Тошкент ш. Яшнобод т. Махтумқули к. 49 уй
+998 (71) 286-31-77 , +998 (71) 286-30-91

Маъмуржон Узоқов

ИБРАТЛИ ҲОФИЗ

 

Табиат мўжизакорлигининг чексизлиги, одамзодга берилган мислсиз имкониятлар, инъому–неъматлар, инсоният ҳаётининг ҳар лаҳзасида ўзини намоён этиб келади. Ҳақиқий амаллар эса ўз борлиғи билан авлодлар учун ибрат бўлади, халқ учун меросга айланади. Маъмуржон Узоқов ўз ижодий фаолиятида ана шундай жиҳатларни мужассам этган, хонандалик бобида халқимиз маънавий дунёсининг кўзгуларидан бирига айланган, касб эгаларига намуна бўлган ва авлодларимиз учун ибрат бўла олган устоз санъаткордир.

Маъмуржон Узоқов – манзурнафас ҳофиз, сеҳрли овоз соҳиби, сирли оҳанглар талқинчиси, беназир устоз, меҳрибон ота ва дўст. Ўзбек ҳофизлик санъатининг ёрқин намояндаси сифатида мероси улкан элга танилган санъаткордир. Фақат “Сувратинг” ёки “Ёлғиз”, “Якка бу Фарғонада” ёки “Йўлингда” ашулаларини тинглаганингизни ўзида бунга иқрор бўлишимиз мумкин.

Маъмуржон Узоқов дарҳақиқат халқимизнинг қалбидан ўрин олган, хонишлари билан санъатимиз сардорларидан бири, маънавиятимиз кўзгусига айланган шахсдир. Қолаверса чиройли овози, мазмундор ва билимли хонишлари билан элга танилган ҳофизларнинг аксарияти Фарғона водийси билан боғлиқ. Ашурали Маҳрам, Мадали ҳофиз, Болтабой Ражабов, Юсуфжон қизиқ Шакаржонов, Ҳамроқул қори, Эрка қори, Маматбува Сатторов, Жўрахон Султонов каби устоз санъаткорлар Фарғона водийсида туғилиб, вояга етганлар.

Таъкидлаб ўтганимиздек Марғилон ҳофизлик санъати мактабида овознинг диапозони кенглигини мукаммал даражага келтириш, авжлари жуда баланд ашулаларни қийналмасдан ижро этиш масалалари муҳим ўрин эгаллайди. Бунинг учун овоз танлашда жуда эҳтиёткорона ҳаракат этиш, танланган овозларни анъаналарга асосланиб ойма-ой, йилма-йил илмий асосда чуқур сабр-тоқат билан тарбиялаш бу овозлар халқимизга бир йил ўн йил эмас балки, умр давомида хизмат қила олишлигини таъминлаш муҳимдир. Ашула айтишликда ҳамма ҳофизлик мактаблари қатори Марғилон ҳофизлик мактабида инсон танасидаги овоз ҳосил қилувчи аъзолар ишини мукаммаллаштиришга чуқур эътибор берилган. Масалан: Ўзбекистон халқ ҳофизи Фаттоҳхон Мамадалиев ўзлари ёзган “Миллий ижрочилик масалаларига доир”  рисолаларида, катта ашула айтганда ҳофизнинг мабодо овози уринган бўлса ёнидаги бошқа ҳофиз – “танглай қилинг” – деган иборани айтиб ўтганлар. Энди савол туғулади, танглай қилинг дегани, нима дегани? Тажрибалардан маълумки, Бухоро–Самарқанд, Марғилон ҳофизлик мактабларида танглайга биринчи галда катта эътибор берилган. Ашула ижро этаётган вақтда агар танглай қоидага асосан тўғри кўтарилса табиий равишда хонандада тўғри нафас устуни ҳосил бўлади. Бунда овоз юмшоқ, ёқимли, диапазони талаб даражасида жаранглай бошлайди. Ҳофиз юқори пардаларни қийналмасдан куйлай олади. Маъмуржон Узоқов ашула айтганларида, ҳамма сўзларни талаффуз қилишда доимо танглай ишлатганлар. Худди шундай Бухоро – Самарқанд ҳофизлик мактаби вакили Домла Ҳалим Ибодов ҳам ижро вақтида танглайдан унумли фойдалана олганлар. Бошқа ҳофизлик санъати мактабларидан фарқи ўлароқ Марғилон ҳофизлик санъати мактаби намояндалари ижроларида ҳаётдан нолиш эмас аксинча ундан миннаддор бўлиш, чуқур нафасга таянтиритган қаҳрамонона ҳайқириқлар, ўта баланд авжларда овознинг равонлиги, катта ашулабоб нафас узлуксиз бир маромда бўлганлиги боис, ашуладаги сўз бўғинларининг бемалол текис жаранглаши (дунё ашулачилик мактабларида cantilena, яъни бўғинларнинг текис жарангдорлигига эришиш энг юқори ижрочилик маҳороти ҳисобланади) ортиқча дабдаба ва безакларнинг йўқлиги (“ҳамма мукаммал нарсалар оддий бўлади”-Цицерон эрамиздан аввалги грек файласуфи) ҳозирги ҳофиз хонандалар учун дастури амал бўлиб хизмат қилади.

Маъмуржон Узоқов ўзбек мусиқа санъатида ёрқин из қолдирганлигини биз мусиқа меросимиз ривожининг уч тармоғида яққол намоён бўлганлигини кўрамиз.

Биринчидан – ўтмишда фаолият кўрсатиб, мумтоз мусиқа билимдонларига айланган беназир устозларнинг давомчиси; иккинчидан– замонасининг ёрқин намояндаси;  учинчидан ҳофиз ва хонандаларнинг янги авлодини йўлбошчиси, хонандаликда ўрнак сифатида эъзозланишини эътироф этмасдан бўлмайди. Улар албатта ўниб-ўсган жойи, муҳити, устозлари, ҳамнафаслари, ҳамкорликларининг аҳамияти буюкдир. Бу борада устознинг ҳаётий фаолити ҳам ибратлидир. Зеро У,  ҳофизлар юрти Марғилон муҳитида туғилиб вояга етди. Устозлар тарбиясини олди ва шу заминга хос бўлган хониш-ю, сиру – синоатларини ўрганди. Дархақиқат, Марғилон ўзининг бой тарихи, ажойиб ва нозик таъб одамлари, санъаткорлари билан довруқ топиб келган обод ва сўлим шаҳардир. Шу боис бўлса керак, Марғилонда анъанавий мусиқа намуналари ва унинг ижрочилиги билан боғлиқ ўзига хос анъаналар юзага келган. Айниқса, мумтоз ялла, ашула ва катта ашула ижрочилик анъаналари муайян мақомига етишган.

Замонасининг энг донгдор ҳофизи Жўрахон Султоновга шогирд, ҳамнафас, фикрдош ва яқин дўст бўлиб фаолият кўрсатди. Аввалига Ҳасан Қори тарбиясида хонандаликдаги илк сабоқларни олади. Чорчинор маҳалла гузарига, яъни чойхонага олиб бориб, у ерда закийлар санъатининг етук намояндалари Юсуфжон қизиқ Шакаржонов ва унинг сафдошлари Худойберган Ҳофиз, Жўрахон Султонов билан танишади. Катта ашула ва мақом йўлларидаги ашулаларни қунт билан ўрганади.

Ижрочилик амалиёти – бу сеҳрли ва жонли дунё. Унинг ҳар бир онида мўжиза юз бериши мумкин. Фақат уни тўғри идроклаб, унумли баҳра ола билиш керак. Мусиқий меросимиз амалиётидаги мўжизалардан бири ҳам айнан шу даврда, илдиз ота бошлади. Яъни, икки марғилонлик ҳофизларнинг бир нафас билан оламшумул даражадаги  фаолиятлари бошланган.

Одатда, ҳар бир ҳофиз, бир асарни икки маротаба ижро этса, албатда икки хил талқин чиқади. Мусиқада бир хил нафас, бир хил сайқал мутаносиб эҳтирос билан талқин этадиган икки қалб эгаси жуда камдан – кам учрайдиган ҳодисадир. Маъмуржон Узоқовнинг ўз устози Жўрахон Султонов билан ҳамнафасликлари ана шу кам учрайдиган ҳодиса бўлиб гавдаланди.

Маъмуржон Узоқовнинг овози ва ижро маҳоратини дарҳақиқат худодод истеъдод дейишади. Унга катта ашуланинг пирлари устозлик қилгани эса, Маъмуржон аканинг бахти бўлган десак, ҳеч ҳам адашмаган бўламиз. Чунки, уларни сабоғи Маъмуржон Узоқовнинг ижросини мукаммаллигини таъминлаб берган. Маъмуржон Узоқовнинг ижро репертуари жуда ранг – баранг, устозлардан ўрганган яллалардан токи мақом намуналаргача муносиб ўрин олган. “Ёввойи Тановор”, “Чаман ялла”, “Қаландар”, “Ушшоқи Содирхон”, “Дилхирож”, “Қурбон қайтарма”, “Баёт”, “Дугоҳ Ҳусайний”, “Бухоро Ироқи”, “Сегоҳ”, “Ёввойи Чаргоҳ”, “Шаҳноз” каби ашулалар шулар жумласидандир.

Одатда, куйлаш ёки овоз талқин этиш билан боғлиқ жараён ўзининг бир қатор табиий, амалий ва ижровий жараёнлари билан тавсифланади.  Бунда хонандадан катта имконият билан бирга, ўзига хос маҳорат ва руҳий мукаммалликка эришган бўлиши талаб этади. Талқин жараёнида хонанда бутун жисми, фикру-ҳаёли билан олган сабоқлари, билими ва ижродаги маҳоратини юракдан куйлаши мукаммаликнинг гаровидир. Маъмуржон ака ўзининг бетакрор ижросида ана шундай мўжизакор, бетакрор овозга эга бўлган ва беназир талқин соҳиби даражасида шаклланган замонасининг номдор хонандаси эди.

Бунинг сабаби ҳофизликнинг пировард нуқтасига эришган Маъмуржон ака жон-жаҳди билан куйлаган ва мукаммал даражадаги талқинга эга бўлган. Шу боис, Маъмуржон акани тинглаган ҳар бир қалб ҳайратдан қалблари жумбушга келган.

Маъмуржон Узоқов ўзининг бетакрор довудий овози билан устозларидан ўрганган Фарғона водийсининг катта ашула йўлларини, мақом йўлларини бутун дунёга машҳур қилишида самарали фаолият кўрсатган. Ўзбек мумтоз ялла ижрочилиги санъатини ҳамда жўрнавозлик санъатини мўжизакорлик жиҳатларини намойиш этишга муяссар бўлган.

Маъмуржон Узоқов якка хонандаликда ҳам бир неча йиллар давомида самарали фаолият олиб боради. У ўз даврининг машҳур бастакори Муҳаммаджон Мирзаев билан бирга ижодий ҳамкорлик қилади. Бастакорнинг “Якка бу Фарғонада” (Муқимий), “Бир келиб кетсун” (Ҳамза), Фурқат ғазаллари билан “Сувратинг”, “Ёр истаб”, “Қачон бўлгай” каби 20 га яқин ашулаларни меёрида маъромига етказиб ижро этди. Бу асарларнинг Маъмуржон Узоқов ижросидаги талқини ҳанузгача санъаткорлар учун ўрнак ва дастури амал бўлиб хизмат қилмоқда. Устознинг мумтоз мусиқа меросини ўзига хос талқини, айниқса, “Йўлингда”, “Ёр истаб”, “Айрилмасун”, “Мустаҳзод”, “Фиғонким”, “Ёлғиз”, “Кўзларинг” каби бастакорлик амалига мансуб мусиқий намуналар талқинида Маъмуржон Узоқовнинг ижрочилик мактаби тамғаси муҳрланганлиги ва кейинги авлодлар ижросида ҳам намоён бўлаётганлигини кўришимиз мумкин. Жумладан; Халқ ҳофизлари Ўлмас Сайиджонов, Махмуд Йўлдошев, Оролмирзо Сафаров, Бекназар Дўстмуродов, Абдунаби Иброхимов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Шухрат Қаюмов, Дилнура Қодиржонова, ака-ука Мухсин, Яҳё Мўминов, Фурқат Ашуралиев ва Элмурод Ахмедовлар ва бошқа номларни келтириш мумкин. Замонавий миллий эстрада йўналишида ижод қилиб келаётган халқимизнинг машхур хонандаларидан; Озодбек Назарбеков, Отабек Мамазоитов, Дилшод Ахмадшоев, Мусохон Нурматов Абдурашид Йўлдошевларнинг ижодида ҳам Маъмуржон Узоқовнинг ихтиросли ижро этган асарлари оҳанги негизида яратилган қўшиқлари халқимиз томонидан севиб тинглаб ва қадр топмоқда.

XX – аср охирлари хусусан истиқлол шарофати билан ўтмишда яшаб ижод этган, ўзининг серқира ижоди, яратган ўлмас дурдона асарлари билан халқимизнинг етук ва беназир устоз ҳофизлари хотираларига бағишлаб, Назм ва Наво концерт дастурлари ва Республика кўрик танловларини ўтказиш анаъанага айланиб келмоқда. Жорий йилнинг 20 сентябр куни Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда Ўзбекистон давлат консерваторияси “мусиқий шарқшунослик” ва “анъанавий ижрочилик” кафедралари ҳамкорликда Ўзбекистон халқ ҳофизи Маъмуржон Узоқов таваллудининг 110 йиллигига бағишланган адабий-мусиқий ва хотира кечаси бўлиб ўтди. Бу анжуманлар, танловлар, миллий мусиқамиз маданияти ривожи жараёнига кўп ижобий таъсир кўрсатиб келмоқда. Энг аввало анъаналарни тиклаш, ижрочилик услубларни тарғиб этиш, мактаб давомчиларини аниқлаш, ёшларни мукаммал ижрога қизиқтириш ва жалб этиш, умуман олганда мусиқа ижрочилиги амалиётига намуна сифатида таъсир этиши Маъмуржон Узоқовнинг бизларга қолдирган ижровий мероси буюклигидадир. Бу мерос келажакдаги  илмий изланишлар, тадқиқотлар учун қимматли манба ва хазина, ёшлар тарбияси учун ибрат ва хонандалик санъати давомчилари учун намуна сифатида хизмат қилиши бегумондир.

 

 

ЎзДК ўқитувчиси

мусиқашунос АзизЗокиров