Тошкент ш. Яшнобод т. Махтумқули к. 49 уй
+998 (71) 286-31-77 , +998 (71) 286-30-91

ЭЗГУЛИККА БАҲШИДА УМР

ЭЗГУЛИККА БАҲШИДА УМР

(Бастакор Ғуломжон Ҳожиқулов ҳаёти ва ижодий фаолияти) 

Ғуломжон Ҳожиқулов 1928 йили Андижон вилоятининг Хўжаобод тумани, Булоқбоши қишлоғида оддий деҳқон оиласида таваллуд топади.

1942 йили Ғуломжон Ҳожиқулов Янгийўл шаҳрида ташкил этилган ўзбек театри жамоасига таклиф этилади ва ўз замонасининг энг йирик таниқли санъаткорлари даврасига келиб қўшилади. У – Комилжон Жабборов, Юнус Ражабий, Саиджон Калонов, Мухторжон Муртазоев, Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов каби бир қатор устоз санъаткорлар билан ишлаб уларнинг тарбиясини олишга муваффақ бўлади.

Янги йўлдаги фаолиятда Комилжон Жабборов Ғуломжон Ҳожиқуловга ғижжак ижросининг энг нозик томонларини, чолғуни бутун вужуди билан сезишни, унга эҳтиром билан қарашни ўргата бошлади.

У устозларнинг сабоғини олиб 1945 йилда ўз қишлоғига қайтади. Аввалига янги ташкил этилган колхоз-совхоз театр жамоасида, ва Андижоннинг Навоий боғида ташкил этилган ансамблда созанда ва мусиқа раҳбари бўлиб ишлаб жамоасига бошчилик қилиб фаолият кўрсата бошлайди. 1949 йили Аббос Бакиров ва Ваҳоб Азимовларни таклифларига биноан Андижондаги Й.Охунбобоев номидаги вилоят мусиқали драма ва комедия театрининг созандалар ансамблига мусиқачи бўлиб ишга қабул қилинади.

Ғуломжон Ҳожиқулов 1946 йили ўз юрти Андижонга қайтгандан сўнг ансамблда оддий созанда, кейин ансамбль раҳбари лавозимида фаолият кўрсата бошлайди. Устознинг Андижон театридаги иш фаолияти унинг аввало моҳир созанда бўлиб етишишида, қолаверса ижодиётга қадам қўйишида жуда катта аҳамият касб этди. У театрда саҳналаштирилаётган ҳар бир спектаклга зарур бўлган ва мос мусиқий намуналарни танлашда, созанда ва хонандаларга ўргатишда ўз билими ва устозлардан олган сабоғини намойиш этишга муваффақ бўлади. Айниқса, унинг бастакорлик ижодини бошланиши ижодий жамоа учун ҳам улкан қулайликларни яратди.

Театр саҳнасига тегишли асарларини янгитдан ишлаш, ёки халқ куй ва қўшиқларини саҳнавий асарларга мослаштириш амали Ғуломжон Ҳожиқуловга Янгийўл театрида жамога бадиий раҳбарлик қилган ва ўргатган устоз Тўхтасин Жалиловдан маълум эди. Устозни ижодидан хабардор бўлган, энг муҳими мусиқани қайта ишлаш сирларини кўрган ва ўрганган ёш бастакор, вазият тақазо этганда бу ишга қўл уради.

Уста Андижон мусиқали драма ва комедия театрида ҳозиргача муваффақиятли фаолиятини давом эттириб келмоқда. 1990 йиллардан театрнинг бош дирижёри самарали ижоди, беназир меҳнатлари, жонажон ансамбли ва фидоий шогирдлар унга доимо ҳамроҳ.

1998 йили бастакор Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Андижон давлат университетига ишга таклиф этилади.

Ғ.Ҳожиқулов университет талабалари билан жуда самарали иш олиб боради. Ўтган 5-6 йил давомида талабаларга «Бузрук» мақомининг 8 қисмини «Мискин» ва «Наврўзи Ажам» каби Фарғона-Тошкент мақом чолғу йўлларига тегишли туркумларни ўргатади. Талабаларнинг кучи билан Хуршид либреттоси асосидаги «Лайли ва Мажнун» спектаклини саҳналаштиришга муваффақ бўлади.

Устоз-санъаткор Ғуломжон Ҳожиқуловнинг меҳнатлари, санъатимиз ривожидаги қўшган ҳиссаси ҳукуматимиз томонидан муносиб тақдирланган. 1970 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист», 1988 йили эса «Ўзбекистон халқ артисти» фахрий унвонлари, 1999 йили «Эл-юрт ҳурмати» ордени, 2001 йили Ўзбекистон Республикаси «Мустақиллигининг 10 йиллиги» медаллари билан тақдирланди.

Дарҳақиқат, Ғуломжон Ҳожиқулов ўзбек мусиқаси ривожига самарали ҳисса қўшган санъаткорлардан биридир. Унинг ижодий услуби ўзида миллий мусиқа анъаналарининг энг илғор жиҳатларини мужассам этган. Бу анъаналарни эса ўз устозлари – етук созанда, хонанда ва бастакорлардан бекаму-кўст ўзлаштириб, замонавий мусиқа ижодиётида созанда, хонанда, бастакор ва устоз-мураббий сифатида меҳнат қилиб замонамизга ҳамоҳанг мусиқа дурдоналарини ижод этишга эришиб келмоқда. Устоз айни кучга ва тафаккурга тўлган ёшдалар. Ўзбек анъанавий мусиқа санъатининг устунлари, дарғаларидан бири сифатида эъзозда десак адашмаймиз. Зеро Ғуломжон Ҳожиқулов каби ўтмиш анъаналарини ўз амалиётида кечиб, устозлар сабоғини олиб, ўз ижролари орқали маҳоратини мустаҳкамлаган устоз санъаткорлар бармоқ билан саноқлидир. Бундай билимдан, устозларнинг билимидан баҳраманд бўлиш, ўқиб-ўрганиш келажакнинг заминидир.