Тошкент ш. Яшнобод т. Махтумқули к. 49 уй
+998 (71) 286-31-77 , +998 (71) 286-30-91

Ота Жалол Носиров

Ота Жалол Носиров

(1845 – 1928 )

Бухоро шашмақомининг йирик билимдони, мураккаб  мусиқий усуллар  устаси,   моҳир танбурчи,  хушовоз хананда  Ота Жалол Носиров 1845 йилда Бухоронинг Эшон Пир гузарида  дунёга  келди. У созанда ва хонандалик сир–асрорларини чуқурроқ ўрганиш мақсадида XIX асрнинг иккинчи ярмида Бухорода яшаб ўтган машҳур хонанда Тиллабойга шогирд  тушади.  Устози Тиллабойдан олган сабоқлари натижасида Ота Жалол йигирма ёшга тўлмасданоқ  Шашмақомнинг “Наср“ қисмини анча усталик билан айтадиган  бўлади. Машхур танбурчи Маъруфжон Тошпўлотовнинг айтишича, Ота Жалол  15–16 ёшидаёқ Шашмақомнинг олти сарахборини ҳам тўла ўзлаштириб моҳирлик билан ижро этган экан. Ёш ҳофиз ўз даврининг машҳур ашулачилари Мирзо Ҳидоят, Муллабой, Абдураҳмонбек, Абдулхайр Маҳмуд, Мирбоболар билан ҳамнафслик қилиб, туй маъракаларда  мақомхонлик қилар эди.

Ота Жалолнинг мақом ижрочилиги овозаси Бухоро амири Музаффархон қулоғига бориб етади ва амир уни  1864 – 1869 йилларда сарой  ҳофизлигига қабул қилади.  Ота Жалол ўзининг ноёб истеъдоди ва ширали овози билан тез да сарой аҳли эътиборини қозонади ва у амир томонидан сарой хонанда ва созандаларига бошлиқ этиб тайинланади.

Ота Жалол амир Музаффархон даврида кўп вақтини Шаҳрисабзда амир Аҳадхон вақтида кўпроқ Карманада ўтказади, амир Олимхон даврида эса Бухорода яшайди. Бухоро амири Музаффархон, Аҳадхон, Олимхонлар мусиқа ва шеъриятга ихлосманд кишилар бўлганликлари туфайли кўп ҳолда истеъдодли хонанда созандаларга катта ҳурмат билан  қараганлар.

Ота Жалолнинг энг улуғ ишларидан бири у 1924 йилда А. Фитрат ташаббуси остида Ота Ғиёс ва В Успенскийлар билан бирга Бухоро шашмақомини нотага кўчириб, уни Москвада нашр эттиради. Ота Жалол “Бузрук“, “Рост“, “Наво“, “Дугоҳ“, “Сегоҳ“, “Ироқ“дан иборат олти мақомнинг  наср ва  мушкилот қиамларини нотага кўчирар экан, у ҳар бир шўъбанинг усул ва оҳанг тузулишини нуқсонсиз ижро этишга эришади. Ота Жалолнинг  истеъдоди ва мустаҳкам хотирасига тан берган этнограф В Успенский : “Ота Жалол кекса бўлишига  қарамай, унинг баланд ва ёқимли овози  ўткир хотираси сақланиб қолган эди. Бу ҳофиз барча Шашмақом шўъбаларининг куй ва шеърлари билан бир қаторда  18 турдан иборат мақом усулларини ўз ёдида чуқур сақлаб қолган санъаткордир“, деб таъкидлаб ўтган эди.

Шашмақом билимдони Ота Жалол Носиров, 1928 йилда 83 ёшида Самарқандда вафот этади. Ота Жалол ўтмиш аждодларимиздан мерос бўлиб қолган Шашмақомни бизнинг давримизга етказиб берган ягона мақомхон устоздир.