Тошкент ш. Яшнобод т. Махтумқули к. 49 уй
+998 (71) 286-31-77 , +998 (71) 286-30-91

ҚОМУСИЙ САНЪАТКОР

ҚОМУСИЙ САНЪАТКОР

(Расулқори Мамадалиев ижодига чизгилар)

                Ўзбек мумтоз мусиқа ижодиёти ва ижрочилиги бой анъаналарга эга бўлиб, асрлар давомида моҳир созандаларни, хуш овозли хонандаларни тақдим этган. Созанда-ю хонандалар ижро амалиётида ўзларининг беназирликларини, оташнафасликларини, илоҳий садоларга бой хонишларини келгуси авлодларга мерос қилиб қолдирганлар. Ҳожи Абдулазиз Абдурасулов, Мулла Тўйчи Тошмуҳамедов, Ҳожихон Болтаев, Мадраҳим Шерозий, Домла Ҳалим Ибодов, Ҳамроқул Қори, Эрка Қори, Маматбува Сатторов, Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов, Расулқори Мамадалиев, Муҳаммаджон Каримов, Орифхон Хотамовлар шулар жумласидандир. Ўзбек мумтоз мусиқа ижодиёти ва ижрочилигида бу намояндаларнинг ҳар бири алоҳида бир дунёдир. Зеро, намояндаларнинг ҳар бирини номини ўзида ижро санъати, ижрочилик услуби, ижро этган репертуари, яратган асарлари мужассам топган.

Фарғона водийси санъаткорлар юрти. Бу воҳанинг ҳар бир гўшаси, ўзининг халқимиз маънавий ҳаётига туҳфа қилган намояндалари билан машҳурдир. Шулар орасида Янгиқўрғон тумани ҳам ўзининг олиму-фузалолари, созанда ва хонандалари билан машҳур эканликларини эътироф этиш лозимдир. Айниқса мумтоз мусиқа санъати ижодиёти ва ижрочилиги бўйича халқимизга беназир хизмат қилган ва улкан меросга муносиб улушини қўшган устоз санъаткор Расулқори Мамадалиевнинг ижодий фаолияти алоҳида ўринга эгадир.

Расулқори Мамадалиев ижодий фаолияти давомида ўзининг ўткир сўзлиги, оташнафас хонишлари, бастакорлик иқтидори ва моҳир созандалиги билан ўзбек мумтоз мусиқа санъати ижрочилигида ўзининг ижро йўлини яратишга муяссар бўлди. Фарғона водийсида машҳур бўлган устоз санъаткорлар Маматбува Сатторов, Эрка Қори Каримов, Ҳамроқул Қори каби Фарғона водийсида ўзининг ижро услубларига эга бўлган санъатимиз дарғаларининг ижро анъаналарини ўзлаштириб, ижодининг пировардида ўзига хос жозибалар билан суғорилган ижрочилик услубини яратади. Ижрочилик фаолиятининг илк қадамлари ўзбек санъатининг мумтоз мусиқа ижрочилигида донг таратган намояндалари ижро репертуарларини ўзлаштириш билан бошланди. Устозлар хонишларини идроклаш ва уларга муносиб талқин этиш Расулқори Мамадалиевнинг ижродаги эталони эди. Зеро мукаммаллик унинг шиори ва интилиш учун олий мақсади эди. Шу боис унинг ижрочилик услубида, ўзига хослик, устозларнинг ижро анъаналари, моҳирлик ва мумтозлик мужассам топган. У ижрочилик фаолиятининг илк дамлариданоқ Фарғона-Тошкент мақом йўлларига мансуб “Дугоҳ Ҳусайний”,  “Баётлар”, “Сегоҳ”, “Гульёр”, Хоразм суворалари, халқ бастакорларининг Эшвой”, “Бозургоний”, “Гулузорим” каби мумтоз ашулаларини ижро этади, мумтоз наволар хонандаси сифатида элга танилади. Давр санъаткорлари, устоз ва издошлари унинг беназир хонишлари ва аския борасидаги ҳозиржавоблигини инобатга олиб, ўзгача лутф билан  “Қори” деб аташа бошлайдилар. Фаолияти давомида ўзбек мусиқа ижрочилигидаги мавжуд ижро йўлларини мукаммал ўзлаштиришга эришади. Ижрочиликда камолотга етган даврида у танбур созини моҳир ижрочиси, хонандаликда маълум малакага эришган ҳофиз сифатида шаклланади.

Йиллар давомидаги сабоқ жараёни, меросни ўзлашритиш сайъи ҳаракатлари, ижрочилик амалиётидаги ютуқлари моҳир санъат намояндаси сифатида шаклланишига асос бўлади. У албатта кучли хотира соҳиби эди. Катта ашула, ашула ва яллалар ижрочилигини муносиб эгаллаб, ўз ижросини турли хусусиятлар билан бойитганлиги унинг ижро репертуаридан яққол намоён эди. У ўзининг ижрочилик маҳоратини мустаҳкамлашда нафақат Шарқ халқлари мусиқий маданияти, балки Ғарб мусиқа ижрочилиги анъаналарига ҳам бефарқ бўлмаганлигини алоҳида эътироф этиш лозимдир. У ҳар қандай мукаммал асар ижросини ва бошқа халқларнинг ардоғида бўлган санъат намуналарини топиб ўрганишга ҳамда уларнинг моҳирлик жиҳатларини ўзлаштиришга ҳаракат қилади. Шу боис бўлса керак, у қардош халқлар мусиқаларини кўп тинглаб,  севимли сози танбурда талқин этар эди. Расулқори Мамадалиев ижодининг пировардида ўзига хос ижро услубини яратади. Халқлар ижро анъаналарини ўзлаштириши, устозларнинг ижро йўлларини мукаммал билиши, албатта хонанданинг ижро услубини умумбашарий жиҳатлар билан бойитишга хизмат қилади.

Ижро амалиётида муайян ижро услубининг мактаб даражасида ривожланиши, ушбу услубнинг муваффақиятди давом этиш жараёни билан боғлиқдир. Бу хусуда Расулқори Мамадалиевнинг издошлари жуда самарали эканлигини ҳам эътироф этиш лозимдир. Расулқори Мамадалиевнинг илғор шогирдларидан бири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Абдулатиф Холдоровдир. Шогирдлари Самижон Қосимов, Мўминжон Имомов, Муҳаммаджон Шералиев, Собитали Худойберганов, Раҳимжон Камоловларни ҳам алоҳида қайд этиш жоиздир.

Расулқори Мамадалиев ижросидаги “Даромади Ушшоқ”, “Насри Ушшоқ”, “Насри Баёт”, “Бебокча”, “Салламно”, “Кезарман”, “Оқибат”, “Сувора”, “Жунун водийсига”,  “Айладинг кетдинг”, “Гулдаста” каби ўнлаб мумтоз мусиқа намуналари ана шундай услубда ўзгача талқинини топганига гувоҳ бўламиз. Бу билан Расулқори Мамадалиев тингловчи наздида унинг сиймоси гавдаланишига эришди.

Расулқори Мамадалиевнинг ижросидаги яна бир жозиба манбаи, унинг мумтоз мусиқа намуналарини турли шоирларнинг ғазаллари билан ижро этишидадир. Жумладан Самарқанд Ушшоғи куйи асосида еттита ғазал, Ушшоқ (Тошкент) 8 та ғазал билан, Дугоҳ Ҳусайни, Чорзарб, Гирья, Чоргоҳлар турли сўзлар билан ижро этилган.

Расулқори Мамадалиев ўзбек мусиқа меросини бир қатор беназир асарлар билан бойитганлиги ҳам эътиборлидир. Халқ мумтоз мусиқа анъаналари негизида бунёдга келган асарлар мумтозлиги ва  ўзига хослиги билан қадрлидир. Ўзининг ижодий фаолиятида бастакорлик анъанасини давом эттирган санъаткор 20дан ортиқ асарларни яратишга муяссар бўлган. Жумладан: “Мен кимга дей”, “Терма манманлик билан”, “Қўзғалмасун” (Ҳазиний, Машраб), “Тасаддуқ ё Расулаллоҳ” (Ҳазиний), “Ҳижрат қил”, (Ҳазиний), “Сендан ўзга паноҳим йўқ”, “Доғман” (Чархий), “Ажрама” (Чустий), “Соғиндим ман”, “Келдик”, “Билолмасман” (Мискин), “Кўрмагай” (Чустий), “Ғазалхонлик” (Чустий), “Меҳмонсан” (Ҳувайдо), “Жудо” (Салоҳий).

Расулқори Мамадалиевнинг ижодий меросини икки улкан шўъбага бўлиш мумкин. Биринчидан, унинг мумтоз ижрочилиги, яъни ўзбек хонандалик санъати ривожида яратган беназир ижро услуби бўлса, иккинчидан улкан уммон ҳисобланган ўзбек мумтоз мусиқа меросига 20 дан ортиқ ибратли асарлар яратиб қолдирганлигидир. Мусиқа санъатининг ижодий жараёнини танянч нуқталаридан ҳисобланган буикки жабҳа, ҳар бир ижодкорнинг абадиятга юз тутишида муҳим аҳамият касб этувчи мезонлар сифатида қадрлидир. Дарҳақиқат, ҳар икки шўъба ҳам Расулқори Мамадалиев ижодида мукаммал инъикосини топган. Қолаверса, ижодкорнинг замондошлари, адиблар, мусиқашунослар, хонанда ва созандалар томонидан жуда катта эътибор билан улуғланган. Бу буюкликни нишонаси эса ҳофизнинг издошлари, тингловчи-мухлислар шараф билан қўллаб келганликларидадир. Ушбу мезонни ибратлилиги, ҳозирги барча соҳалар ривожланган пайтда ҳам ўз ўрнига эгалиги ва замонамизга мос ҳолда муносиб ривожлантириб келаётганлигида десак тўғри фикрлаган бўламиз. Зеро, мусиқа санъатининг энг гўзал талқин йўллари доимо мутахассислар ва айниқса мухлис – шинавандалар томонидан баҳоланиб келинади, шогирдлар томонидан давом эттирилиб, ривожлантириб борилади.

Замонавий жараёнда албатта, етук санъаткорнинг издошлари ҳам ўзига ўхшаган беназир овозли, истеъдодли ва салобатли бўлиб фаолият олиб бораётганликларини кузатиш мумкин. Замонамизда устознинг беназир ижро услубини давом эттириб, барча жиҳатларини қамраб олган ҳолда  мукаммал ижроларга эришиб халқимиз назарига тушган ва етукликка эришган санъаткорларимиз ҳам мавжуд. Ўзбекистон ҳалқ ҳофизлари Маҳмуджон Йўлдошев, Маҳмуджон Тожибов, Сойиб Ниёзов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Машрабжон Эрматов, Ўктам Ахмедов кабиларни устознинг ижрочилик услубини ўз ижроларида намоён этиб келаётган санъаткорлар деб эътироф этиш мумкин.

Мусиқа санъати чексиз маънолар хазинасидир ва унда умргазаронлик қилиб садоқатли хизмат қилиш қатта бахт ва садоқатдир. Лекин, бу жараён улкан истеъдод, машаққатли меҳнат, самимий муносабат талаб этади. Бунга албатта, хоҳишнинг ўзи камлик қилиши муқаррар. Расулқори Мамадалиев ижоди бунга ёрқин мисол бўлиши ва замонавий жараёнда ёшларимизга ҳар томонлама ўрнак бўла олиши бегумондир.