Тошкент ш. Яшнобод т. Махтумқули к. 49 уй
+998 (71) 286-31-77 , +998 (71) 286-30-91

Ўзбек миллий мақом санъати маркази Юнус Ражабий номидаги “Мақом” ансамблининг Тожикистон Республикасига  ижодий сафари

Ўзбек ва тожик халқлари кўп асрлик дўстлик ришталари билан чамбарчас боғланганлиги сир эмас. Бизни умумий тарих, маданий ва маънавий қадриятлар, анъана ва урф-одатлар бирлаштириб туради. 2024 йилнинг апрел ойида бўлиб ўтган  Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳамда Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон учрашуви икки халқ ўртасидаги ўзаро дўстлик, меҳр-оқибат, давлатлараро муносабатлар, иттифоқчилик даражасини янги босқичга олиб чиқди.

Тожикистон Республикасида бўлиб ўтган «Ўзбекистон маданияти кунлари» катта тантаналар билан  ташкиллаштирилди. Ушбу муҳим тадбирга Ўзбек миллий мақом санъати марказининг Юнус Ражабий номидаги “Мақом” ансамбли ҳам ташриф буюрди.

Душанбе шаҳридaги «Кохи Борбад» концерт саройида ўтказилган ўзбек ва тожик санъати усталари ҳамда ёш ижодкорларнинг қўшма дўстлик концертида “Мақом” ансамблимизнинг кучли репертуарини намоён қилди. Ушбу маданий тадбирга Ўзбекистон ва Тожикистон Президентлари ҳам  ташриф буюрдилар.

Шунингдек, Тожикистон Республикасининг муҳташам “Кохи Борбад” давлат концерт саройида бўлиб ўтган Юнус Ражабий номидаги “Мақом” ансамблининг концерт дастурида икки давлатнинг миллий ва замонавий мусиқа санъати намуналари, мамлакатлар ўртасида дўстлик ришталари янада тараннум этилди. Мазкур концерт оқшомида, айниқса, ансамбл бадиий раҳбари, Ўзбекистон халқ артисти Абдулхошим Исмоилов басталаган бир қанча асарларидан намуналар ижро этилди. Ансамблимиз яккахон хонандалари  ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулбахор Эрқулованинг чиқишларини халқ олқишлар билан кутиб олди ва  минглаб қалбларни ларзага солди. Мазкур концерт дастури  Тожикистон Республикаси ҳамда мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари  томонидан кенг ёритилди.

Келажакда бу каби концерт дастурлари давом этишига ҳамда ўзаро дўстлик алоқалари янада ривожланишига ишонамиз.

Г.Файзуллаева, Г.Аблат
Ўзбек миллий мақом санъати маркази ходимлари