Тошкент ш. Яшнобод т. Махтумқули к. 49 уй
+998 (71) 286-31-77 , +998 (71) 286-30-91

Maқом тарихи

Ўзбек мумтоз мусиқасида мақом жанри етакчи ўринни эгаллаб келган. Мақомлар жуда қадим замонларда Яқин ва Ўрта Шарқ халқлари мусиқа маданиятида мавжуд бўлган, етук созанда ва хонандалар, бастакорлар томонидан яратилган ва IX-X асрларда ривожланиб, янги воситалар билан бойиди. “Мақом” сўзи арабча макон сўздан олинган бўлиб, “ўрин”, “жой”, “босқич”, “даража” каби маъноларни англатади. Бу ислом, адабиёт, тасаввуф илмий-амалий йўналишда ва бошқа соҳаларда ҳам кенг истеъмол этилган бўлиб, махсус ибора сифатида айнан мусиқа санъатида энг кўп ва хилма-хил маъноларда ишлатилади. Мусиқада “мақом” деганда куй товуш қаторларининг алоҳида мусиқа асари бочқичлари – парда тизимлари (лад бирликлари) лад тизимлари, алоҳида мусиқа асари  (чолғу ёки ашула); мусиқа тури (жанри) – чолғу ва ашула асарларини бирлаштирувчи катта-кичик туркумли жанр деб тушуниш керак. Турли халқлар маданиятида “мақом” иборали асар ва туркумлар мавжуд: мақом (ўзбек ва тожикларда), муғом (озарбайжон), муқом (уйғурлар), дастгоҳ (эрон) нўба (мағриб) каби ибораларнинг вариантлари кенг тарқалган.

Мақом йирик туркум ва асар жанри сифатида мумтоз мусиқа тоифасига киради. Мусиқа ижодиётининг бошқа турларидан у ўзининг бадиий мукаммаллиги, куй ва шакл тузилишлари, лад ва усул тизимлари ҳамда илмий ва амалий асосларининг пухта ишланганлиги билан фарқ қилади.

Мақом мусиқа, шеърият ва рақс санъатларини мужассамлаштирувчи муштарак бадиий жараён.

Ўзбекистонда мақом санъати чолғу ва ашула йўллари ва туркумлари – Бухоро “Шашмақоми”, “Хоразм мақомлари” ва “Фарғона-Тошкент мақом йўллари” туркумлари, шунингдек, унинг локал туркумлари – Фарғона “Сурнай мақом йўллари”, Хоразм “Дутор мақом туркуми”, “Феруз” туркуми ва бошқалар мавжуд.

Мақомлар кўп асрлик тарихий йўлга эга. У ўзига хос анъаналар ҳамда тизимларга асосланган, маҳаллий услубларнинг ўзаро изчил боғланишларидан келиб чиққан. Мақомларнинг алоҳида услубларининг ибораларидан бошлаб, ўзига хос бетакрор ҳусусиятларигача бўлган томонлари ҳар бир тарихий даврнинг бадиий-эстетик ғоялари остида шаклланиб келган. Илк бор VII-VIII асрларда халқ мусиқаси негизи ва маҳаллий профессионал ижрочилик анъаналарининг ривожи йирик туркумли жанрлар шаклланишига олиб келди. Жумладан, Борбод ижодига мансуб “Ҳусравоний”   туркуми.  IX-X асрларда мақомсимон чолғу ва ашула –чолғу асар ва туркумлар ривожланади. XI-XIII асрлардан бошлаб, то XVII асргача Яқин ва Ўрта Шарқда “Дувоздахмақом” – 12 мақом туркуми кенг тарқалиб, мусиқа амалиётида қўлланиб келди. Ушбу туркумга-Ушшоқ (ошиқлар), Рост (тўғри, мос келиш), Наво (куй, оҳанг), Бусалик (атоқли от-Абу Солиҳнинг олинган), Ҳижоз (пасттекислик), Ҳусайний (киши номи), Исфаҳон (шаҳарга нисбатан), Зирафкантёки Кучак (пастга сакраш, тушиш ва тўшак), Раҳовий (Рум шаҳарларидан бири), Зангула (қўнғироқ, занг), Ироқ (мамлакат номига нисбатан), Бузург (катта, улуғ) каби мақомлар, шунингдек, олтита овоза (аваза, мақомларга жавоб ёки назира тарзида ишлатилган, масалан, Наврўз, Шаҳноз ва бошқалар) ва 24 шўбалар (мақомларининг шаҳобчалари, улар орасида Дугоҳ, Сегоҳ, Чоргоҳ, Панжгоҳ, Уззол, Муҳайяри,Сабо ва бошқалар.) ўрин олган. XIV-XVI срлар мақом тизими сифатида кенг тарқалган.

XVIII асрда Бухорода янги туркум – “Шашмақом” узул кесил шаклланди. XIX асрда “Хоразм мақомлари” туркуми ва Фарғона-Тошкент мақом йўллари вужудга келади. Кейинчалик “Шашмақом” ва бошқа туркумлар асосида мақом асарларининг янги услублари ва кўринишлари замонавий талқинда ривож олади.

Умумий тузулиши ва туркумларга бўлиниши, номланиши жиҳатидан Бухоро ва Хоразм мақомлари бир-бирига яқин туради. Фарғона-Тошкент мақомларининг икки йўналиши орасида ҳам узвий алоқалар мавжуд. Оғзаки тарзда тарқалиб келаётган мақомлар  XIX асрнинг 80 йилларида ёзиб олинди.  “Хоразм мақомлари” туркуми, “Дутор мақом туркумлари” Комил Хоразмий томонидан ихтиро этилган танбурга мосланган ўн саккиз чизиқли “танбур чизиғи” нотацияси орқали ёзиб олиниб, мақомларни ўрганишга қимматли манба сифатида мусиқа амалиётида XX-асрнинг 40- йилларигача қўлланиб келди.

Мақомчилик санъати қонунларини шарҳлаш, асослаш, мусиқа назарияси ва амалиётига оид масалалар IX асрдан бошлаб “мусиқий рисолаларда ўз аксини топди. Мусиқа илми, жумладан, мақомчилик санъати ривожига Абу Наср Фаробий, Абу Али Ибн Сино, Сафиуддин Урмавий, Қутбиддин Шеърозий, Абдулқодир Мароғий, Абдураҳмон Жомий, Нажмиддий Кавкабий, Дарвеш али Чангий каби мусиқа назариётчилари улкан ҳисса қўшганлар. Мақомларни тартиблашда, муайян тизимга тушуришда Урмавий ва Шерозийларнинг  (XIII-XIV аср) хизматлари, айниқса, 12 мақом туркуми Яқин ва Ўрта Шарқ Озарбайжон халқлари мусиқа маданияти энг тараққий этган даври мусиқа илмида ва амалиётда қўлланиб келинганлиги ҳақида маълумотлар қимматлидир.

XX асрда мақомчилик санъати ривожланиб, етук созанда-ю хонандалар ва бастакорлар ижоди ва репертуарларидан ўрин олди. Улар замонавий нота ёзувлари орқали тўпламлар сифатида нашр этилди, уларни назарий ва амалий ўзлаштириш ишлари амалга ошди. 1923 йили Бухорода “Шашмақом” рус композитори ва фольклоршунос олими В.А.Успенский томонидан атоқли мақомдон-устозлар Ота Жалол Носиров ва  Ота Ғиёс Абдуғанилардан ёзиб олинди ва тарихда биринчи бор. 1924 йили “Олти мусиқали поэма (Шашмақом)”  номи билан Москвада чоп этилди. 30- йиллари В.Успенский ва В.Беляевлар “Фарғона-Тошкент мақом йўллари”, Е.Романовская “Хоразм мақомларининг чолғу йўллари”ни нотага олиб, нашр этишди.

1950-61- йиллари “Шашмақом” тўлиқ равишда 5 жилдлик тўплам сифатида Б.Файзуллаев, Ш.Соҳибов ва Ф.Шаҳобовлар ёзувларида (В.Беляев таҳририда) Москвада нашр қилинди (тожик ва рус тилида). 1959 йилда “Шашмақом” Юнус Ражабий ёзувида ўзбек тилида “Ўзбек халқ мусиқаси” антологиясининг V жилдида (И.Акбаров таҳрири остида) чоп этилди.

“Хоразм мақомлари” Матниёз Юсупов ёзувида “Ўзбек халқ мусиқаси” антологиясининг VI жилдида нашрдан чиқди (1958). 1966-1975- йилларда Юнус Ражабий томонидан қайта тайёрланган ва тўлдирилган “Шашмақом” номли олти жилддан иборат тўплам (Ф.Кароматов таҳрири остида); “Хоразм мақомлари” эса 1978-1991-йилларда Матниёз Юсупов томонидан (И.Акбаров таҳрири остида) қайта ташрга тайёрланиб, уч жилдлик бешта китобдан иборат тўплам сифатида чоп этилди. Кейинги йилларда мақомларни нотага олиш борасида ишлар жадаллаштирилди, жумладан, Бухоро “Шашмақоми”нинг бўлим ва қисмларини ёзиб олишда Ари (Ариел) Бобохонов, Сулаймон Тахалов, Рахматулла Иноятовлар, (А.Бобоев ёзувида Шашмақом Берлин, 2010) “Хоразм мақомлари” танбур чизиғи орқали ёзиб олинган вариантларини бевосита мақом амалиёти билан қиёслаб ўрганишда хоразмлик созанда Озод Бобоназаровнинг хизмати катта бўлди.

Янги топилган “Хоразм нусхаси” устида Ўзбекистон давлат консерватория илмий марказида Отаназар Матёқубов ҳам Урганч давлат университетида Ботир Раҳимов раҳбарлигида бир қанча мақомчилар – Рустам Болтаев, Самандар Ҳудойберганов, Матрасул Матёқубовлар илмий-ижодий изланишларини бошлаганлар ва янги нота ёзувлари орқали нашр этилди. (Ўзбек нотаси, 2007).

Мақомларни илмий тарихий ва назарий ўрганиш ишлари ҳам XX асрнинг  20- йилларида бирин-кетин шаклланди. Мулла Бекжон Раҳмон ўғли (Бекжон Раҳматов) ва Муҳаммад Юсуф Девонзода (Матюсуф Харатов)ларнинг “Хоразм мусиқий тарихчиси” (1925 йил, араб алифбосида), В.А.Успенскийнинг “Ўзбекларнинг классик мусиқаси” (1927), Абдурауф Фитратнинг “Ўзбек классик мусиқаси ва унинг тарихи” (1927-йил, араб алифбосида), Ғулом Зафарийнинг ўзбек мусиқасига оид мақолалари ва “Фарғона-Тошкент устозларининг шажараси” (“Аланга” журнали, 1931 йил, №1), Чўлпон мақолалари, Н.Мироновнинг “Ўзбеклар мусиқаси” ва “Ўзбеклар ва бошқа Ўрта Осиё халқларининг мусиқа маданияти ҳақида бошқа Ўрта Осиё халқларининг мусиқа маданияти ҳақида очерклар”   (1931-йил) номли китоблар мусиқашунослик ва мақомшунослик тарихида янги бурилишнинг юзага келганлигидан далолат беради.

XX асрнинг 50-60-йилларида мақомчилик санъатини илмий ва амалий ўзлаштирилишида катта ижобий ўзгаришлар юз берди – бу борада Юнус Ражабий, Матниёз Юсуповларнинг мақом ёзувлари нашр этилди ва 1963 йилда Исҳоқ Ражабовнинг “Мақомлар масаласига доир” китоби соҳа илмига янгича асос солувчи дастлабки тадқиқотлардан бири бўлди. Китобда Ўрта аср мусиқий рисолаларида шарҳ этилган назарий масалалар билан мақомларнинг шаклланиш ва ривожланиш жараёни, “Шашмақом” ва бошқа мақом туркумлари тузилиши, ички қонунлари ва ижрочилик асослари батафсил тадқиқ этилди. 70-80-йилларда мақомлар ва умуман, ўзбек анъанавий мусиқасига бўлган эътибор оша бошлади: Ўзбекистон давлат консерваториясида “Шарқ мусиқаси” кафедраси очилиши (1972), мақом ижрочилари танловларининг ўтказилиши (1983), ҳалқаро миқёсида йирик илмий анжуманлар ўтказилиши (Тошкент, 1975; Самарқанд, 1978, 1983, 1987); мақомчилик соҳасида тадқиқот мавзуларининг кенгайиши (Ф.Кароматов, Т.Визго, Т.Ғофирбеков, О.Матёқубов, А.Жумаев, Р.Юнусов, Р.Султонова, Ю.Плахов, О.Иброхимов ва бошқалар.), мақомларнинг назарий масалалари, маҳаллий-локал услублари ва ўзаро минтақавий муносабатлари, “Шашмақом”,  Хоразм мақомлари, Фарғона-Тошкент мақомлари ички қонуниятлари (куй, лад, ритм, шакл, усул ва х.к) ва ижрочилик услублари илмий китоблар ва мақомларда ўз аксини топди. Мустақиллик даври мақомчилар санъатида, уни илмий ва амалий ўзлаштирилишига эътибор яна кучайди. Биргина анъанавий мусиқа соҳасида “Шарқ тароналари” Халқаро мусиқа фестивалининг ўтказилиши (Самарқанд, 1997-йилдан бошлаб ҳар икки йилда), мақом ижрочилари ва мақом ансамбллари танловлари (Тошкент, 1991, 1995, 1999, 2004), ҳаваскор мақом ансамбллари (Шаҳрисабз, 1995;Марғилон, 2004;Урганч, 2006) кўрик-танловлари; йирик илмий-амалий анжуманлар, янги нашрлар, И,Ражабовнинг “Мақом асослари” (T.,1992), Р.Юнусовнинг “Мақомлар ва муғомлар” (T.,1992), О.Иброҳимовнинг “Мақом ва макон” (T.,1996), Р.Султонованинг “Шашмақом ашула қисмларининг ритмикаси” (T.,1998), О.Матёқубовнинг “Мақомот” (T.,2004), О.Иброхимовнинг “Фарғона-Тошкент мақомлари” (T., 2006), “Шашмақом сабоқлари” мақомлар тўплами (T.,2005) ва бошқа нашрлар маънавий ислоҳотлар йўлида қўйилаётган улкан одимлар эканлигининг исботларидир. 2007 йили Исоқ Ражабовнинг “Мақомлар” номли йирик рисоласи YUNESKO томонидан нашр этилди. Ўтмишда анъанавий “устоз-шогирд” услуби бўйича мақомчилик санъати ўзлаштирилиб келинган бўлса, XX асрдан бошлаб, мусиқа таълим муассасаларида анъанавий ижрочилик, жумладан мақомчилик санъати услублари ўзлаштирилиб, юзлаб иқтидорли ёш мақом ижрочилари кашф этилмоқда. 2003 йил ноябрь ойида “Шашмақом” YUNESKO томонидан “Инсониятнинг оғзаки ва номоддий маданий маданий мероси дурдонаси” деб, тан олинди. 2008 йили умумжаҳон Репрезентатив рўйхатига киритилди ва ушбу ноёб халқимиз хазинаси нафақат сақлаш ва ҳимоя қилиш, балки янада ривожланиши ва юксалишига олиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 ноябрдаги «Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3391 сонли қарорига биноан ўзбек халқи маданий меросининг ажралмас қисми бўлган миллий мақом санъати ўзининг қадимий тарихи, теран фалсафий илдизларини ўрганиш бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш ва тарғиб қилиш, мақом санъатини кўп асрлик ижро йўлларини пухта ўзлаштириб, уларни янгича усуллар билан бойитиб, ёш авлод вакилларига ўргатиш мақсадларига қаратилмоқда.