Тошкент ш. Яшнобод т. Махтумқули к. 49 уй
+998 (71) 286-31-77 , +998 (71) 286-30-91

Ориф Алимахсумов

Ориф Алимахсумов 1927 йилда Тошкент шаҳрида  таваллуд топган. У ноёб хислатга эга бола бўлиб, ниҳоятда хотираси кучли эди. Бу хусусият унга  ўсмирлик ва балоғат ёшида қўл келиб, камолотига нарвон вазифасини ўтаган. У радио орқали янграган ашулаларни бир марта эшитиб, иккинчи маротаба  баралла ижрочи билан қўшилиб айта олишга эришган.  Ўша даврда радиода куйлаган Т.Каримов, Э.Ҳайдаров, А. Ҳайдаров, К.Зокиров,Б.Мирзаев, Ғ.Ғаниев, ака-ука Шожалиловлар, ака-ука Сўфихоновларнинг ижроларини худди ўзларидай айтишга ҳаракат қиларди ва унинг уддасидан чиқарди.У 10  йил тўқимачилик фабрикасида ишлаш давомида ҳам куйлади. Машҳур созанда ва бастакор Муҳаммаджон Мирзаев унинг истеъдодидан хабар топиб, филармонияга ишга олиб кетади. 1959 йилда Ўзбекистон радиоси қошида мақомчилар ансамбли ташкил этилиб, Юнус Ражабий Ориф Алимахсумовни шу жамоага таклиф этади.

Мақом ансамблидаги фаолиятида хонанда радио фондига “Таронаи баёт”, “Муғулчаи наво”, “Фарғонача шаҳноз”, “Савти калон”, “Гиря – I,II”, ”Фиғон”, бастакорлар асарларидан “Раъноланмасун”, “Тўй муборак”, “Гуллар водийси”, “Бахт”,  “Сўлим”, “Чўли ироқ” ва бошқа юзлаб ашулалар ёзилган.О.Алимахсумов устози Юнус Ражабийдан сўнг  мақом ансамблининг бадиий раҳбари бўлди.

У 1967 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист”, 1977 йилда “Ўзбекистон халқ артисти” юксак унвонлари, 2000 йилда эса “Эл – юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланган.