Тошкент ш. Яшнобод т. Махтумқули к. 49 уй
+998 (71) 286-31-77 , +998 (71) 286-30-91

Ўзбекистон халк артисти Ориф Қосимов

Ўзбекистон халк артисти Ориф Қосимов

1926-йилда Тошкентнинг эски шаҳар қисмидаги 113-мактабда, ўша даврдаёк таникли, машхур бўлган созанда, хофиз, бастакор Юнус Ражабий раҳбарлигидаги бадиий хаваскорлик тўгараги очилади. Болалигидан мусиқага хаваси зўр ёш йигитча Ориф ҳам ушбу ансамблга қатнашади. У аввал най чолғусини ўрганади ва дурустгина ижро эта бошлайди.

Ансамбл аста-секин ривожланиб, кенгайиб боради, иштирокчилар сони, чолғулар тури ҳам кўпайиб боради. Кўпгина мумтоз созандалардек, Ориф Қосимов ҳам турли чолғуларда бир хил даражада ижро этиш малакасини эгаллайди.

1956-йилда Ўзбекистон давлат радиоэшитириш қўмитасид, Юнус Ражабий раҳбарлигида ихтисослашган ўзбек халк чолғу асбоблари мусиқа ва қўшиқ ансамбли ташкил этилди. Кейинчалик у мақом ансамбли деб юритилди.

Ориф Қосимов бу ансамблда мохир дуторчи созанда сифатида иш бошлади ва элга танилди. У мақомчилар ансамблида Устоз Юнус Ражабийдан кўплаб ўзбек халк куйлари ва мақомлари чолғу усули сирларини ўрганди ва ижро этди.

У ижрода ўнг қўл зарбларининг усулларга бойлиги билан ажралиб турар ва шогирдларига ҳам анчайин қийин, турли зарбларни ўргатар эди. Масалан баъзи дуторчилар «терма зарб» усулини фақат кўрсаткич ва бош бармоқ билан ижро этсалар, Ориф ака ҳамма бармоқларини ишлатар эдилар. Бадиий услубларини унинг ижросида кўплаб учратиш мумкин.

Хозирги вақтда Ориф Қосимовнинг кўпгина яратган асарларини шогирди, таниқли фидойи созанда-муаллим, чолғу ижрочилари республика конкурсининг лауреати, Ўзбекистон давлат консерваториясининг профессори Бокижон Рахимжонов нотага ёзиб олиб, «Дутор тароналари» I ва II китобини нашр эттирган. Бу китобларга Ориф Қосимовнинг энг оммабоб асарлари киритилган ва хар куйга ижро этиш усул белгилари, йўл-йўриқлари, зарбларни қандай ижро этиш бўйича кўрсатма ва тушунчалар берилган. Иккала китоб ҳам мусиқа ўқув даргохлари талаба-ўқувчилари учун уқув дарслик сифатида нашр этилган.

Устоз Ориф Қосимов узоқ йиллар созандалик билан бирга консерватриянинг анъанавий мусиқа факультетида талабаларга мақом ижрочилиги махоратидан дарс берадилар. У киши ўзининг бой тажриба ва қобилиятларини ёш ижрочи созандалар, шогирдларига мехр қўри билан ўргатадилар. Ориф Қосимов асарларидан бир нечтасини машхур композитор ва дирижёр, Ўзбекистон халк артисти Дини Зокиров ўзбек халк чолғу оркестрига мослаштирилган ва радионинг олтин фондига ёздирилган. “Қизил карвон”, “Дил талпинур”, “Тебранур” ва бошқалар шулар жумласидандир. Ориф Қосимов кўплаб қўшиклар муаллифи бўлиб, у кишининг бевосита дуторда жўрлигида Ўзбекистон халк артистилари Халимахоним Носирова, Саодат Қобулова, Берта Давидова, Комуна Исмоилова, Ориф Алимахсумов ва бошқалар уларни ижро этишган.

Унинг неваралари Олимжон, Нодир ва Султон Қосимовлар буваларининг йўлидан бориб, таниқли дуторчи, созанда бўлиб етишдилар. Айниқса Султон Қосимов ёшлигидан анъанавий усулда сабоқ олгач, кейинчалик, бобоси уни етаклаб, ўзининг шогирди-машхур дуторчи созанда –мураббий, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ғуломжон Қучкоровга ўқишга олиб боради. Хозирги кунда Султоннинг ўзи ҳам дурустгина созанда-муаллим хисобланади.

Ориф Қосимов дутор ижрочилигида ўзига хос мактаб яратди. Унинг узоқ йиллик самарали мехнатлари, шогиртлар етиштиришдаги ва ижодий фаолияти ҳамда мохирона ижрочилиги учун Ориф Қосимовга, аввал, Ўзбекистонда хизмат кўрсатганартист, сунгра Ўзбекистон халк артисти юксак унвони берилди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар, дуторчи-созандалар Махмуд Юнусовлар ҳам устоз Ориф Қосимовнинг издош –шогирдларидан бўлиб, анъанавий дутор чолғусида узоқ йиллар ўзларининг мохирона ижролари билан ўзбек халк мусиқа ижрочилиги санъати ривожига катта хисса қушган созандалардандир.

Махмуд Юнусов узининг мусиқавий ижрочилик фаолиятини скрипка созида бадиий хаваскорлик ансамблида бошлаган бўлсада, катта профессионал санъатга 1950-йилларнинг бошида кириб келди. У ўзбек халк чолғулари оркестрида дуторчи созанда бўлиб ишларкан, Ориф Қосимов билан бирга халк куй-қўшиқларини ижро этиб, ўзининг санъатини ўстирди. Яккахон созанда сифатида ойнаижахон, радио ва бошқа жойлардаги концертларда чиқишлари билан дутор чолғуси оммавийлашувига хисса қушди. Бора-бора ўнлаб ҳам дуторда ўзига хос ижро этиш йўллари, усуллари пайдо бўлди. У Зокиржон Обидов билан биргаликда дутор ижрочилигида биринчи бўлиб ўнолғич (пластинка)га дутор куйларини ёздирди. Махмуд Юнусов ижросида ўзбек куйларидан ташқари, кўплаб қардош халклари, оханглари ҳам янграган. Унинг ижросида «Муножот», «Самон дугох», «Синахирож», «Қушчинор», «Жазоир» каби халк классик куйлари жуда майин оханги, турли усул зарбларга бойлиги билан, шунингдек, бошқа дуторчи созанда усталари ижросидан чап қўл бармокларининг тезкор мохирона харакати билан ажралиб туради. Буни биз «Чўли ироқ», «Чоргох», «Уфори Насрулло» каби мақом мушкулот (чолғу қисми) шўба куйлар ва бошқаларда яққол кўрамиз. Нола, қочирим, нихшисирпанлар бу куйларда, айниқса чап қўл харакатида, усталик билан тезкор (техник) ижро этилади ва жаранглайди. Ўзбекистон ойнаи жахони ва радиосида 1960-1980йилларда Ориф Қосимов, Махмуд Юнусов, Зокиржон Обидов, Ғуломжон Қучкоров, Турғун Алиматов, Абдумутал Абдуллаев каби ва бошқа мумтоз созандаларимиз ижросида «Дутор ва танбур наволари», «оханглари», «тароналари» туркумидан тез-тез концертлар бериб туриларди. Бундай концертларда халқимиз юқорида номлари зикр этилган устоз санъаткорлар ижроси-ижодидан, махоратидан беқиёс ва бетакрор маънавий озуқа, завқ-шавқ, яъни сўзлаб ифодалаш мушкул оромбахш хузур, бахра олади. Ориф Қосимов билан Махмуд Юнусов гоҳида Зокиржон Обидов билан бирга, гоҳо Ғуломжон Қучкоров биргаликда журнавозанда бўлиб, куйлар ижро этишарди. Улар биргаликда қандай куйни ижро этмасинлар, доимо оханглар бир маромда, зарблар усуллар, нолаю, қочиримлар, гуёки бир киши ижро этаётгандек жарангларди.

Махмуд Юнусов ҳам устози каби машхур дуторчи-созанда бўлиб, элга танилди. Тошкент маданий-оқартув билим юртида талабаларга ўзининг бой тажрибасидан сабоқ берди. Бир неча хаваскорлик тўгаракларига бошчилик қилди. Унга юксак ижодий –ижрочилик махорати ва фаолияти учун Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвони берилди.