Тошкент ш. Яшнобод т. Махтумқули к. 49 уй
+998 (71) 286-31-77 , +998 (71) 286-30-91

Юнус Ражабий (1897-1976)

XX  аср ўзбек санъатига улкан ҳисса қўшган санъаткорлар сулоласининг сарбони Юнус Ражабий 1897 йилда Тошкент шаҳрининг  Чақар маҳалласида таваллуд топган. Унинг бир эшитган мусиқий асарни  то бошидан охиригача  эсида сақлаб қолиш “қувваи ҳофизаси” устозлар эътиборини тортди ва у боғ қўшниси  андижонлик Мирзақосим ҳофиздан  Фарғона- Тошкент мақом йўлларига мансуб ашулаларни,   халқ орасида машҳур мақом намуналарини эшитиб,  ўзлаштириб боради. У жуда ёш халқ орасига  ижролари билан кириб боради ва Мулла Тўйчи Тошмуҳамедов, Шораҳим Шоумаров сингари мақом билимдонлари, моҳир хонандаларнинг назарига тушади. 1919 йили Тошкентда ташкил топган “Туркистон халқ консерваторияси”да таълим олади.1923 йили ўқишни битириб акаси Ризқи Ражабий, Имомжон Икромов, Исмат чангчилар билан Самарқанд билим юрти қошида очилган мусиқа мактабида  муаллимлик қилади. Машҳур ҳофиз Ҳожи Абдулазиз Абдурасуловдан сабоқ олади, у яратган “Гулузорим”, “Бебокча”, “Бозиргоний”, “Гуллар боғи” каби ашулалардан ташқари ”Бузрук”, “Ироқ” ва уларнинг тароналари,  “Ушшоқ”нинг барча намуналарини хотирасига жойлаб олди. Ю.Ражабий 1925 йили Самарқанд мусиқали театрида “Абулфайзхон”, “Ёрқиной”, “Падаркуш” спектаклларини мусиқа билан безаган бўлса, 1926 йилда “Лайли ва Мажнун”га (Ш.Хуршид пъесаси) мусиқа басталайди. У бундан кейин ҳам ўз ижоди билан 10дан ортиқ мусиқали драмаларга  оҳанглар боғлаган,  композиторлар билан  ҳамкорлик қилган. Юнус Ражабий 1927- 1942, 1945-1953 йилларда Ўзбекистон радиокомитети қошидаги ўзбек халқ чолғулари ансамбли, сўнгра оркестрида бадиий раҳбар сифатида фаолият олиб борди. 1955-1959 йиллар давомида 1500дан ортиқ тўплаган  халқ куй ва ашулалари, ялла ва лапарлари, терма ва достонлардан намуналарни ҳамда ”Шашмақом”ни ноталаштириб беш жилддан иборат “Ўзбек халқ мусиқаси”китобини нашр этади. Ю.Ражабий 1959-1976 йиллар мобайнида Ўзбекистон телерадиоси қошидаги мақом ансамблига бадиий раҳбарлик қилди ва олти мақомнинг барчасининг ижросини оҳанграбо тасмаларга ёздириб, радио олтин фондига қолдиришга муяссар бўлди. Унга 1939 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби”,1953 йилда “Ўзбекистон халқ артисти”, 1966 йилда Академик юксак унвони, 2000 йилда ”Буюк хизматлари учун” ордени берилган.