Тошкент ш. Яшнобод т. Махтумқули к. 49 уй
+998 (71) 286-31-77 , +998 (71) 286-30-91

“Катта ашула” номоддий мерос…

“Катта ашула” номоддий мерос…

 Катта ашула қадимий мусиқа жанрларидан бири бўлиб, унинг келиб чиқиши ҳозирги кунда мутахассислар ўртасида кўплаб баҳс ва мунозараларга сабаб бўлмоқда. Баъзи мусиқашунослар бу жанрни “диний мазмундаги сўзлар билан айтилган мусиқалар билан боғлиқ” деса, бошқалари  “катта ашулачилик шеърларни баланд овозда, юқори пардада куйлаш орқали вужудга келган”, деган фикрни билдирадилар. Мутахассислар орасида ушбу санъатни қадимда камбағалчилик даврларда пайдо бўлган, уни мусиқий созларни сотиб олишга қурби етмаган баланд овозли хонандаларнинг санъати, деб тарқин эгувчилар ҳам йўқ эмас.

Айрим санъаткор ёшларимиз катта ашула деганда, ғазалнинг бирор бир куйга тартибсиз равишда солинган, усулсиз равишда бадиҳали куйланадиган оҳанг деб номлашга уринишяпти. Ачинарлиси шундаки, кўпчилик бу қоришиқни катта ашула деб қабул қилмоқдалар. Аслида эса катта ашула маълум мезон ва қонуниятларга асосланган, асрлар оша шаклланиб устоз хонандалар томонидан асраб-авайлаб ривожлантириб келинакётган мустақил ва етук ўзбек мумтоз мусиқасининг жанрларидан биридир. Катта ашула Фарғона водийсида шаклланган ва ашула ижрочилигининг алоҳида йўналиши ҳисобланади. Шу билан бирга катта ашула, ижро амалиётида чархланиб, ўз даврининг моҳир санъаткорларини тарбиялаган ва ашула ижрочилиги санъатига хос бўлган бир қатор унсарларни  мукаммал тарзда ўзида мужассам этган  катта мактабдир. Зотан, унинг ижрочилик мезонлари ҳам хонандалардан катта истеъдод, овоз, идрок, зукколик, бадиҳавийлик ва маҳорат талаб этади. Бу нафис санъатни билимдонлари, яхши биладиган, мукаммал эгаллаган устозлардан ўрганиш, шунга муносиб тарғиб этиш ва шу йўлда янги намуналарни ижод этиш жуда аҳамиятлидир. Энг муҳими замонавий ижрочиларни тарбиялаш, катта ашулачиларни янги авлодини тарбиялаш долзарб вазифалардан биридир..

Катта ашула санъати маълум тарихий жараёнларни бошдан кечирган, халқнинг ижтимоий, сиёсий хамда маънавий эхтиёжлари ўлароқ, ҳаётида ўз изини қолдириб келаётган бетакрор айтимлар сирасига мансуб.

Маълумки, катта ашулалар ўзининг ижодий йўлларида икки услубда ижод этилиб келинган. Биринчиси мақом пардаларига мос ва муайян қоидалари асосида юзага келган катта ашулалар, яъни мусиқий тил билан айтганда мақом пардасида ижро этилган. Иккинчиси бастакорлар томонидан турли услубларга мослаштириб яратилган катта ашулалардир.

Дарҳақиқат, катта ашула жанри мусиқий меросимиз намуналари ичида алоҳида ўрин тутади. Бундай дейишимизга сабаб, жанр хусусиятидан келиб чиқиб, бу хонандалик санъати билан боғлиқ ва мусиқий созларсиз ижро қилинадиган мукаммал жанрдир. Катта ашулачилар мусиқий соз ўрнига қўлларига ликопчаларни ушлаб айтганлари учун, амалиётда ликобий ашула ҳам дейилади.

Амалиёт давомида ашула номига “ёввойи” атамасининг қўшиб айтиш ҳам расм бўлган. Бунинг сабаби ҳам асарда доира ёки бошқа бир мусиқий чолғунинг иштирок этмаслигидир. Шунга қарамай хонандалар муайян усулни ижро давомида сақлаб турадилар. Масалан, “Ёввойи Чоргоҳ” мусиқий намунаси. Ёввойи сўзи асар усулига нисбат берилса, Чоргоҳ атамаси эса мақомот сафидаги маълум пардалар мажмуасини англатади.

Аниқ тушунчага эга бўлиш учун бу асарни чуқурроқ таҳлил қилиб кўрамиз. Катта ашула услубида ижро этиладиган “Ёввойи Чоргоҳ” уч хонанда томонидан ижро этилиб келинган. (вазият тақозо этганда икки  ҳаттоки тўрт ижрочи томонидан ҳам ижро этилиши мумкин). Дастлаб даромад ва миёнҳатида аниқ усул ликобларда билдирилиб, уччала хонандалар бирга ижрони бошлайдилар.

“Ёввойи чоргоҳ” катта ашуласи таркибан усулга асосланган ва асосланмаган ички таркибдан ташкил топган. Бу бўлаклар ашуланинг ички қоидалари заминида хос қилиб ижро этилади. “Ёввойи Чоргоҳ” ўзига хос даромад билан бошланади ва бу даромад ашуланинг фалсафий мағзи ҳисобланади.  Шу боис даромад ўта босиқлик билан ва катта салобат билан ижро этилади. Асарнипнг ўрта авж ва дунаср қисмларида дастлаб, усулсиз қисмида овози нисбатан пастроқ бўлган хонанда бир хатини ижро этади, хат якунига етмай туриб унинг охирги ҳарфларидан овози нисбатан юқорироқ бўлган хонанда иккинчи хатни улаб кетади. Худди шу кўринишда учинчи хонанда иккинчи хонанданинг сўзларини улаб, кейинги хатни ижро қилади ва тўртинчи хатдан бошлаб  уччала хонанда яна биргаликда  давом эттирадилар.

Асар ижроси авжига келганда яна усулсиз қисми бошланади. Энди овози энг баланд бўлган хонанда ижрони давом эттиради. У юқори пардаларни чиройли қочиримлар билан олиб келиб, овози нисбатан пастроқ бўлган хонандага ижрони топширади. У ҳам ўз навбатида биринчи хонанданинг овозини кейинги хатга улайди. Учинчи хонанда ҳам шу тариқа давом эттиради ва яна биргаликдаги ижро усули билан фуровард қисми  якунланади.

“Ёввойи чоргоҳ”нинг нафақат ладлари ва пардалари мақомлардан олинган, балки мусиқий йўллари ҳам айнан мақомлардандир. Асарнинг мақомлардаги Чоргоҳлардан фарқи фақатгина ижро услубида намоён бўлади. Чоргоҳ пардалари мажмуасининг мусиқий созларсиз ижро тури айнан шундай бўлиши керак. Кейинги даврларда катта ашуланинг чолғу асбоблар билан чўр бўлиб айтиш ҳам расм бўла бошлади. Лекин, чолғу созлар жўрнавозлик хусусият касб этади.

Ҳозирги кунга қадар катта ашула жанрининг  қаерда ва қачон келиб чиққани ҳақида аниқ далиллар топилган эмас. Мутахассислар ва хонандаларнинг турли манбалардаги катта ашула ҳақидаги фикрлари мусиқашунос олим Рустам Абдуллаевнинг “Катта ашула жанри ва ижрочилари” деб номланган номзодлик диссертациясида келтирилган. Жумладан, шарқ мусиқашуноси Беляев “катта” деганда асарнинг сўзлари очиқ ва маънолари катталигига урғу беради, Успенский ва Қўқонлик ҳофизлар эса катта ашула “Самоъ” маъносига яқин бўлиб, шундай мусиқалардан келиб чиққанини таъкидлайди. Машҳур катта ашула ижрочиларидан Акбарали Бобоев, Мамадали Юсупов, Собиржон Азизов, Саидали Ҳошимовлар бу санъатни катта хоналарда ҳамда очиқ ҳавода мусиқий созларсиз ижро этилгани учун катта ашула дейишган. Мақсуд Ҳамидов, Иномжон Исроилов, Одилжон Юсупов, Мамадазиз Умаров, Эркин Ҳайдаров, Орифҳжи Алимаҳсумов ва бошқа хонандалар бу жанрнинг ижрочи овозлари кучли амда катта бўлиши лозимлиги, ҳар–бир эшитувчини маҳлиё қилиши билан ушбу ном берилган деган фикрни билдирганлар. Мухсинжон Мирзахўжаев, Темурбек Баратовларнинг назарида эса катта ашула жанрининг шеърлари қадимда жуда чуқур, пурмаъно, диний бўлганлиги, авжлари ҳам жуда юқорилиги сабабли катта атамаси қўшилган. Бу жанрга нисбатан яна “патнис ашула”, “патнисаки ашула” номлари ҳам қўлланилади. Бундай номланиш аслида хонандалар ликопча ёки темирли патнисларни қўлларида ушлаб айтганлари сабабли юзага келган. Ўзбек мусиқаси тадқиқодчилари ва катта ашула ижрочилари бу жанрнинг барча сифатларини ҳисобга олган ҳолда яъни мусиқий йўлнинг узунлиги, шеърий матннинг маънодорлиги ва бошқа ҳислатлари унинг номланишига мос эканлигини таъкидлайдилар.

Энди эса катта ашулалардан бири бўлган “Ёввойи Ушшоқ” асарини таҳлил қилишга ҳаракат қиламиз. Асар ижроси давомида доира ёки бошқа бирон бир мусиқий чолғулардан фойдаланилмайди, шунинг учун ҳам унинг номланишига “ёввойи” атамаси қўшилган. Катта ашулаларда гарчи доира сози ҳам иштирок этмаса–да хонандалар усулни, яъни ритмни ижро давомида сақлаб туришади.

“Ёввойи Ушшоқ”нинг даромад қисми икки хонанданинг навбатма навбат ижроси билан бошланади. Миёнхат ва дунаср қисмлари ҳам икки хонанданинг бир бирини тўлдирувчи ғазал байтлари билан давом эттирилади.

Бу кўриниш уч маротаба такрорланади ва сўнгги такрорланиши энг юқори авжи билан ижро этилади. Асар фуровард яъни якунловчи қисми билан тугалланади. Маълумки, “Ушшоқ” атамаси ошиқ сўзининг кўпликдаги маъносидир. Бу руҳият асарнинг ижроси жараёнида муттасил давом этиб туради.

Катта ашулаларнинг келиб чиқиш тарихини мутахассислар турлича таҳмин қиладилар. Манбааларнинг бирида: “Катта ашулаларнинг шеърлари фақат аруз вазнидадир. Шунинг учун бу жанрнинг келиб чиқиши араблар истилосидан кейинги даврга тўғри келади. Чунки, аруз вазни бизга араблардан кириб келган. Ундан олдин фақат бармоқ вазнидаги шеърлар бўлган”, деб ёзилган. Шу ўринда савол туғилади. Нима учун катта ашула фақатгина водий хонандалик мактабларида мавжуд? Ахир қадимда  Самарқанд, Бухоро ва Хоразмда мусиқа санъати ривожланганроқ эди–ку? Айниқса, Бухородаги буюк мадраса ва хонақоҳлардаги мусиқий таълимот ва илм пешволари ўша давларда ягона саналар эди–ку? Шуни айтишимиз мумкин–ки, катта ашула жанрига ўхшаш яъни, чолғу созларсиз ижро этиладиган жанрлар мамлакатимизнинг бошқа воҳаларида ҳам мавжуд. Мисол учун Хоразм достонларидаги речитатив, яъни, нутқ билан айтилувчи қисми, Бухоро мавриги ва Бухорча жанрларининг бошланиш, доира усулисиз қисми, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё воҳаларидаги мавжуд айтим яъни эслаш, ёд олиш каби куйлаш жанрлари мавжуд. Аммо Тошкент–Фарғона катта ашула жанри бу борада нисбатан мукаммал ва ўзига хосдир. Ўзбек миллий мусиқаси бениҳоя бой ва гўзалдир. Унинг нодир жанрларидан бири бўлган катта ашулачилик санъати ўзига хос тарихга эга.

Маълумки, катта ашула жанрининг келиб чиқиши ҳақида мутахассислар турли далилларни айтадилар. Манбаалардан бирида ёзилишича, катта ашула икки ва ундан ортиқ хонандаларнинг мусобақаси орқали шаклланган. Кўрик танловнинг ўзига хос шартлари бўлган: биринчидан, катта ашула ижрочилари бошлайдиган пардаларини ва ўз овоз кўламларини аниқ билишлари лозим, акс ҳолда авж қисмига ета олмай қийналиб қолишлари мумкин. Бу хонандалардан эшитиш қобилиятининг ўткирлигини талаб этади. Иккинчидан, аниқ доира усулисиз ашула айтиш хонандалар учун бадиҳагўйликда ва овозлар гўзаллигини намоён қилишда янада эркинлик яратиб беради. Бу хонандалардан кутилмаган нола ва қочиримлар орқали  юрак дардини кўрсатиб бера олишни талаб этади. Учинчидан хонандалар ашуланинг сўзларини эсидан чиқариб қўйсалар, барча хонандаларда учрайдиган ҳолат, бошқа сўзларни айтиш ва ямлаш орқали созларини баландроқ чалиб, овозларини пастроқ чиқарадилар. Тўғри маънода, сознинг орқасига беркинадилар. Катта ашулада эса бунинг ҳеч иложи йўқ. Демак, сўзларни ёдда сақлаш ҳам танловнинг муҳим  жиҳатларидан биридир. Бундан ташқари аруз вазни тузилмасини яъни риторикасини юқори овозда маълум қонуниятлар билан тула–тўкис ижро этиш ҳам асосий вазифалардан бири бўлган. Унинг мусиқий пардалари ўзгариши, мақомлар пардаларига мосланиши кейинчалик пайдо бўлган омиллардандир.

Бастакорлар томонидан яратилган катта ашулаларда  шеърнинг маъно–моҳиятига мос равишда пардалар ва мусиқий йўл танланади. Ижрочилар эса баъзан биргаликда ёки якка ҳолда ижро этиши ҳам мумкин. Катта ашулаларнинг ичида шундайлари борки бу асарларни икки хонанда ижро этмаса бўмайди, чунки уларнинг сўзлари ва мусиқий матни бир ижрочи учун қийинчилик туғдиради. Масалан: Жўрахон Султонов ижросидаги “Оҳ ким”, “Кўкарди Чаман”, “Эй санам”, “Ёдимга тушди”, Мамуржон Узоқов ижросидаги “Ёлғиз”, “Доғман”, “Кўп нозу итоб этма”, “Ёр истаб” ва бу ашулалар кетидан уларга мос пардали ашулаларни мусиқий созлар жўрлигида ҳам ижро этганлар. Орифхожи Алимаҳсумов ижросида “Кўп эрди”, “Ўхшарсиз”, “Эй дилбари жаноним”, Фаттоххон Мамадалиев ижросида “Топмадим”, “Ўзбекистоним”, каби катта ашулаларни эса якка ҳолда ижро қилса бўлади.

Маълумки, Ўрта Осиё халқларида овоз орқали ижро этиладиган жанрлар жуда кўп. Айни пайтда кўп учрамайдиган фольклор қўғирчоқбозлик, достончилик ўша даврларда доира билан ва умуман чолғу созисиз ижро этиладиган достонлар ҳам мавжуд бўлган. Шунингдек мумтоз шоирларнинг ўткир ғазалларини ўқувчи хонандалар ҳозиргача сақланиб келган қўшиқ, лапар, ялла, айтишув жанрлари, уч воҳа мақомининг айтим йўли сақланиб қолди ва ижодий изланишларга сабаб бўлди. Мутахассисларнинг айтишича, катта ашулалар фақат аруз вазнидаги шеърлар билан ижро этилади. Шу сабабли аруз вазни ҳақида маълумот тўплашга интилдик ва шунга амин бўлдик–ки, “аруз” аслида арабча сўз бўлиб, шеърий вазннинг туридир. Араблар босқини даврида биздаги мавжуд асарлар, кутубхоналар ёқиб юборилган. Ҳатто илгариги китоблардан ном–нишон қолмаган. Аруз вазнини қаердан қай тариқа пайдо бўлганлигини ҳеч ким аниқ исботи билан айтиб бера олмади.

Аруз вазни, сўз риторикаси катта ашула ижросида муҳим аҳамиятга эга. Аммо шундай катта ашулалар ҳам борки уларнинг шеърий вазнлари аруз эмас. Яъни бармоқ вазни ёки бошқача айтганда терма шаклида ёзилган шеърларга ҳам ижро этилган. Бу ҳолат эса катта ашулалар фақатгина аруз вазнида айтилади, деган фикрни инкор этади. Бизга шеъриятнинг аруз вазни кириб келишидан олдин бармоқ ва шунга ўхшаш нисбатан содда шеърий вазнлар расм бўлган. Албатта бундай вазндаги шеърларга ҳам катта ашулалар боғланган. Афсуски бу кўринишдаги катта ашулалар ҳозирги кунга қадар сақланиб қолмаган. Бармоқ вазнида ижро этилган катта ашулаларни тиклаш мақсадида ёш хонандалар изланишлар олиб бормоқдалар.

Катта ашула жанрини энг ноёб санъат тури сифатида “Юнеско” жамияти томонидан тан олинган. Бу жанр ҳам “мақом” сингари санъатнинг мураккаб тури эканлиги ҳамда дунёнинг бошқа ҳеч қайси давлатида йўқлиги сабаб бўлди.  Бу катта ашула жанрини ижроси қийин ва мураккаб бўлганлиги учун ҳар қандай хонанда уни ижро эта олмайди.

 

 

Ўзбекистон халқ ҳофизи

  Бекназар Дўстмуродов