Тошкент ш. Яшнобод т. Махтумқули к. 49 уй
+998 (71) 286-31-77 , +998 (71) 286-30-91

Леви Бобохонов

Леви Бобохонов

(1873-1926й. Бухоро-Самарқанд)

Бухоронинг энг буюк ҳофизларидан бири. Отаси Бобохон Ошма асосан бўёқчилик билан шуғулланган. Шу билан бир қаторда маҳалла куйда дастёрлик важидан рўзғор тебратган. Тўй–томошоларда ходимчилик қилиб, кўнгилочар термаларни айтиб юришга ҳам тўғри келган. Отанинг ёнида унга ёрдам бериб юрган Леви ёшлигидан Бухоронинг тўй муҳити, унинг шодлик куй ва қўшиқларини яхши ўзлаштириб олди. Баъзан эса ўзи ҳам доира чалиб “бухорча” тоифасидаги ашулаларни қўшилиб айтадиган бўлди.

Леви меҳнат фаолиятини жуда ёш бошлади. Болалигидан отасининг ёнида юриб ашулачилик қилди. Бухоро ва унинг атрофидаги тўй-маъракаларда қатнашиб, ҳаётий ва ўз ихтисослиги бўйича тажриба орттирди. Ана шундай сафарлардан бирида Чоржўйда тўй ҳизматида унга шаҳар ҳокимининг назари тушиб қолади. Кейинчалик ҳоким тавсияси билан у Ҳожихон исмли ҳофизга шогирд бўлиб тайинланади. Деярли бир йилча Чоржўйда тургандан сўнг Левича Бухорога келади. Тез орада ёш ҳофизнинг довруғи Амир Абдуллахон қулоғига етиб боради ва уни саройга даъват этиб, Ота Жалол тарбиясига топширади. Қисқа муддат ичида Шашмақом асосларини ўзлаштиришда ҳофиз катта муваффақиятларни қўлга киритди. Натижада у нафақат рикобий сарой ҳофизи, балки ратифахўр (махсус маош белгиланган) санъаткор сифатида эътироф этилди. Ратифахўрлик мартабаси одатга кўра махсус сарой ходими-удайчи томонидан расман эълон этилган.

Кекса санъаткорларнинг ҳикоя қилишларича, Амир Абдуллахон чоршанба кунлари ўз яқинлари даврасида Левича ижросида Шашмақом эшитар экан. Соз пайтида ҳофиз дока парда орқасида ўтириб ижро этиш лозим бўлган. Подшоҳлар олдида ҳофиз ва созандаларни дока парда орқасига бекитиш жуда қадимий одат ҳисобланади. Бу анъана ҳатто подшо Хусрав Парвиз ва созанда Борбад замонларида ҳам маълум бўлган.

Левича санъатини Амир Олимхон ҳам яхши кўрган. Олимхон ёшлигида махсус мусиқий тарбия кўрган ҳамда дутор, танбур чалишни ёқтирган. Шинавандалар даврасида Шашмақом тинглаш унинг энг яхши кўрган машғулотларидан бири бўлган. Ҳофиз Левичани эса Амир доим ўз ёнида олиб юрган. Олимхоннинг Левичага муносабати шу қадар яқин бўлганки, унга амир билан бирга ош, палов пишириш ва ҳамсуҳбат бўлишга ижозат этилган.

Риганинг “Пишущий Амур” (Овоз таратувчи “муҳаббат парилари”) Левичанинг ижроларини граммофон пластинкаларига тушириш учун ижозат сўраб Амирга мурожат қилган. Халқ орасида тарқалган гап сўзларга қараганда, сарой ҳофизининг овозини пластинкаларга ёзиб, кенг оммага тарқатилишига Амир унча рози бўлмаган. Бунинг асосий сабаби, шеърий матнларда илоҳий маъноларга алоқадор сўзлар битилган, куй ва оҳангларда муқаддас туйғулар изҳор этилган, умуман олганда хос мўътабар Шашмақом санъатини оёқ ости қилмаслик ниятлари бўлган. Анча музокаралар олиб борилгандан сўнг, Бухородан ташқарида, янги шаҳар (ҳозирги Когон)да рус подшоҳининг қароргоҳида мусиқий ёзув ишларини амалга оширишга келишиб олинган.

1909 йил август ойида Левича танбур, укаси Йов доира чалиб айтган Шашмақом йўллари граммофонга ёзиб олинган. Бу ижродаги асарларнинг тўла ва илмий танқидий рўйхати ҳалигача тузилган эмас. Ҳозиргача маълум пластинкалар қуйидагилар:

1 Қашқарчаи Сарвиноз 8. Сарвиноз
2. Турки Қашқарчаи Сарвиноз 9. Талқини Ушшоқ
3. Талқини Уззол 10. Насри Ушшоқ
4. Мўғулчаи Сегоҳ 11. Наврўзи Сабо
5. Талқини Мўғулчаи Сегоҳ 12. Талқини Сабо
6. Уфори Мўғулчаи Сегоҳ 13. Уфори Талқини Сабо
7. Мўғулчаи Бузрук

Левичанинг овоз кўлами (диапазони) жуда ноёб бўлган. У танбурнинг энг паст пардаси (катта октава “соль”дан) то хас (чўп) пардаларнинг охири, харракнинг тагидан чиқадиган товушлар (иккинчи октава “Ре”) миқёсида ашула айтган. Демак унинг овози “Лирик–драматик тенор”дир. Бундай дейишимизга сабаб, унда лирик ва драматик тусларнинг жамланганлигини эшитамиз. Овоздаги қуюқлик ва салобатлилик билан бирга эгилувчанлик ҳамда юмшоқлик хислатлари сезилади.

Ҳофизлар одатда атиб юрган ғазалларини тартиблаштириш мақсадида уларни дафтарларга ёзиб ёнларида олиб юрганлар. Бундай ён дафтарчалар “дастак” дейилган. Ҳофиз хатга қараб шеърнинг дастлабки мисраларини кўриши биланоқ қолган байтлари ёддан қуйилиб келаверади. Ана шундай истеъмолда бўлган учта дастак ҳофиздан авлодларига мерос қолган.

Левича ижодининг яна бир муҳим қирраси катта-кичик давраларда тингловчи ким бўлишидан қатъи назар бутун вужуди билан берилиб, бор кучини сафарбар қилиб ашула айтиш бўлган. Кўпинча у даврага чиққанда бир-икки ашуладан кейин ўзлигини тарк этиб, руҳий ҳолатга тушиб олар экан. Илхоми келганда гўзал авжлар, ғазалронийлар битиб шинавандаларни ошуфтаҳол этиб, ўзлигини тарк эттириб важд (экстаз) ҳолатига туширган. Авжи Турк, Зебо Пари, Мухайяр авжларини шундай юқори пардаларда айтар эканки, муҳлислар у ҳақда узоқ гапириб завқланиб юришган. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Левичанинг жўшқин ижоди асл Шашмақом, яъни хослар даврасида, сарой муҳитида жорий этиладиган мақом тарихида ўзига хос ёрқин саҳифага айланган.