Тошкент ш. Яшнобод т. Махтумқули к. 49 уй
+998 (71) 286-31-77 , +998 (71) 286-30-91

ЎЗБEК МАҚОМИ ВА ОЗАРБАЙЖОН МУҒОМИНИНГ МАДАНИЙ РИВОЖИ

Маълумки, мусиқа санъатининг ажралмас бўлаги ҳисобланувчи ижрочилик анъаналари дурдона ижод намуналарини авлоддан-авлодга ўтиб келишига хизмат қилади. Бу албатта, ота-боболар амалиётида шаклланиб, ривожланган, замон талаби билан янгича бадиий мазмун касб этишувчи бебаҳо жонли жараёндир.

Ҳозирги кунда мумтоз мусиқа ижрочилигимиз шиддат билан ривожланаётганлигини кузатишимиз мумкин. Ҳар бир замонда бўлгани каби бизнинг даврда ҳам мусиқа ижрочилиги замонавий руҳ билан уйғунлашиб бормоқда. Мақомларни амалий ўзлаштириш, тарғиб этиш ва янги намуналарни яратишда билимли ижрочилик мезони муҳим аҳамият касб этиб келган. Мазкур жараён мумтоз мусиқа меросининг амалиётда мавжуд шаклларига таяниб қолмасдан, балки мумтоз ижрочилик анъаналарини ўзида жамлаган беқиёс, янги-янги намуналарини юзага чиқариши билан ҳам ўзига хосдир. Шу сабабли, мусиқашунослик тармоқлари ҳисобланувчи мусиқий шарқшунослик, мақомшунослик ва мусиқий манбашунослик мусиқа илми ҳамда амалиётини атрофлича ўрганиш ва биринчи галда, мусиқий қонуниятлар кесимида тадқиқ этишга катта эътибор беради.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023-йил 30-августдги “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш ва соҳа вакиллари фаолиятини қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида”ги ПҚ-289 қарори ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 15-21 март кунлари Ўзбек миллий мақом санъати маркази Юнус Ражабий номидаги “Мақом” ансамбли ходимлари Озарбайжон Республикасига хизмат сафари билан ташриф буюришди. Ушбу сафар доирасида икки қардош халқ вакиллари, хусусан, Озарбайжон Муғом маркази раҳбари Соҳиб Пошшазода имзолаган ҳамкорлик шартномаси маданий алоқаларимизнинг янада кучайтирилишига хизмат қилади.

Сафар доирасида бир неча концерт дастурлари ташкил қилиниб Озарбайжон халқига ҳавола этилди. Ташкил қилинган концерт дастурларида санъат ихлосмандлари қаторида мусиқашунос олимлар ҳам иштирок этди. 17-март куни Ҳайдар Алиев саройида Юнус Ражабий номидаги мақом ансамбли созандалари томонидан юқори савиядаги концерт дастури намойиш этилиб, у ўзбек миллий чолғу ижрочилиги асбоблари ранг-баранглиги ва жозибасини намоён этиш учун катта имконият бўлди десак муболаға бўлмайди. Шундан келиб чиқиб айнан мана шундай тадбирлар ўзбек чолғу ижрочилик санъати тарғиботига замин бўлади.

Бундан ташқари 19-март мазкур муҳташам Ҳайдар Алиев саройида, Ўзбек миллий мақом санъати маркази Юнус Ражабий номидаги мақом ансамблининг концерт дастури ҳам бўлиб ўтди.

Ушбу концерт дастурида байрам олди дилтортар куй-қўшиқлар ижро этилиб, Озарбайжон халқида ўзбек миллий мақомига бўлган эътиборни янада кучайтирди. Концерт дастури давомида юртдошларимиз ўзининг чиқишлари, гўзал либослари билан томошабинлар қалбидан чуқур жой эгаллади. Хусусан мазкур концертда Юнус Ражабий номидаги мақом ансамбли раҳбари, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати фахрий профессори Абдуҳошим Исмоиловнинг чиқиши томошабинларнинг алоҳида эътирофига сазовор бўлди.

Гулзирахон Аблат,

Мақом маркази катта илмий ходими