Тошкент ш. Яшнобод т. Махтумқули к. 49 уй
+998 (71) 286-31-77 , +998 (71) 286-30-91

Санъатдаги ҳалоллик

Халқ ҳофизи М.Тожибоев

Мусиқашунос С.Бегматов

Санъатдаги ҳалоллик

Ўзбек миллий мусиқаси жуда бой ва улкан меросга эга. Мусиқий меросдан ўрин олган асарларнинг ҳар бири ўз тарихи, жанри ва  мазмунига эгалиги билан қадрлидир. Уларнинг орасида ҳар томонлама бетакрор ёки турли хусусиятли ва ўлмас санъат асарлари кўплаб учрайди. Айниқса, мақомот йўналишида халқ дилидан жой олган асарлар сирасига кирувчи умрбоқий асарлардан бир қанчасини санаб ўтиш мумкин. Ана шундай ўлмас асарлардан бири шинавандалар томонидан севиб тингланадиган машҳур “Қўқон ушшоғи” ашуласидир. Ушбу асар мусиқа меросимизнинг Ушшоқлар туркумини бир шўъбасига айланган ва халқимиз томонилан қадрланган  ҳофизларимизнинг севимли асарига айланиб улгурган. Шу боис, Тарихий манбаларда “Ушшоқи Ҳўқанд” деб номланган ушбу асарнинг пайдо бўлиши хусусида мулоҳаза юритмоқчимиз.

Маълумингизким, бу асар шинавандалар орасида ҳозирги пайтда Юсуф Сарёмийнинг:

Қаро кўзингни асири мудом сурмаи ноз,

Замона кўрмади сен каби бути танноз.

матлаъси билан бошланувчи ғазалида тинглашади. Аммо бу асар юзага келишида муаллиф аслида бошқа ғазал билан яратгани кўпчиликка маълумэмас. Албатта, зукко шинавандалар бу фикримиздан мустаснодир. Зеро, ҳар қандай мукаммал асарни асл шинавандалар асар тарихидан ҳам бохабар бўлишлари муқаррардир. Мусиқа меросимиздан ўрин олган асарларнинг аксарияти ўтмишнинг забардаст ҳофизлари, уламоларининг батган рисолалари, шоирларнинг ёзган баёз ва достонларида ўзига хос таърифлангандир. Биз ҳозир тилга олмоқчи бўлган далиллар бирор-бир манбада қайд этилмаган,лекин замонасининг устоз санъаткорлари томонидан ижодиётнинг ибратли намуналари сифатида тилдан-тилга ўтиб келган.

Мумтоз мусиқа меросимизнинг устоз санъаткорлари Жўрахон Султонов, Маъруфхожа Баҳодиров, Орифхон Хотамовлардан эшитишимизча, бу асарнинг ҳозирги шаклдаги ижро намунаси машҳур устоз Ҳожи Абдулазиз томонидан ишланган экан. Орифхон Хотамов эсдаликлари: “Шўро инқилобидан аввалги даврда тошкандлик Илҳом самоварчи деган тадбиркор инсон “граммофон” номли янгиликни Тошкентга олиб келган. Шу билан ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида граммофон деган “техника мўъжизаси” тарқала бошлади. Аммо граммофон соҳиблари эшитиши учун грампластинкалар, яъни миллий қўшиқлар ёзилган лаппаклар зарур эди. Тадбиркор Илҳом самоварчи бу йўлда ҳам сайъи ҳаракат кўргузиб, Ригадан овоз ёзувчи техник воситалар билан шуғулланувчи “Пишущий Амур” ширкатини таклиф қилиб, ўша вақтлардаги Ўзбекистоннинг машҳур ҳофизларини грампластинкага ёздиради (бу хусусда матбуотда кенг ёритилган). Шу аснода бир-бирлари билан унча яқин алоқада бўлмаган Бухоро-Самарқанд йўналишидаги ижодкор устозлар Фарғона водийси ва Тошканд ҳофизларининг нафасларини эшитишга муяссар бўлдилар. Водий ва тошкандликлар эса уларнинг мақомот йўлларидаги ижроларидан баҳраманд бўлдилар.

Ушбу имкониятдан фойдаланган, Қўқондаги машҳур ҳофизлар Ҳамроқул Қори ва Эрка Қори каби етук катта ашула намояндалари ҳам бир неча ашулаларни грампластинкага ёздиришга муваффақ бўлдилар. Бу икки устоз санъаткор бетакрор овозга ҳамда имкониятга эга бўлганликлари билан эл орасида машҳур эдилар. Айниқса, Ҳамроқул Қори хусусида устозлар кўп ибратли сўзларни мисол қилиб келтирар эдилар. Жусладан, халқ ҳофизи Орифхон Ҳотамов томонидан Жўрахон Султоновдан эшитган сўзлари:-“Ҳамроқул Қоридек “бичикчи чевар” ашулачи бўлмаган. Сабаби, катта йиғин ва издиҳомларда Ҳамроқул Қори қўлига бирор бир баёзни олиб, бир кўришда бадиҳагўйлик билан янги ашулаларни куйга солиб айта олган ва шу издиҳомда беш, олтита янги ашулани тингловчиларга тақдим эта олган”.

Хусусан, беназир ҳофиз Ҳамроқул Қори ўзининг ижодига тааллуқли “Қачон келасиз” деб номланувчи Ушшоқ йўлидаги катта ашулани ҳам пластинкага муҳрлайди. Илҳом самоварчининг тадбиркорлик борасидаги ҳаракатлари туфайли бутун ўлка бўйлаб бу пластинкалар сотувга чиқарилди. Одамлар бозор ва гузарларда граммофон орқали Тўйч Ҳофиз, Левича Ҳофиз, Ҳамроқул Қори каби катта ҳофизларнинг ашулаларини жон диллари билан тинглашарди. Бадавлатроқ одамлар ушбу пластинкаларни ўз граммофонлари учун сотиб олардилар. Бу билан халқимиз даврининг моҳир созанда ва хонандаларинингсанъатидан баҳраманд бўлганлар.

Самарқандлик устоз Ҳожи Абдулазиз ушбу грампластинкаларни тинглаб, Ҳамроқул Қорининг “Қачон келасиз”  матлаъидаги сўз билан айтилган катта ашуласини ёқтириб қолади ва бу ҳофизларнинг қайси музофотдан эканини суриштира бошлади. Уларнинг водийлик эканликларини, Қўқон атрофида яшашларини эшитгач, бир қарорга келиб усулсиз айтилган Ушшоқ йўлидаги катта ашулани усулга солди ва мақом намудлари билан бойитди, ашулани эса машҳур форсийгўй шоир Ҳилолий қаламига мансуб

Ба хоки пойи ту сарви нозпарвариман

Ки жузъ ҳавои висоли ту нест бар сариман

матлаъси билан бошланадиган ғазалда ижро қилди ва ашулани “Ушшоқи Хўқанд” деб атади. Бунга сабаб Ҳожи буванинг бағоят ҳалолликка ружуъ қўйганликлари ҳисобланади, чунки бу ашулани ўзлариники дея “Ушшоқи Ҳожи Абдулазиз” деб номласалар ҳам бўларди, аммо у киши ундай қилмадилар. Грампластинкадаги ҳофизларнинг қўқонлик эканликларини аниқлаганларидан сўнг ҳеч иккиланмай “Қўқон Ушшоғи” деб номладилар. Ҳожи буванинг ўлмас асарлар яратганликлари қанчалик ҳақиқат бўлса, у кишининг “Бозургоний”, “Бебоқча”, “Самарқанд Ушшоғи” каби ашулаларни номлашда ҳам юқоридагидек ҳалоллик ва инсоф намуналарини кўрсатганлари шунчалик ҳақиқатдир”. Устозларимиз томонидан амал қилинган ана шундай поклик ва ҳалоллик намуналари биз санъаткорларни уларга муносиб бўлишга чорлайди. Мусиқа ижодиётининг мумтоз мусиқа бастакорлик амаллари анъаналарини давом эттиришга муяссар бўлаётган замонамизнинг ёш авлод вакиллари учун ушбу амал ибрат эканлигини яна бир бор қайд этмоқчимиз.

“Қўқон Ушшоғи” ашуласи дарҳақиқат мақомлар йўлида яратилиб ўзининг салобати билан, ўз даврининг мумтоз хонандалари амалиётида кенг оммалашган асарлардан бири бўлган. Бу борада таниқли мақомдон олим Исҳоқ Ражабов ҳам ўзининг мақомлар тадқиқотига бағишланган “Мақомлар масаласига доир” (Т., 1963. 269 б) номли монографиясида қуйидаги маълумотларни баён этган: – “…бухоролик ҳофизлар Қўқон Ушшоғига Сегоҳ, Ушшоқ, Уззол ва Мухайяри Чоргоҳ намудларини қўшиб айтган бўлсалар, Фарғона водийсида эса фақат  намуди Сегоҳ билан чекланганлар. Тожикистонда унга ҳатто Зебо пари авжини ҳам қўшиб ижро этганлар”.

Кейинчалик, устоз академик Юнус Ражабий Шашмақомни таълиф қилганларида Қўқон Ушшоғини ҳам бутунлай бошқа ғазал Огаҳийнинг

Фиғонки, ёр вафо аҳлиға ситам қиладур,

Ниёзу ажз гуноҳиға мунтаҳам қиладур.

матласи билан мақомчиларга ижро қилдирдилар. Бу ерда мақомот қоидалари буткул сақланган ҳолда Қўқон Ушшоғи бир катта мақом ашуласига айланди. Мақомчилар ансамбли ушбу сўз билан ижро этсалар, халқимиз орасида Юсуф Сарёмий сўзи билан ижро этиш хонандалар амалиётида кенг оммалашган. Мумтоз асарларимизнинг ўзи гўзил, уларнинг яратилиши ҳам унданда гўзалдир.