Тошкент ш. Яшнобод т. Махтумқули к. 49 уй
+998 (71) 286-31-77 , +998 (71) 286-30-91

Йўлдошев Махаммаджон

Ўзбекистон халқ ҳофизи Йўлдошев Махаммаджон 1953 йил 11 августда Андижон вилоятининг Избоскан туманида, ишчи оиласида туғилди. Бошланғич таълимни Избоскан туманидаги 29–мактабда ўрта мактабда олди. Ёшлигидан мусиқа ва ашула айтиш иштиёқи баланд бўлганлиги учун Пахтаобод туманидаги мактаб–интернатга ўқишга кирган. У ерда етук созанда Хайдар Рахимов қўлида ғижжак чалиш билан биргаликда хонандалик сирларини ҳам ўргана бошлади. Мактаб ёшидан дала меҳнаткашларига якка ўзи концерт берди.

1969 йили мактабни тугатиб, Андижон шахридаги Тўхтасин Жалилов номидаги мусиқа билим юртига ўқишга кирди. Ўқиш давомида кўп устозлар қўлида санъатнинг сир асрорларини қунт билан ўрганди. Шу даврларда Андижонлик машхур созанда, хонанда ва бастакор Ғуломжон Хожиқулов ўгитларидан, Ўзбекистон халқ ҳофизи Фаттоххон Мамадалиевдан ашула айтишнинг нозик сирларини ўрганди. Ўқишни тамомлаб 1973 йилдан 1987 йилгача Андижон Давлат Филармониясида меҳнат фаолиятини бошлади.           1987 йилда Маҳмуджон Йўлдошевни Ўзбекистон халқ артисти буюк санъаткор Ғанижон Тошматов тавсияси билан Ўзтелерадио компания қошидаги Юнус Ражабий номидаги мақом ансамблига ишга таклиф этилди. Бу ерда устозлар Ўзбекистон халқ ҳофизлари Орифхон Хотамов, Очилхон Отахонов, Эсон Лутфуллаев, Ўзбекистон халқ артисти Коммуна Исмоилова, хонандалар Жўрахон Рахимов, Шокиржон Эргашевлардан хонандалик сир асрорларини қунт билан ўрганди. Улар билан бир сафда туриб ашула айтиш масъулиятини хис қила бошлади.

Якка ижролари таҳсинга лойиқ. Овозидаги маюслиқ, дардлилик билан бир қаторда чапанилик, серғайратлилик асар ва ижро савиясини етуклигини кўрсатади. Овоз кўламининг кенглиги айнан мақом ижросига мос келиб, “Драмматик тенор” туридир.

Маҳмуд Йўлдошевнинг ижро дастуридан ўрин олган йирик асарлар билан бир қаторда, дардли, ёниқ ашулалар ҳам бор. Унга табиат ато этган овозига барча хонандаю созандалар ҳавас қилса арзиди. Шунинг учун ҳам Маҳмуд Йўлдошевга кўпчилик устоз санъаткорлар изланиб, унинг овозига мос келадиган ашулаларни топиб ёки басталаб ўргатишга ҳаракат қилишади. Албатта яратилган ашуланинг муваффақияти унинг ижрочисига ҳам боғлиқ бўлади. Ўзбекистон халқ артисти моҳир созанда ва бастакор Абдухошим Исмоилов яратган асарларни қарийб энг сараларини ижро қилиб магнит тасмаларига ёзди. Шу кунгача Ўзтелерадио компаниянинг олтин хазинасида 100дан ортиқ Маҳмуджон Йўлдошев ижросидаги ашулалар бор. Бундан ташқари вилоятлар бўйлаб концерт сафарларида кўплаб иштирок этган.

Маҳмуджон Йўлдошев хозирда 5 фарзанднинг отаси, 13 набиранинг бобоси. Унинг фарзанди Абдулло Йўлдошев санъатга ошнодир. Хозирги кунда унинг ҳам ўзига яраша кўплаб ашулалари мавжуд.

2006 йили Мухиддин Қори Ёқубов номидаги бадиий жамоалар дирекцияси қошидаги “Мумтоз” ансамблига ишга таклиф этилди. Хозирги кунга қадар ёш хонандаларга устозларидан ўрганган миллий бойликнинг ижро махоратини ўргатиб келмоқда.

2000 йил Маҳмуджон Йўлдошевнинг барча ҳизматлари инобатга олиниб Президент фармонига кўра “Ўзбекистон халқ ҳофизи” унвони билан тақдирланди. Халқимизнинг ўлмас дурдоналари бўлмиш “Насруллойи”, “Насри уззол”, “Чапандози Ироқ”, “Мустахзоди Наво”, “Савти Сарвиноз” каби йирик ва ижроси мураккаб бўлган мақом шўбаларини магнит тасмаларига ёзган. Маҳмуджон Йўлдошевнинг дардли, куйк ва кенг кўламли овози жуда ноёб хисобланиб, келгуси авлодлар учун унинг ижросидаги асарлар ўз қадр қимматини йўқотмайди.