Тошкент ш. Яшнобод т. Махтумқули к. 49 уй
+998 (71) 286-31-77 , +998 (71) 286-30-91

Орифхон Ҳотамов ижоди

Орифхон Ҳотамов ижоди

(1925-2002)

Орифхон Ҳотамов – моҳир созанда, ўзига хос ижро услубини яратган хонанда, самарали ижоди билан мусиқа маданияти равнақига катта ҳисса қўшган бастакор, ўтмиш устозларимиз анъаналарини яхши идроклаган, баркамол авлод ёшларни тарбиялаган меҳрибон устоздир[1]. Бўлғуси бастакор 1925 йили Жиззаҳ шаҳри Ҳотамхон Неъматов хонадонида таваллуд топган. Ҳотам ака оиласи 1936 йили Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳрига кўчиб келади. 1938 йили эса Тошкентга кўчиб ўтишади. 1944 йилгача ўрта мактабда бошланғич маълумот олади. Шулар қаторида мусиқага жуда қизиқади. Бу иштиёқ ёш истеъдодни мактаб тўгарагига етаклайди. Қисқа вақт ичида най ва скрипка чалишни пухта ўзлаштириб олади. 1944 йилдан у Янгийўлда фаолият олиб бораётган мусиқали дарама театрига ишга таклиф этилди. Бу ерда у Тўхтасин Жалилов, Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов, Мухторжон Муртазоев, Холхўжа Тўхтасинов каби замонанинг устоз санъаткорлари билан танишди. Уларнинг сабоғини олади ва биргаликда ҳамкорлик қилади. Айнан шу даргоҳда Орифхон Ҳотамов ғижжак чалиш сирларини ўрганади ҳамда бастакорлик ижодини бошлайди. 1945 йили Ўзбек давлат филармониясига ишга киради.  Ушбу даргоҳнинг турли концерт бригадаларида 5 йил давомида ўз замонасининг забардаст устоз-созандалари билан биргаликда фаолият кўрсатади.  1950 йили Ҳамза номидаги Тошкент давлат мусиқа билим юртига ўқишга киради. Бу даргоҳда 4 йил устоз-созанда З.Қодиров синфида ғижжак ижрочилигидан  сабоқ олади. Орифхон Ҳотамов билим юртида ўқиш билан бирга ижрочилик фаолиятини давом эттиради. Айниқса, Жўрахон Султонов билан ҳамкорликни мустаҳкамлайди. 1954 йили билим юртини муваффақиятли битириб, икки йил мактаб тўгаракларида  болаларга мусиқадан дарс беради.  1956 йили Ўзбекистон давлат радиоси қошида ташкил этилган, Дони Зокиров раҳбарлигидаги ўзбек халқ чолғу оркестрига сато чолғусичиси сифатида ишга қабул қилинади. 1959 йили радио қошида кекса санъаткорлардан ташкил топган мусиқий этнографик ансамбль ташкил этилади ва  Орифхон Ҳотамов ҳам бу жамоага ишга таклиф этилади. Ушбу жамоада устозлар билан фаолият олиб боради ва мусиқий меросни қайта тиклаш ҳамда магнит тасмаларига муҳрлаш билан шуғулланади.

Бастакор 1976 йилдан бошлаб умрининг охиригача радио қошидаги мақомчилар ансамблида маслаҳатчи сифатида фаолият олиб боради. У ижрочилик фаолияти билан бирга М.Уйғур номидаги Тошкент таетр ва рассомчилик институтида ҳамда Ўзбекистон давлат консерваторияси анъанавий ижрочилик кафедраларида педагогик фаолиятини олиб бориб, талабаларга анъанавий хонандалик бўйича сабоқ берди. 1986 йили Ўзбекистон бастакорлар уюшмасига қабул қилинди. 1989 йили Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, 1993 йил Ўзбекистон халқ ҳофизи, 1997 йилда “Дўстлик” орденлари билан тақдирланган.

Орифхон Хотамов – ХХI асрга келиб мумтоз мусиқа санъатида беназир бастакор, устоз санъаткор номига муяссар бўлиб, элнинг эъзозига айланди. У мусиқа санъатининг созандалик (танбур дутор, скрипка), хонандалик (яккахон, ҳамнафаслик-жўрнавоз, катта ашула), устозлик (Матлуба Дадабоева, Маҳбуба Ҳасанова, Бекназар Дўстмуродов, Сойиб Ниёзов, Насиба Сатторова каби бир қатор шогирдлар тарбиялади), бастакорлик йўналишларида моҳирликка эришди ва ўз ижро услубига эга бўлди.

Унинг ижодининг шаклланишида Фарғона-Тошкент ижро анъаналари, айниқса, устози Жўрахон Султоновнинг хонандалик анаъанаси катта таъсир этган.  Одатда ижро услубини шакллантирган ҳар бир хонанда, бастакор сифатида ҳам асарлар яратиб ижодий услубини мактаб даражасига олиб чиқади. Орифхон Ҳотамовнинг бу хусусда жуда катта меросга эга эканлигини эътироф этиш жоиз. Бастакор ўз ижодида 100 дан ортиқ мумтоз йўлларга мансуб бўлган ашулалар яратди. Замонавий хонандалик амалиёти Орифхон Ҳотамовнинг яратган асарлари ва унинг мактабига хос ижро йўли алоҳида ўринга эгадир.

Орифхон Ҳотамовнинг бастакорлик ижодида юзага келган мусиқий намуналар аввало ўзининг мумтозлиги билан ажралиб турса, улардаги оҳанг, сўз ва талқинига хос жиҳатлар дарқаҳиқат ашулаларни пурмаънолигини намоён этиб туради. “Сени излайман”, “Ҳолимни сўрмассан”,  “Самимий ошно”,  “Сен сиз”, “Аҳбоби билан”, “Фироқингизда”, “Илтижо”, “Жон фидо этар”, “Ҳасратта доғман”, “Сенсан севарим”, бу рўйхатни анча давом эттириш мумкин.

Буни энг аввало устозлар анъанасини давом эттириш деб тушунилса, иккинчидан мусиқий мерос уммонида юзага келган яна бир ижро услубининг намуналари дейиш мумкин. Зотан, мумтоз мусиқа ижрочилигида Орифхон Ҳотамовнинг ижро услуби мактаб даражасида ўрнини топди. Бу “Дармондан ортиқ”, “Айладинг қўйдинг”, “Қоши ёсинму дейин”, “Эй сарви қомат”, “Оқара бошлади”,  “Назар топ”, “Муддаолардан ҳали”, “Ватанимсан”, “Кам бўлармиди”, “Эй ўғил” каби ижод намуналарида яққол намоёндир.  Қайси асарига мурожаат этманг унинг шаклий тизими, лад жиҳатлари, метро-ритмик асослари ва энг муҳими жанрлик хусусиятлари мақом йўлларига хослигини кузатиш мумкин. Жумладан, унинг “Қоши ёсинму дейин” ашуласи.

Асар Ушшоқ ладига мос бўлиб, Ушшоқлар йўлида яратилган асарлар сифатида кўриш мумкин. Унинг шаклий тузилмаси, ривожланиш тамойили, авжлар тизими мақомларга хослигини эътироф  этиш мумкин. Ашула бир жумла усул талқинидан кейин даромад қисми бошланади. Бу ҳам мумтозлик аломатидир. Мисол № 24.

 

Ашула ре тоналлигига асосланган бўлиб, мажор ва минорли хусусиятига эгадир. Асосий мавзу биринчи жумлада  ўз ифодасини топган. Айнан мавзунинг кейинги ривожи ўзига хос тизимли тарзда амалга оширилади. Ашуланинг охирги нуқталаригача мавзунинг оҳангги сақланиб қолинади. Ўзига хос авжлар ашуланинг кульминацион нуқтасини ташкил этади. Авжлар тизимидан кейиги Соль босқичига (4) оғишма ҳам ушшоқлар анъанасига мослигини кўрсатиб туради.

Орифхон Ҳотамовнинг бастакорлик ва ижрочилик ижодий меросини англар эканмиз, биз унда 4 тамойил уйғунлашганлига гувоҳ бўламиз:

  1. Ижрочилик амалиётида унутилиб, истеъмолдан чиққан мусиқий намуналарни қайтадан тиклаш.
  2. Янги сўзлар билан мерос намуналарига қайта қанот бериш. Жумладан: Гирья I,II,III,IV ва V, “Ушшоқи Содирхон”, “Қашқарчаи Ушшоқи Содирхон”, “Синахирож” ва ҳ.к.
  3. Мумтоз услубда яратган янги асарлар (бастакорлик ижоди).
  4. Ижодининг ўз ҳаётий кечинмалари асосида шакллантиради.

Орифхон Ҳотамовнинг келажак авлод учун мерос қилиб қолдирган асарлари аллақачон халқимиз дилидан жой олган, мусиқамиз меросига айланган. Хонандаликнинг замонавий йўналишларининг барчаси ўзига хос мослаштирилган услубда, ўз мактаб хусусиятини йўқотмай ижро этилиб келинмоқда.