Тошкент ш. Яшнобод т. Махтумқули к. 49 уй
+998 (71) 286-31-77 , +998 (71) 286-30-91

Энг ширин овоз соҳиби

Энг ширин овоз соҳиби

(Жўрахон Султонов ҳаёти ва ижодий фаолияти)

Жўрахон  Султонов   1893 йилда,   Марғилоннинг «Подишо Искандар»  маҳаллсида Султонбой ошпаз Худойназаров оиласида дунёга келган. Санъатга кириб келиши, аввало  ундаги  табиий  истеъдод бўлса, иккинчидан  унинг яшаш муҳити бўлган.Санъат даргоҳига Жўрахонни ўз замонасининг донгдор, устоз  санъаткорлари Болтабой  Ҳофиз  Ражабов  ва  Маматбобо  Сатторовлар сабоғига  етаклайди.  Уларнинг раҳнамолигида мусиқа санъатининг созандалик ва хонандалик сиру-синоатларини  ўзлаштиради.

12 ёшга етганида бўлиб ўтган бир воқеа унинг келажагини белгилаб беради. Даврининг машҳур санъаткорларидан бири Содирхон Ҳофизнинг  Марғилонга қилган ташрифларининг бирида ёш Жўрахоннинг хонишини унга кўрсатишади ва устоз назарига тушади. У ширали овози ва чиройли талқини туфайли халқ орасида «Энг ширин  овоз соҳиби» деган ном олишга муяссар бўлади. Жўрахон 15 ёшидан бошлаб миллий мумтоз  мусиқа  сирларини устозлар Болтабой Ражабов ва Маматбобо Сатторовлардан, Мадали ҳофиздан ялла йўллари билан бир қаторда танбур ижросини ўрганади.

Жўрахон Султонов сабоқ даврининг пировардида Фарғона водийсига  хос бўлган катта ашула ижрочилик анъаналарини идроклаган  катта  ашулачи ҳамда  моҳир хонанда  сифатида  шаклланди. У  ўз  устозларининг  ижро  анъаналарини  қунт  билан  мукаммал  ўзлаштирди.  Ижодий  камолотга  эришиш  жараёнида  нафақат  ўз  устозлари,  балки Эрка  Қори Каримов, Беркинбой  Файзиев,  Шерқўзи  Бойқўзиев,  Акбар  Ҳайдаров  каби замонасининг етук ашулачи-ҳофизлари билан биргаликдаги  ҳамкорлиги  унинг ижрода ўз  йўлини  топиб олишига  асос  бўлди. Шу  билан  бирга  Муҳиддин  Қориёқубов,  Юсуфжон  қизиқ  Шакаржонов, Мулла  Тўйчи  Тошмуҳамедов, Ҳожихон Болтаев  сингари  санъат  дарғалари  ва  жамоат  арбоблари  билан  танишиш, ҳофизнинг  ижодий  камолотига  катта  таъсир  кўрсатди.

Таниқли ҳофиз Мулла Тўйчи  Тошмуҳамедов раҳнамолигида мақом  ва  мақом  йўлларига  мансуб  мусиқий  намуналарни,  ижро  йўлларини ўзлаштиради. Устозидан у аввало Фарғона-Тошкент  мақом  йўлларида  яратилган «Ушшоқ», «Бебокча», «Баёт»лар, «Чоргоҳ»лар, «Дугоҳ Ҳусайний» лар, «Шаҳноз Гульёр»лар, «Баёти Шерозий»лар  туркумларини ўрганишга  муваффақ бўлади.

Жўрахон ака илк бор ўз ижодий  фаолиятини  устоз  санъаткорлардан  тузилган  «Санои  нафиса»  созанда  ва  хонандалар  жамоасида  бошлайди. Бу жамоа ўз номи билан нафис хонишлар  қилувчи жамоа эди. Бу жамоада у мумтоз муcиқанинг нақадар буюклиги ва беҳисоб анъаналарни ўзида мужассам этганига гувоҳ бўлади ва ижодий фаолиятини шунга муносиб шакллантиришга ҳаракат қилади. Устозлар даврасида ижро фаолиятини бошлаган Жўрахон ака кейинчалик, турли  нуфузли  концерт  жамоалари  билан  биргаликда давом  эттиради. Яъни: 1918-1919  йилллари  «Санои  нафиса»;  1926  йилдан  Ўзбекистон  давлат  этнография  концерт  ансамбли, 1928  йилдан  Марғилон  шаҳар  ўзбек  мусиқали  драма театрида ҳамда  Ўзбекистон  Радио  эшиттиришлар  комитетида,  1938  йилдан  Фарғона  вилоят  колхоз-совхоз  театрида,  1940  йилдан  Тошкент  Муқимий  номидаги  ўзбек  давлат  мусиқали  драма  ва  комедия  театрида,  1950  йилдан  Ўзбек  эстрада  театрида  ва  Ўзбекистон  радиоси  каби  санъат  даргоҳларида созанда,  бастакор,  мусиқа  раҳбари,  бадиий  раҳбар  каби  лавозимларда фаолият  карсатади.

Бўлғуси устоз “Санои нафиса” жамоасида Мухиддин Қориёқубов раҳбар бўлиб жамоада Юсуф Қизиқ Шакаржонов, Абдуқодир Исмоилов, Ориф Тошматов, Низом Холдоров, Маматбува Сатторов, Тўхтасин Жалилов, Уста Олим Комилов, Тамарахоним, Боборахим Мирзаев, Беркинбой Файзиев каби устоз санъаткорлар биргаликда иш бошлашган.

1930 йили устоз санъаткор ҳар йили ташкил этилган Ўзбек санъати ва адабиёти декадаларида  мунтазам иштирок этади. 1939 йили “Катта Фарғона канали” қурилишида замондош санъаткорлар билан иштирок этади. 1939 йили Жўрахон Султоновнинг ўзбек мусиқа санъати ривожига қўшган ҳиссаси учун “Халқ Ҳофизи” фахрий унвони берилади.

Хонандаликнинг ибратли жиҳатларидан бири бу закийлик ва адабиётга ошноликдир. Жўрахон Султонов аскияда замондошларига доимо шерик бўлганлиги, аскияда ҳозиржавоблиги ва албатта устунлиги санъаткорлар томонидан эътироф этиб келинган. Устознинг бир қатор тилларни билиши ва мумтоз адабиётда  доимий изланишда бўлиши унинг хонишларини пурмаъно тараннумига сабабдир.

Жўрахон Султоновнинг хонандалик, бастакорлик, наваторлик ҳамда устозлик фаолиятлари халқимизга доимо ўрнакдир.

Хонандаликда – шиддатли ва сирли овоз соҳиби, талқинда барча хусусиятларни уйғунлаштириб ширали ижросига эришган. Ижро репертуари жуда бой.  Жумладан:  «Бир келиб  кетсун»,  «Нома  ёзмадинг»,  «Боғ аро»,  «Бир келсин»,  «Ёввойи  Чоргоҳ»  патнисаки (катта)  ашулалар;  «Дугоҳ  Ҳусайний»,  «Баёт I-V»,  «Ушшоқ»,  «Ушшоғи  Содирхон»,  «Чор зарб»,  «Чаман  ялла», «Эй дилбари  жононим» – бу рўйхатни анча давом эттириш мумкин…

Бастакорликда – ҳар томонлама ибратли жиҳатлари мавжуд. Асарларидан: Ҳазрат Навоий ғазаллари билан  «Найлайин», “Бўлмиш”; «Ҳануз», «; Лутфий ғазалига “Гулузорим қани”, домла Ҳабибий  сўзига “Бўлмаса”, «Минг  қадам»;  Муқимий сўзи билан «Ўлмасун»;  Фурқат ғазалларига “Оҳ ким раҳм аламас”, Чустий сўзи «Ўзбекистоним»; Адойи ғазалига «Йигитликда»    каби  мусиқий  намуналар  шулар жумласидандир.

 

– Жўрахон Султоновнинг оламшумул ишларидан яна бири, ўзбек мумтоз мусиқа ижрочилигида ўзига хос жўровозлик услубини анъанага киргизганидир. Ўрни келганда қайд этиш лозимки, устоз хонандалар ва мумтоз мусиқа ихлосмандлари Жўрахон Султонов ва Маъмуржон Узоқовларнинг жўрнавозликлари  ижрочилик амалиётини энг юқори чўққиси  деб таърифлайдилар. Дарҳақиқат, уларнинг биргаликдаги  ижроларида  бенуқсон ижро, бир-бирини  тўлдирувчи  жозибали жиҳатлар, ижродаги  шиддат  ва  тингловчини  ром  этувчи  руҳият ўта  салобатлидир.   Шу  боис  бўлса  керак,  халқимиз  уларнинг  ижроларида  «Доғман», «Ёввойи Ушшоқ», «Кўп эрди»,  «Ушшоқи  Содирхон»,  «Ёввойи  Чоргоҳ», «Ҳануз», «Найлайин», «Отга миндим», «Бир келсун» каби дурдона асарларни иштиёқ билан тинглайдилар.

катта ашула одатда жўрсиз ижро этиб келинган ўзига хос жанр. Ўз фаолиятида Жўрахон Султонов ана шу эркинликни чолғу жўрлигида ижро этишни расм қилишга муяссар бўлади;

Устозлик:  Жўрахон Султоновни устозликда беназир инсонлиги унинг “устози кул” даражасига етганлиги, хонандалик санъатида ҳозиргача ҳурмат билан тилга олинади. Бу аввало бир қатор етук шогирдларни тарбиялаб, вояга етказгани бўлса, иккинчидан унинг ижро услубини мактаб даражасида давом этаётганлигидадир. Унинг тарбиясини олиб ҳамнафаслик қилиб, етуклик даражасига эришган Маъмуржон Узоқов, Расул Қори Мамадалиев, Камолиддин Ҳамроқулов, Маъруфхўжа Баҳодиров, Саодат Қобулова, Коммуна Исмоилова, Орифхон Ҳотамов, Зокиржон Султонов Орифхон Ҳотамов, Сайдазим Қудратов каби манзурнафас хонандалар ижоди халқимизга  яқиндан таниш