Тошкент ш. Яшнобод т. Махтумқули к. 49 уй
+998 (71) 286-31-77 , +998 (71) 286-30-91

Комилжон Отаниёзов

Ибратли умр

(Комилжон Отаниёзов ҳаёти ва ижодий фаолияти)

Хоразм воҳасида таваллуд топиб, мусиқа санъатининг устозлари оғўшида, тарбиясида вояга етган, сирли овоз эгаси, сеҳрли садолар таратишга қодир инсон Комилжон Отаниёзов ўзининг ҳаёти ва фаолияти билан халқ эъзозига айланган санъаткорлардан бирига айланган. У ўзбек мусиқа санъати ижодиёти ва ижрочилиги тарихидан алоҳида саҳифа сифатида ўрин олишга муяссар бўлган ижодкордир.

Комилжон Отаниёзов аввало ноёб истеъдод эгаси эди. Ҳаёти эса даврининг энг моҳир санъат намояндалари даврасида ўтди. Мусиқа санъатининг халқона ва мумтоз йўналишларини сиру-синоатларини ўрганиб,  уларни мукаммал талқинига эришди. Халқимизнинг қадриятлари негизидаги анъаналар унинг ижодида янгича сайқал топди. Ҳаёти, одоби, ижоди ва ижроси билан эл орасида қадр топди.

Комилжон Отаниёзов халқ ва мумтоз мусиқа ижодиёти ва ижрочилигида эришган самараларини тўрт жараён билан изоҳлаш мумкин. Ноёб истеъдод соҳибини ёшлик чоғларидан бошлаб замонасининг устозлари ижросидаги бетакрор достонлар, хоразм мусиқасининг сирли оҳанглари, сержило қўшиқлари, сувора-ю нақшлари,  мақомлари уни ўзига мафтун этиб бўлган эди. Фаолияти давомида ҳам ана шу мусиқанинг сирларини англаш ва уларга ижодий муносабатда бўлиб, сеҳрли садолантириш унинг ижодининг мазмунига айланди ва фаолият сарҳатларини белгилаб берди.

У замонасининг устозлари Жумалоқ бахши, Маткарим Абдураҳмонов, Мадраҳим (Шерозий) Ёқубов, Қурбонназар Абдуллаев (Бола бахши)ларга эргашиб халқ қўшиқ ва достон йўлларини ижро этишни ўрганди.Чиройли овозда жозибали куйлаши билан тингловчилар назарига тушди. “Гўрўғли” туркумидаги достонларни, “Юсуф ва Аҳмад” қиссасини “Бозоргон”, “Саёдхон ва Ҳамро”, “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам” каби достонларни ўзлаштириб ижро этади.  “Етти йилга кетган ёрим”, “Душимда бир бублбул кўрдим”, “Раънони кўрдим”, “Намасан”, “Устозингдан айрилма” каби достон парчаларининг ижроси билан халқ назарига тушди. Достонларнинг ижросига ижодий муносабатда бўлишдан, аввало ўз ижро услуби шаклланса, иккинчидан бастакорлик амаллари ниш ура бошлади. Бу Комилжон Отаниёзовнинг ижодига характерли хусусиятларнинг шаклланиши эди.  “Найлайин”, “На бўлди ёрим келамади”, “Айрилмасин нигоридан”, “Отлан”, “Хуш қол энди”, “Оғанг келар мард бўлиб”, “Хайр энди” каби қўшиқлар илк бастакорлик намуналаридир. Достонлар таъсирида ва заминида у “Кел, ёр, ўйланма-ўйланма”, “Гулдаста”, “Ишқинг ўтида девона бўлдим”, “Керакмас” каби мусиқий намуналарни ижод этиб ижро этади.

Хорази воҳасининг сўнмас оҳанглари мужассам этилган суворалар Комилжон Отаниёзовнинг ижодида алоҳида урин эгаллайди. Даврининг улкан санъаткори Ҳожихон Болтаев раҳнамолигида сувораларнинг асл моҳияти, оҳанг жозибаси, уларни ижродаги сиру-синоатларини ушлаштиради.  “Якпарда Сувора”, “Хуш парда сувора”, “Кажҳанг Сувора”, “Чапандози Сувора”ларнинг қунт билан ўрганиб гўзал талқинига эришади. Ўзининг суворахонлик амалиётининг юқори чўққисига етган палласида хоразм сувораларига бўлган ижодий муносабати намоён бўлади. У сувора ижодиёти анъаналарини давом эттирган ҳолда, устозлар сабоғини мукаммал ўзлаштириб ўзининг ижро услубига хос қилиб бир намуна, яъни ўз “Сувора”сини яратади. Ижрочилик амалиётига бу асар “Сувораи Комил” номи билан кириб келди ва халқимиз орасида кенг тарқалди.

Комилжон Отаниёзовнинг ўзбек мусиқа санъатида амалга оширган амалларидан бири, Хоразм ижрочилик услубини бутун республика воҳаларида кенг оммалашишига қўшган ҳиссасидир. У Фарғона-Тошкент ижрочилик анъаналари ижодиётида “Суворийхонлик”, “Сувора ижодиёти”ни хонанда ва созандалар ҳамда ижодкорлар орасида кенг оммалишига замин яратиб беради. Оқибатда, мусиқа ижодиётида Фарғона суворалари, Тошкент суворалари каби асарлар мусиқий меросимизнинг сарҳатларидан жой олади.

Хоразм мақомларига бўлган муносабати ҳам ижоди ва ижрочилик фаолиятининг чўққисига айланди. Хоразм мақомларининг билимдони, ўз даврининг забардаст санъаткори Матпано ота Худойберганов раҳнамолигида хоразм мақомларини ўзлаштиради.

Комилжон Отаниёзов мусиқа ижодкорлигида Саъдий, Ҳофиз Шерозий, Навоий, Огаҳий, Машраб, Фузулий каби улуғ шоирларнинг шеър ва ғазаллари, Махтумқули ва Мулланафас каби буюкларнинг ҳикматларига асосланди. Ўзининг фаолияти давомида “Салом ҳинд халқига!”, “Муборак”, “Салом сенга Хоразмдан”, “Олқиш”, “Азиз Ватаним”, “Муборак тўй, муборак”,  “Айрилмасин нигоримдан”, “Найлайин”, “Олма юзли нигорим” каби 100 дан ортиқ куй ва қўшиқлар яратишга эришди. Шоирликда ҳам халқимизга теран мазмунли мерос қолдирди. Аввалига “Комий” кейинчалик “Комил” тахаллусида шеърлар битиб халқимизга инъом этишга муяссар бўлди.

Комилжон Отаниёзовнинг созанда ва хонандаликда беназир устоз даражасига етганлиги унинг мактабининг давомчилари, яъни шогирдларидан кўриниб турибди. У бу соҳада ҳам халқимизга ўрнак даражасида хизмат қилган буюк санаткордир. Устозга эргашган шогирдларининг саноғи бўлмаган. Коммуна Исмоилова, Отажон Худойшукуров, Шариф Султонов, Олмахон Ҳайитова, Раҳматжон Қурбонов… бу рўйхатни кўп давом эттириш мумкин. Зеро, Комилжон Отаниёзовнинг устозлик жиҳатлари – мусиқа ижрочилигидаги мукаммаллиги, оилада ва дўстларга меҳрибонлиги, шогирдларга жонкуярлиги, санъатда забардастлиги олийҳимматлилиги  доимо ибратли даражада, ўз аксини топган.