Тошкент ш. Яшнобод т. Махтумқули к. 49 уй
+998 (71) 286-31-77 , +998 (71) 286-30-91

Ғуломжон Қучкоров

Ғуломжон Қучкоров

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Халк маорифи аълочиси, «Эл-юрт хурмати» ордени  соҳиби, Ўзбекистон давлат консерваторияси фахрий профессори, мумтоз санъаткорлар сулоласи давомчиси, юзлаб шогирдларнинг меҳрибон мураббийси, ўзбек мусиқасида кўчмас из қолдирган жонкуяр фидойилардандир. Ғуломжон Қучкоров 1919-йил Тошкент шаҳрида, ҳунарманд косиб Қучкор ака оиласида таваллуд топди. Ўша вақтлар қишлоқдаги турли маросимларда Ражабийлар, Карим Зокиров ва бошқа машхур ўзбек санъаткорларининг  доимий иштирок этиб, халкни халкни хурсанд этишлари Ғуломжонни эътиборидан четта қолмас эди. Уларнинг санъати ва суҳбатидан кўп маротаба баҳраманд бўлган Ғуломжон юрагининг тубида ётган нарсани топгандай бўлди. У дутор чолғусига ишқ қўяди. Ўша вақтлардаги турмуш қийинчиликлари, бошланган очарчилик офатларига қарамай Қучкор ота ўғли Ғуломжоннинг қизиқиши астойдил эканлигини кўриб, 1933 йилда Бешёғоч дахасида жойлашган мусиқа билим юртига етаклаб боради. У ерда машҳур санъаткорлар синовидан ўтган ўғлини ўқишга қўяди. Билим юртида Ғуломжонга Юнус Ражабий ва Ориф Қосимов дутор чолғусини анъанавий йўлда ўргатадилар. Устоз Юнус Ражабий шогирдини халқ куйлари, ўзбек мақомларига меҳри баландлигини сезиб, имкони борича дуторда уларнинг чолғу йўлларини ўргатади.

1936-йилда билим юрти Шайхонтохур дахасига кўчирилиб, Ҳамза номи берилади ва бу ерда нота билан ўқиш йўлга қўйилади. Устоз Юнус Ражабий шогирдига маслахат бериб, «Санъат олами катта уммон уғлим, шунинг учун ёш сан, қобилиятинг бор, ўқишни давом эттирасан. Иложи бўлса энди бошқа чолғуни ўрганишга харакат қил, дуторни эса ишончим комил қўлингдан бир умр қўймайсан».

Ғуломжон Қучкоров устози айтганини қилади ва танбурда Рисқи Ражабий, ғижжакда Сурен Габриэляндан таълим олиб, ўқишни давом эттиради. У 1942-йилда билим юртини тугаллайди. 1949-йилда эса Тошкент Давлат Консерваториясининг ўзбек халк чолгу асбоблари бўлимига ўқишга кириб, 1954-йилда уни дирижёр, созанда ва педагог сифатида мувоффақиятли тугатади. Ғуломжон Қучкоров Созандаликда ҳам, ўқитувчи сифатида ҳам машхур бўлиб, қариб 60 йилдан ортиқ иш фаолиятида деярли купчилик устоз санъаткорларда бўлганидек, бу икки йуналишда баравар фаолият кўрсатиб келди.

Ғуломжон Қучкоров 1938 йилдан то 1973 йилгача Ўзбек Давлат Филармониясининг халк чолгулари оркестри жамоасида созанда бўлиб ишлаш билан бирга, яккахон созанда сифатида ҳам фаоллик кўрсатади. Айниқса устозининг 1942 йили Жумхурият ўқувчилар ва кашшофлар саройида Ўрта Осиёда биринчи хаваскор болалар ўзбек халқ чолғу оркестрини ташкил этиши алохида тарих бўлиб қолди. Ўзи ташкил этган бу болалар хаваскорлик оркестрида Ғуломжон ака қарийб 1970 йилгача раҳбарлик қилиб, Жумхурият болалар бадиий хаваскорлик санъатининг ривожланишига катта хисса қушди. Устоз у ерда ишлаш билан бирга 1961 йилдан 1994 йилгача Тошкентдаги Толибжон Содиқов номли биринчи болалар мусиқа мактабида ҳам ёш авлодга чолғу сирларини ўргатиб келди.

Ғуломжон ака мураббийлик билан бир қаторда турли жанрларда ёзилган 50 дан ортиқ мусиқа асарларини муаллифидир. Бу асарларнинг кўпчилиги болалар педагогик репертуарини ташкил этади. Китоблардан Республикамиз мусиқа мактаблари ва ўрта махсус ўкув юртларида, Олий санъат даргохларида кенг фойдаланилмокда. Булардан:

  1. «Шодиёна» – Ғофур Ғулом нашриёти, 1982йил.
  2. «Дутор садолари» – Ғофур Ғулом нашриёти, 1987йил.
  3. «Дутор ноласи» – Ўзбекистон Маданият Вазирлиги, Халк таълими Вазирлиги, Жумхурият ўкув методик маркази. 1992 йил.
  4. «Миллий чолғуларни ўрганиш» – Абдулла Қодирий номли халк меъроси нашриёти. 2002 йил.
  5. «Ўзбек миллий созгарлари» – Мусиқа асбоблари ясайдиган усталар хакида китоб. Тошкент 2007 йил ва бошқалар.

Устанинг яна бир хислати диққатга сазоворки, унинг синфида ўкиган ёки тўгарагига қатнашган жуда кўплаб хаваскорлар, ёш мусиқачилар аксарияти кейинчалик хаётларини катта санъатга бағишлайдилар. Ғуломжон Қучкоровнинг шогирдлари рўйхатидан: Ўзбекистон халк артистлари, профессорлар:

  1. Сайфи Жалил-композитор, Давлат мукофоти совриндори.
  2. Тўлкин Қурбонов- композитор.
  3. Уйғун Ашрапов- Қориёкубов номидаги ўзбек давлат филармониясининг собиқ директори, созанда.
  4. Афзал Рафиқов- актёр, созанда.
  5. Каримжон Азимов-профессор, созанда, дирижёр.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист ва Маданият ходимлари:

  1. Тельман Хасанов – бастакор, хонанда ва созанда.
  2. Шукрулла Ахмаджонов – созанда, доцент.
  3. Манноб Эргашев – созанда, ўкитувчи.
  4. Хасан Азимов – созанда.

Биз бу рўйхатни кўплаб давом  эттиришимиз мумкин.

Ғуломжон Қучкоров ўз шогирдларига нафақат санъат сирларидан, балки биринчи навбатда одамийлик, камтаринлик, оқибат, мехр-мурувват каби инсоний фазилатларни сингдириб, сабоқ бердилар ва бундан ўзлари доимо ўрнак бўлиб келдилар.

Ғуломжон ака Қучкоров бутун умрини мусиқа таълими ривожи учун хисса кўшган республикамизнинг энг кекса мохир созанда –мураббийларидандир. Унинг серқирра ижодий фаолияти Ўзбекистон мусиқа жамоатчилигига яхши маълум. Ҳамза номидаги мусиқа билим юртининг биринчи қалдиргочларидан бўлган Ғуломжон Қучкоров ўзбек халк чолғу асбоблари оркестри ва турли ансамблларнинг ташкилотчиларидан бири ҳамдир. Унинг ижодий хаётида созандалик фаолияти, ўзбек халк мумтоз куйлари ташвиқоти салмоқли ўрин эгаллайди. Ғуломжон Қучкоровнинг узлуксиз радио ва телеведениядаги яккахон концертлари бунга исботдир. Устознинг ижрочилиги аксар дуторчилардан фаркли ўларок, унг кул заблари залвори билан, чап қўл харакатлари эса узига хос характерланади. Бунда чап қўл чаққон ва ўта нозик усулларга бойлиги ва маълум даражада унг қўл вазифасини ҳам ўзига олиши билан ажралиб туради.

Устоз ижрочилик фаолиятида сермахсул созандалардан. Унинг дуторда ижро этган 30 дан ортик ўзбек халк ва классик куйлари Ўзбекистон радиосининг олтин хазинасидан муносиб ўрин олган ва ушбу куйлар радио тўлқинлари орқали мунтазам таралиб туради.