Тошкент ш. Яшнобод т. Махтумқули к. 49 уй
+998 (71) 286-31-77 , +998 (71) 286-30-91

 «МИРЗАДАВЛАТ»

 «МИРЗАДАВЛАТ»

Ҳақиқий қалбдан яралган ва халқнинг чин маънавиятини инъикос этган асар – умрбоқийликка хосдир. Бой мусиқий меросимизда бундай асарларлар талайгина. Уларни қайси авлод тингласа, халқининг маънавий дунёсидан баҳра олган бўлади ва ардоғига айланади. Ана шундай мусиқий намуналардан бир «Мирзадавлат» куйидир. 

Маълумки, ўзбек халқ мусиқа мероси халқимизнинг маънавияти, руҳияти, миллий қадриятларининг инъикос этувчи намуналарга бойдир. Халқ бастакорларининг самарали ижодиёти заминида беҳисоб асарлар яратилиб мусиқа хазинаси бойиб келган. Улар орасида замонлар синовларидан ўтиб миллий қадриятларга айланиб кетган намуналар ҳам талайгина. Улар авлодларнинг ардоғига айланиб, даврлар ривожида ҳаёт билан ҳамнафас, ижрочилик амалиётини безаб, халқимизнинг маънавий камоли учун руҳий мадад сифатида қадрли эканлигини эътироф этиш мумкиндир. Танаворлар, Муножотлар, Ажаму Дилхирожлар, Баёт ва Ушшоқлар шулар жумласидандир. Бу асарларни қайси авлод тингласа бирдек завқланади, мозий садоларидан баҳраманд бўлиб руҳий озуқа олади. Қанчалик юксак маънавиятли халқнинг вакили эканлигини англайди. Энг муҳими ана шу маънан бой миллат вакили эканлигини англаш имконига эга бўлади, аждодлар анъанасига муносиб бўлишга интилиб яшайди.

Мусиқий оҳангларнинг қанчалик қудратли кучга эга эканлиги хусусида ўтмиш алломалари ўзларининг рисолаларида баён этганлар. Фаробий, Ибн Сино, Жомий ва Фитрат каби алломаларнинг илмий меросида мусиқа санъатининг турли жиҳатлари тадқиқ этилиб, сирли дунёси хусусида фикрлар баён этилган.  Амалиётда эса халқимиз томонидан яратилган мусиқий намуналар, ижод этилган манзил (шаҳар ёки мамлакат), уларнинг яратувчилари ва ижрочилари ҳақида бир қатор ривоятлар битилган. Ҳаттоки, яратган асарларнинг номи сифатида мусиқий меросга муҳрланган. “Абдураҳмонбеги”, “Мирзадавлат”, “Ҳожиниёз”, “Ражабий”, “Ўзганча”, “Ироқ” каби мусиқий намуналар шулар жумласидандир. Ҳар бир асар ўз ижро услуби жиҳатдан муайян йўлга (“йўл” ҳам мақомларнинг бир туридир) асосланган ҳолда ижод этилганлиги, куйнинг шаклу-шамоили ва таркибий тузилишидан аёндир. Тарихга муҳрланган ва авлоддан-авлодларга ўтиб ўз маънавий салоҳиятини сақлаб келаётган куй ва ашулалар халқ маънавий меросига айланган ва улар анъана ва замонни доимий тарзда инъикос этиб, уйғунлаштириб турувчи маънавий мерос сифатида қадрланиб келинган.  

“Мирзадавлат” куйи ҳам ана шундай хусусиятлар билан суғорилган, юксак маънавий салоҳиятга эга бўлган, мақом йўлларига хос ҳолда яратилган асарлардан биридир. Ўз даврининг чолғу ижрочилиги амалиётида, машҳур созандалар эътиборига тушишга муяссар бўлган ва ижро репертуарларидан муносиб ўрин эгаллаган. Мирзадавлат, Фарғона водийсида яшаб ижод этган атоқли санъаткор, куй бастакорининг номидир. Маълумки, Фарғона водийсининг сарҳадлари кенг ва халқлар маданиятининг бир-бирига таъсири, ижодий уйғунлиги тарихий анъаналарга айланган. Азалий бастакорлик асарларида, шарқ халқлари мусиқа анъаналарида мавжуд бўлган айрим унсурлар ўзбекона тафаккур доирасида талқин этилганлигини кўриш мумкин. Шарқ ҳалқлари маданиятининг таъсири  асосида яратилган асарларнинг оҳангларида турли халқлар мусиқий оҳанглари, усуллари, ранг жилвалари гўзал уйғунлашганлиги эътироф этиб келинади. Бунга мусиқий меросимизда мавжуд “Рок”, “Мўғулча”, “Қашқарча”ларни кўрсатиб ўтиш мумкин.

“Мирзадавлат” куйи (“Ўзбек халқ мусиқаси” китобида Ю.Ражабий томонидан нотага олинган намунаси нашр этилган. Т., 1955 й. 353,354 бетлар) ҳам ўзига хос шарқона оҳангларда яратилган, мақомот таъсири ва мавзулари негизида ижод этилган кичик туркумий, яъни икки қисмли асардир. Ўзбек мусиқа меросидан ўрин олган ушбу асар амалиётда “Мирзадавлат 1-2” деб юритилиб келинади ва Фарғона водийси мусиқа анъаналарига кўра кетма-кетликда ижро этилади. Мусиқа меросимизда икки қисмли куйлар яратишга халқ бастакорлари алоҳида аҳамият берганлар. Чунки, бир характернинг икки жиҳатини намоён этувчи бундай куйлар ўзига хос жозиба ҳамда фалсафий маъно касб этиши билан ажралиб туради. Халқимиз қалбидан ўрин олиб,  авлодлар синовида янада жонланиб, халқиммиз маънавиятини, руҳиятини намоён этиб келаётган “Гирья 1,2”, “Ҳожиниёз 1,2”, “Шароб 1,2”, “Феруз 1,2”, “Қаландар 1,2”, “Фарғона рубоийси”, “Гулбаҳор ва Танавор” каби асарлар мусиқа ихлосмандларининг ардоғига айланиб улгурган.

Мирзадавлат шу воҳада яшаб ижод этган ва Андижон созандалик мактабининг намояндасидир. Ўз замонасининг устоз санъаткорлари анъанасини давом эттирган моҳир созанда ва бастакордир. Тақдир тақозоси билан маълум вақт Қўқон хонлигига қарашли Қашқар воҳисида яшаган ҳамда қашқарлик мақом усталарининг сабоғидан ҳам баҳраманд бўлган.  Халқимизда азалдан “Андижон созандалар юрти, Марғилон хонандалар макони” ёки “Куй Андижонда яратилади, Марғилонга келиб қўшиқ бўлади” деган ибратли сўзлар юради. Амалиётда ҳам дарҳақиқат, Андижон чолғу йўллари ва уларнинг забардаст намояндалари ҳамда ижодиёти алоҳида қадрланиб келинади. Шу билан бирга, мусиқа ижрочилиги амалиётида алоҳида ибратли томонлари билан ажралиб туради.    

Ижодкорнинг Андижон бастакорлик анъаналарига хос, Фарғона чолғу йўллари қолипида  яратган ушбу асари халқ орасида тез оммалашади. Халқимизнинг  миллий анъаналари ва руҳияти гўзал ифодасини топган ушбу асар амалиётда  ва халқ орасида куй бастакори номи билан аташ расм бўлди.  Мутахассислар бунинг сабабларини куйнинг ҳар томонлама мукаммаллигига, халқга яқинлиги ва бастакорнинг маҳоратига боғлашади. Дарҳақиқат, “Мирзадавлат” мусиқий намунасининг ўзига хослик жиҳатлари мавжуд.

“Мирзадавлат” куйи сурнай йўлларида яратилган ва  икки қисмдан иборат бўлиб, 2/4 ва 4/4 ўлчовига асосланган. Ҳар бир қисм ўз ижро суръатига эга ва узвий боғликликда ижро этилади. Асар илк бор сурнай созида ижро этилиб халқ орасида кенг оммалашган. Сурнай пардаларининг ўзига хос товушқатор тизимига эгалиги ва унинг садоланишидаги пардалар жойлашуви эски ўзбек лад тизимига хос бўлган. Чолғунинг имкониятлари садоланувчи товушлар орасида нимпардаларнинг жойлашуви ва талқинда жозибали оҳанг тараннум этилишини таъминлаб берган. Қолаверса, халқ орасида меҳтарлик касби билан донг тратган  андижон сурнай мактабининг вакиллари Убай меҳтар, Ашурали меҳтар, Рустам меҳтарлар ижросида гўзал талқинини топиб халқ меҳрига сазовор бўлган.

Асарнинг оҳанг мавзусида Қашқар оҳанглари сезилиб туради. Яъни,  “Мирзадавлат” асарининг илк мавзуси уйғур ўн икки муқоми таркибидаги Ироқ муқоми парда тизими ва оҳангларига жуда яқин. Бунинг асосида аввало куйнинг лад – парда тизими, товушқатори туриши муқаррар. Ушбу товушқатор сурнай пардаларига мос эканлиги билан изоҳланади. Шу боис, “Мирзадавлат” куйининг мавзуси ушбу воҳага хос оҳангларга жуда яқин эканлиги эътироф этилади.

Куй мавзусининг ривожланиш мезонидаги ўзига хослик ҳам эътиборга лойиқдир. Оҳанг ривожи гўёки, қатраларнинг бир бутунликда тараннум этилишига ўхшайди. Ундаги жумлаларнинг якуни ва бир лаҳзали сукутдан сўнг мутаносиб ҳолда давом эттиришларнинг тартиби асарга ўзгача услуб ва маъно ва руҳ бағшлайди. Ижрочини масъулиятга чақиради ва талқинда аниқлик ҳамда зукколик кўникмаларини ривожлантиради.

Асарнинг куй-оҳанги ва унинг ривожланувчи мезонларида европача мусиқий тафаккур ҳам сезилиб туради. Айниқса, товушларнинг кескинлиги, сакрама ҳаракатларнинг хилма-хил кўринишларда қарор топганлиги, аниқ урғули усулларни шиддатлилиги каби унсурлар европача мусиқа ижодиётига хосдир. Ушбу услублар мақомот мусиқий анъаналарида янгича ёндошиш деб қараш лозимдир. Қолаверса, ўзбек бастакорлик мактаби намояндаларининг шарқ ва ғарб мусиқа ижодиёти анъаналаридан доимо бохабар бўлиб келганликларини билдиради. Асарнинг фалсафий маъно касб этиши эса, даврлар оша интеграция жараёнига, яъни янгилашув, аралашув, қўшилишув мезонларига дош бериши билан бирга, янгидан янги жиҳатларини намоён эта олиши, замонга мослашувлик жиҳатларни ўзида мужассам этганлиги билан характерланади. Интеграция жараёни нафақат талқинга, балки парда ва товушқатор тизимига, чолғулар ижрочилик йўллари кесимида мослашувига ҳам таъсирини ўтказган.       

“Мирзадавлат” куйи ҳам чолғу ижрочилиги амалиётида, даврлар эврилиши жараёнига мослашган. Халқ ижрочилик кўникмаларининг такомиллашишида, чолғулар (скрипка, танбур, най ва ҳ.к.) ижро йўлларига мослашиш мезонини ўтаган. “Мирзадавлат” асарининг бошқа чолғу созлар талқинида янгича жозибалар намоён бўлганлигини қайд этиш лозимдир. Албатта, бу чолғулар ижрочилигида ҳам сурнай йўлларининг таъсири ўз ижобатини топган.  Кейинги даврларда Андижон ғижжак чолғу йўлларига хос талқин этилиши, танбур, най чолғулари ижрочилигига мослашиб гўзал талқинини топганлиги ҳам “Мирзадавлат” куйининг бетакрор жозибага эга эканлигидан далолат беради. Андижон ғижжак ижрочилик мактабининг Мўминжон Собиров, Ғанижон Тошматов, Комилжон Жабборов, Салохиддин Тўхтасинов, Ғуломжон Ҳожиқулов каби забардаст намояндаларнинг талқинида асарнинг янги қирралари намоён бўлди. Замонамизнинг моҳир созандалари Абдуҳошим Исмоилов, Ўлмас Расулов, Аҳмаджон Дадаев, Ўткир Қодировлар талқинида эса бу анъана давом этиб замон руҳи билан суғорилган вариантлари тақдим этилди. Қайд этиш жоизки, ушбу устозларнинг ижро йўлларида ҳам сурнай чолғу йўлининг таъсири беқиёс эканлиги мутахассислар томонидан эътироф этилган.  Қолаверса, анъанавий халқ чолғулари ансамбли ижросида “Мирзадавлат” ўзининг тўлақонли, пурмаъно ва юқори бадиий-эстетик имкониятларини намоён эта олди ва ансамбль ижрочилигида ҳам сезиларли даражада ривожланди. Асарнинг Андижон “Мерос” ансамбли, Ю.Ражибий номидаги мақом ансамбли, Ф.Содиқов номидаги мақом ансамбли каби ижодий жамоалар талқини бунга ёрқин мисолдир.

Тараққиёт жараёни ўз ҳукмини чиқаради. Унга монеълик қилишнинг иложи йўқ. Чунки даврлар ривожи ўз оқимида давом этиб келган. Бу барча соҳаларга ҳам бирдек таъсир этган. Тараққиётда муқаррар бўлган катта эврилишларнинг олдини олиб бўлмайди. Аксинча унга дош бериш, ўтмиш ва замонавий хусусият касб этиш мукаммалликдан, умрбоқийликдан далолатдир. “Мирзадавлат” мусиқий намунаси ҳам ана шундай маънавий маъно касб этувчи оҳангларни ўзида мужассам этган ва халқимизнинг мусиқий хазинасидан муносиб ўрин олган мумтоз асардир. Шу боис созандаларнинг ижро амалиётида муқаррарлик, янги авлод тарбиясида ибратли асарлар қаторида доимо севиб, ардоқланиб келинади.   

 

Мусиқашунос Соибжон Бегматов

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати”.11.11.2016 й.

 

 

 

 

 

“Мирзадавлат” – Ўзбек халқ куйи1  сурнай йўлларида яратилган ва  икки қисмдан иборат бўлиб, 2/4 ва 4/4 ўлчовига асосланган. Ҳар бир қисм ўз ижро суръатига эга ва узвий боғликликда ижро этилади “Мирзадавлат 1-2” деб юритилади.

 “Мирзадавлат” асарининг илк мавзуси уйғур ўн икки муқоми таркибидаги Ироқ муқоми парда тизими ва оҳангларига жуда яқин. Бунинг асосида куйнинг лад – парда тизими, товушқатори туради.

Куй Андижон созандалик мактабининг намояндаси созанда ва бастакор номи билан аталган. У маълум вақт Қўқон хонлигига қарашли Қашқар воҳисида яшаган ва мақом санъати усталарининг сабоғини олган. 

“Мирзадавлат” куйининг бетакрор жозибага эга эканлиги, ундаги икки халқнинг анъаналари уйғунлашганлигидадир.

Халқимизда “Куй Андижонда яратилади, Марғилонга келиб қўшиқ бўлади” деган ибратли сўзлар юради.

Кейинги пайтларда танбур, най, рубоб чолғулари ва айниқса ансамбл  ижрочилигида гўзал талқинини топган.

 

1“Ўзбек халқ мусиқаси” (Ю.Ражабий томонидан нотага олинган). Т., 1955 й. 353,354 б.

 

Тўлиқ маълумотни САЙДдан оласиз