Тошкент ш. Яшнобод т. Махтумқули к. 49 уй
+998 (71) 286-31-77 , +998 (71) 286-30-91

Марғилоннинг асл фарзанди

Марғилоннинг асл фарзанди

(Маъмуржон Узоқов ҳаёти ва ижодий фаолияти)

Гўзал овози, мазмундор хонишлари ва донғи билан танилган ҳофизларнинг аксарияти Марғилон юрти билан боғлиқлиги сир эмас. Ашурали Махрам, Каримбек Ҳожи, Валихон Тўра, Абдумавлон, Оппоқхўжа, Ортиқ хофиз, Ота хўжа (уста Мажид), Уста Масаид, Тешабой соз, Уста Олимхон, Жўрахон, Парпи Эшон, Ахрор қори, Пўлат Ҳожи, Асқар соқов, Дадахўжа (Урсоз), Мадали Хожи, Нурмат Тешабой чанг, Болтабой Ражаб, Юсуфжон Қизиқ, Ҳамроқул Қори, Маматбува Сатторов, Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов, каби санъати билан дилларда достон бўлган санъат усталари, айнан Марғилон заминда туғилиб, вояга етган забардаст Ҳофизлардир. Маъмуржон Узоқов анашу беназир устозлар давомчиси бўлиш билан бирга ҳофиз ва хонандаларнинг янги авлодини йўлбошчиси сифатида тирих зарварақларида муҳрланган ХХ асрнинг бетакрор устоз санъаткори, Ўзбекистон халқ ҳофизидир.

Маъмуржон Узоқов 1904 йилда Марғилоннинг машҳур Машҳад маҳалласида, Узоқжон ака хонадонида таваллуд топган. Болалик чоғидан Маъмуржон қўнғироқдек беғубор овози билан назарга тушган. Аввалига  Ҳасан Қори тарбиясида сўнгра закийлар санъатининг етук намояндалари Юсуфжон Қизиқ Шакаржонов ва унинг сафдошлари Худойберган Ҳофиз, Жўрахон Султонов билан танишади ва санъати сирларини ўрганади.

1928 йилда Маъмуржон Узоқов ўзининг устози Жўрахон Султоновнинг таклифига кўра Марғилондаги мусиқали драма театрига ишга киради ва деярли 30 йилдан ортиқ, давр Маъмуржон ака устози Жўрахон Султонов билан бирга юриб, мумтоз мусиқа мероси намуналари, ижрочилик анъаналари ва ижодиётнинг сирли оламидан баҳраманд бўлади.

1939 йили Маъмуржон акани устози билан бирга меҳнатлари муносиб баҳоланиб, ҳар икки санъаткор «Ўзбекистон халқ ҳофизи» фахрий унвонига сазовор бўладилар.

Маъмуржон Узоқовнинг ижро репертуари жуда ранг – баранг, устозлардан ўрганган яллалардан токи мақом намуналаргача муносиб ўрин олган. «Ёввойи Тановор», «Чаман ялла», «+аландар», «Ушшоқи Содирхон», «Дилхирож», «Қурбон қайтарма», «Баёт», «Дугоҳ Ҳусайний», «Бухоро Ироқи», «Сегоҳ», «Ёввойи Чаргоҳ», «Шаҳноз» каби ашулалар шулар жумласидандир.

Маъмуржон Узоқов ўзининг бетакрор довудий овози билан устозларидан ўрганган Фарғона водийсининг катта ашула йўллўрини, мақом йўлларини бутун дунёга машҳур қилишида самарали фаолият кўрсатган.

Маъмуржон Узоқов ўз даврининг машҳур бастакори Муҳаммаджон Мирзаев билан ҳам бирга ижодий ҳамкорлик қилади. Бастакорнинг «Якка бу фарғонада» (Муқимий) «Бир келиб кетсун» (Ҳамза), Фурқат ғазаллари билан «Сувратинг», «Ёр истаб» «Қачон бўлгай» каби 20 га яқин ашулаларни меёрига етказиб ижро этди. Бу асарларнинг Маъмуржон Узоқовнинг ижросидаги талқини ҳанузгача санъаткорлар учун ўрнак ва дастури амал бўлиб хизмат қилмоқда. Айниқса, «Йўлингда», «Ёр истаб», «Айрилмасун», «Мустаҳзод», «Фиғонким», «Ёлғиз», «Кўзларинг каби мусиқий намуналар талқинида Маъмуржон Узоқовнинг ижрочилик мактаби тамғаси муҳрланганлиги кейинги авлодлар ижросида ҳам намоёндир.

Маъмуржон Узоқов ўзбек мумтоз ашула ижрочилиги санъатида ёрқин из қолдирган ва бетакрор ижро мактабини яратган забардаст ҳофиз ва устоз сифатида доимо ўзбек халқининг қалбида қолади. Авлодларга устоз бўлиб янги келажак яратишда ўрнак бўла олади.

Маъмуржон Узоқовнинг ўзбек хонандалик санъатида қолдирган мероси буюкдир. Бу мерос келажак илмий изланишлар учун хазина, ёшлар тарбияси учун ибрат ва хонандалик санъати давомчилари учун намуна сифатида хизмат қилиши бегумондир.