
Таржэъ Тарона
Пешрави Гардун Сувора
Муҳаммас I-II Нақш
Ушшоқ муҳаммаси Талқин
Сақили вазмин Фарёд
Уфор Сабо

Уфор

 

“Хоразм мақомлари” туркуми ўзига хос маҳаллий мақом услуби сифатида гавдаланади. У ҳам Бухоро мақомлари мақомлари сингари мазмунан ва услубан, шаклан ва ижрочилик маданияти жиҳатидан мустақил аҳамиятга моликдир. Ушбу мақом туркуми воҳа ижрочилик анъаналари бўйича якканавозлик тарзида эркн ва бадиҳагўйлик равишда айтилиб, хоразм ҳудудида машхур бўлган мумтоз шоирлар – Огаҳий, мунис, Комил Хоразмий, Аваз Ўтар, атоий ва бошқаларнинг шеърларидан кенг фойдаланиб келинган.

Хоразм мақомларининг ашула (айтим) бўлимлари таркибидаги шўбалар “шашмақом” йўлларининг кўп жиҳатларини асосан сақлаб қолган. Лекан сўнги йилларда Хоразм ашула ижрочилигидаги ўзига хос ҳусусиятларга юоғлиқ ҳолда, баъзи ашула йўллари таниб бўлмайдиган даражада ўзгариб кетган. Хоразм мақомларининг айтим йўллари Хоразм воҳасида “Хоразм мақомлари” туркумидан ташқари беш қисмли “Феруз” ашула-чолғу мақом туркуми, дутор мақом туркумлари ҳам кенг тарқалган.

Хоразмда мақомчилик санъатини тарғиб этишда Муҳаммад Раҳимхон Соний, Комил Девоний, Худойберган Муҳрган, Матёқуб Позачи (Харрат), Матпано Ҳудойберганов, мадраим Шерозий, Хожихон ва Нурмуҳаммад Болтаевлар, Комилжон Отаназаров, Рўзмат Жуманиёзв, Икром Иброҳимовларнинг хизматлари жуда катта ва аҳамиятлидир.

Фарғона-Тошкент мақом йўналиши 

 Ўзбек миллий мусиқасида “Фарғона-Тошкент мақомлари” ёки “Фарғона-Тошкент мақом йўллари” мақомчилик санъатининг яна бир асосий туркумини ташкил этади. Фарғона водийсида XIX-XX асрларда туркумли ва туркумсиз ашула ва чолғу мақом йўллари кенг тарқалган бўлиб, улар воҳа мумтоз мусиқа меросида етакчи ўринларни эгаллаб, маҳаллий ижрочилик анъаналари билан суғорилган. Катта ва кичик туркумга эга бўлган Фарғона –Тошкент мақом ашула ва чолғу йўллари “Шашмақом” таркибидаги бир қатор шўба (сарахбор, савт), шаҳобча(қашқарча, соқийнома) ва туркумларга яқиндир. (уларнинг куй ҳаракати, шакли, усулларига ўхшаш).

Фарғона-Тошкент мақомлари ва мақом йўллари 2,3,5,7 қисмли туркумларни ташкил этади. Уларнинг ҳар бири маълум шаҳобчаларга эга ҳамда сонлар воситаси билан бир-биридан ажратилади.

Фарғона-Тошкент мақомлари орасида йирик ашула туркумлари:

Баёт I—V, Чоргоҳ  I—V, Гулёр-Шаҳноз, Дугоҳ-Ҳусайний I—VII (уларнинг ҳар бир қисми умумтартиб сони рақамлари билан белгиланади. Гулвор-Шаҳноз мақомидан ташқари), масалан,

Баёт I, Баёт II, Баёт III, Баёт IV, Баёт V.

Йирик мақом чолғу йўллари орасида туркумли (яккасоз ёки чолғу ансамбли чолғу ансамбли ижросида); Чоргоҳ I—V; Мискин I—VII, Насруллойи I—III, Наврўзи ажам тароналари I—III; Ҳожиниёз 1—II, Сурнай мақом йўллари ва бошқалар. Булардан ташқари, алоҳида ашула ва чолғу мақом асарлари ҳамда етук созанда ва бастакорлар томонидан Фарғона водийсига хос бўлган, катта ашула ва чолғу йўллари асосида “Шашмақом”нинг шўба ва шаҳобчалари мутаносиблигида юзага келган. Масалан, Ёввойи Чоргоҳ, Ёввойи Ушшоқ, ёввойи тановар (ашула ва чолғу йўллари) асосида “Шашмақом”нинг шўба ва шахобчалари мутаносиблигида юзага келган. Масалан, Ёввойи Чоргоҳ, Ёввойи Ушшоқ, Ёввойи тановар (ашула ва чолғу йўллари), Чўли Ироқ, Тошкент Ироқи, Қўқон Ироқи, самарқнд ёки Ҳожи Абдулазиз ушшоғи, Тошкент ёки Мулла Тўйчи ушшоғи, Хўжанд ёки Садирхон ҳофиз ушшоғи ва бошқалар.

Фарғона-Тошкент мақомлари “Шашмақом” ашула бўлимининг шўба, шахобча ва тароналарининг оҳанг. Усул ва шакллари таркибида шаклланган ва ашула йўлининг ҳаракати асосида ривож топган. Биринчи қисм-Сараҳбор негизида, иккинчи қисм-унинг таронаси ёки наср асосида, учинчи қисм– савт, тўртинчи қисм– қашқарча ва бешинчи қисм-сақийнома ёки улар асосида.

Баёт, Чоргоҳ ва Дугоҳ-Ҳусайний мақомлари “”Шашмақом”нинг шу номлар билан аталган шўбалари (“Наво” ва “Дугоҳ” мақомлари) асосида яратилган бўлиб, Гулёр-Шаҳноз эса турли мақом шўбалари аталган шўбалари (“Наво” ва “Дугоҳ” мақомлари) асосида яратилган бўлиб, Гулёр-Шаҳноз эса турли мақом шўбалари (“Сегоҳ” ва “Рост” мақомларми) асросида юзага келган (ушбу мақомларнинг бешта қисми ўз номига эга: Гулёр, Шаҳгоз, Чапандози Гулёр, Ушшоқ ва Уфори Гулёр деб аталади).      Гулёр-Чапандоз мақоми ўз тузилиши жиҳатидан бошқа туркумлардан фарқ қилади. Лекин, Гулёр –Чапандрзнинг шоҳобчалари мазмунан ва услубан анча мураккаб, оригинал ашула мақом йўлларидир. Улар жозибали, ёқимли ҳам таъсирчан оҳангларга бой. “Чоргоҳ” мақом беш қисмили бўлиб, “Шашмақомнинг” Дугоҳ мақаоми шўъбалари асосида яратилган. Чоргоҳ 1 ўзининг улуғворлиги, ёқимлилиги билан Дугоҳ сарахбори  куй шакли сифатида юзага келган; лекин куй ривожи қисқартирилган ва унга маълум ўзгартиришлар киритилган. Даромаддан авжга (Мухайяари Чоргоҳ намуди сақланган) куй йўналиши ва харакати сарахборга ўхшаб (доира усули, суръати, шеър вазни сақланган). Чоргоҳ 2 тарона услубида Чоргоҳ савти вариантидир. Чоргоҳ 3 – Чоргоҳ савти асосида айтилади, аммо унинг доира усули ва шакли соддалаштирилган. Чоргоҳ 4- Чоргоҳ савти қашқарчаси кўринишида бўлиб, куй мавзуи, шакли ва дойира усули сақланган. Чоргоҳ 5- уфор дойира усулида бўлиб, унинг суръати анча сустлаштирилган. Лекин ижро услуби ўзига хослиги билан зарактерланади. Чоргоҳ мақоми туркуми водий ижро услубига мослаштирилган холда “Шашмақом” шўъбаларидан қисқаритириб олинган (куй харакати ва ривожи, ханглар ишлатилганлиги, авжлар қисқартирилиши ёки умуман тушириб қолдирилишии, усул вариантлари қўлланиши билан равшан бўлади).

Фарғона- Тошкент мақомлари анъанавий ижрочилигида кенг тарқалган бўлиб, ўзбек бастакорлари томонидан уларнинг янги вариантлари  юзага келган, жумладан Чоргоҳ VI (уфар услубида) ва Дугоҳ Хусайний VII-VIII (уфора супориш шаклларида) Юнус Ражабий ижодида мансуб.

Сўнги йилларда Фарғона-Тошкент мақомларининг ўзбек бастакорлари томонидан янгидан-янги вариантлари яратилиши, ушбу мақомларнинг янада ривожланишида алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Жумладан, беш қисмли Насруллоқи (ашула ва чолғу) туркуми;

Мискин чолғу туркуми асосида Мискин ашула туркуми (етти қисмли), ушшоқ асосида  «Қадимги ушшоқ», «Зикри ушшоқ», «Умрзоқ Полвон ушшоғи» ва бошқа асарлар таниқли хонанда ва бастакор Фаттоххон Мамадалиев томонидан ижро этилган. Булардан ташқари, халқ орасида Расулқори ушшоғи, Орифхон ушшоғи, Фаттоҳхон ушшоғи каби асарлар ҳам кенг тарқалган.

Фарғона-Тошкент мақомларини тарғиб этишда Ҳожи Абдулазиз, Абдурасулов Содирхон Ҳофиз Бобошарипов, Юнус Ражабий, Абдуқодир Исмоилов, Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узақов, Имомжон Икромов, Орифхон Хотамов, Расулқори Мамадалиев, Очилхон Отахонов, Абдухошим Исмоилов, Махмуджон Тожибоев ва бошқа мақом йўллари янада бойитиш, янги намуналарни ижод этишга катта ҳисса қўшганлар.

Мақомларнинг бош мезони сифатида қабул қилинган ва улкан хажмга эга ва мураккаб тизим лад усул, мажмуаси бўлмиш шошмақом Ўрта Осиё мақомот йўналишларининг бош бўғинидир.