Тошкент ш. Яшнобод т. Махтумқули к. 49 уй
+998 (71) 286-31-77 , +998 (71) 286-30-91

Фаттоҳхон Мамадалиев (1923-1999)

 Фаттоҳхон Мамадалиев

(Ўзбекистон халқ ҳофизи)

(1923-1999)

Фаттоҳхон Мамадалиев Ўзбекистон халқ ҳофизи, машҳур хонанда ва созанда, мумтоз мусиқа йўлида бир қатор асарлар яратган бастакор, Тошкент давлат консерваториясининг профессори ва устоздир.

Фаттоҳхон Мамадалиев, Андижон вилояти, Балиқчи туманинг эски Ҳаққулобод қишлоғида дехқон оиласида 1923 йили таваллуд топган.

У болалигидан халқ мусиқа ижрочилигига катта меҳр қўйиб ўсиб улғаяда. 1931 йилдан умумтаълим мактабида ўқийди. Мактабда  таълим олиш билан бирга, қишлоқнинг маданият уйи қошидаги бадиий  ҳаваскорлик  тўгарагида  танбур, дутор чертишни ўрганди. Шу кезлардан бошлаб у қўшиқ ижрочилигини устозларга ҳавас қилиб машқ қила бошлайди. У тенгдошлари орасида ўзининг жарангдор овози билан ажралиб турарди. Кунлардан бирида унинг ижроси, Андижондик машҳур ғижжакчи созанда  Мўминжон Каримовни эътиборини ўзига тортади ва ўзига шогирд қилиб олади. Устоз ёш Фаттоҳхонга нафақат чолғучилик, балки хонандалик сирларини ҳам ўргатади. Айнан Фаттоҳхон акани ансамбль бўлиб ва у билан биргаликдаги ижролар унинг амалиётда чархланиб санъаткор бўлиб етишишига катта ёрдам беради. У ўз замонасининг номдор кекса авлод ҳофизларини ижроларига катта эътибор билан ёндошади ва ўзлаштиришга ҳаракат

У ёшлик чоғларидан даставвал дутор, ғижжак, кейинчалик танбур чалишни ўзлаштирди. Ёш созанда ўз даврининг таниқли ашулачиларига эргашиб,  дардли овозида халқ қўшиқларини ҳамда мумтоз ашулаларни айта бошлади. Бу борада Фаттаҳхон Мамадалиев ўз вақтида Умрзоқ, Полвон Сайдали, Уста Рўзиматхон Исабоев, Юнус Ражабий сингари машҳур санъаткорлардан бевосита сабоқ олишга муяссар бўлган.

Куп йиллик изланувчанлик меҳнати туфайли иқтидорли ҳофиз якка ҳолда ва ҳамнафасликда қўшиқ, ашула, катта ашула, Фарғона-Тошкент мақом намуналари, шунингдек ўтмишдаги ва замондош бастакорлар ижодига мансуб асарларни ўз услубига солиб ижро этишга эриша олди. Шуни алоҳида этироф этиш жоизки, ҳофизлик ва бастакорлик борасида Фаттаҳхон Мамадалиев танҳо ўзига хос ижро ва ижод услубини кашф этишга, хусусан, ушбу йўналишда катта мактаб яратишга муваффақ  бўлди.

Ф.Мамадалиевнинг кейинчалик санъаткор сифатида шаклланишида Умрзоқ Полвон Сайидали, Абдулла Тароқ, Беркинбой Файзиев каби устоз санъаткорлар ижоди катта аҳамият касб этган эди. У ижодида мақом йўлларига хос намуналар ва катта ашула  ижрочилигини пухта эгаллашга ҳаракат қилади. Имкони борича Фарғона-Тошкент мақом йўллари ва ижрочилик услубларини ўзлаштиришга интилади.

Фаттаҳхон Мамадалиев қизиқишлари кенг, иродаси кучли, хотираси мустаҳкам, билимлари теран, илғор тафаккурга эга инсон эди. У миллий мусикамизнинг билимдон ижрочиларидан бўла туриб, ўзбек халқ ҳамда мумтоз шеъриятнинг ҳам зукко муштарийлари қаторида муракаб аруз вазнлари қонуниятларидан яхши хабардор эди. Ҳофиз томонидан битилган ўнлаган адабий-шеърий намуналар бор. Булар эса ўз навбатида санъаткорларнинг мусиқий ижоди ва ижрочилигининг тобора камол топишига ижобий таъсир кўрсатмай қолмайди.

Шу боис бўлса керак ҳар бир бажарилган амалга ижодий ёндошади. Хоҳ у ашула ижрочилиги бўлсин, катта ашула, чолғу талқини ёки ансамбль бўлиб ижро этиши бўлсин ўзининг мумтозлиги билан ажралиб туради.

60-йиллар давомида мақом ижрочилигига эътибор анча жонланади. Ф.Мамадалиев  ҳам мақомдон аллома Ўзбекистон халқ артисти Ю. Ражабий билан мулоқотларда бўлади. Мақом илмини ўзлаштиришни ўзининг қалбига жо этади. У 1968 йили Андижон давлат педагогика институтини тарих-филалогия факультетини муваффақиятли тамомлайди. Ижодий фаолиятини мусиқа санъатининг ривожига бағишлашга аҳд қилади.

Андижон вилоятининг Хўжаобод, Избоскан каби туман маданият уйларида, Андижон давлат педагогика институтида ҳаваскорлардан иборат «Мақомчилар ансамбли» жамоаларини ташкил қилди. Фаолияти давомида уларга устозлик ва маслахатчи-кўмакдошлик қилиб турди. Андижони шаҳар маданият уйи қошида  тузган «мақомчилар ансабли» билан биргаликда мунтазам тарзда халқ хизматида бўлади. Республика ва Халқаро анжуманларда, концерт-гостролларида ва кўрик-танловларида фаол қатнашади.

1985 йилдан бошлаб умрининг охирги дамларигача М. Ашрафий номидаги Тошкент давлат консерваторияси (ҳозирда Ўзбекистон давлат консерваторияси) Шарқ мусиқаси (кейинчалик, анъанавий ижрочилик)  кафедрасида самарали фаолият олиб борди.  Машҳур ҳофиз анъанавий хонандалик ихтисослиги бўйича талабаларга қарийб ўн беш йил давомида сабоқ берган экан, нафақат Фарғона-Тошкент, Бухоро- Самарқанд, балки Ўрта Осиёнинг турли воҳаларида яшаб ўтган йирик мусиқачи-устозларнинг ўгитларидан унумли фойдаланди. Ўзбек миллий мусиқа ижрочилигининг деярли барча жабҳалари юзасидан юксак амалий кўникмаларга эга бўлган катта ижодкор ёш санъатчи ҳамда шогирдлари билан ҳамиша мулоқатда бўлиб, ўз қарашларини, фикр- мулоҳаза ва таҳлилий кузатувларини уларга етказиб келган. Мазкур кафедрада дастлаб доцент, сўнгра 1993 йилдан профессор илмий унвонида ёшларга сабоқ берди. Унинг синфида Марям Сатторова (Ўзбекистон халқ артисти), Сойиб Ниёзов (Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист), Аброр Парпиев (Ниҳол совриндори) каби кўплаб иқтидорли санъаткорлар тарбияланиб етишдилар.

Қайд этиш жоики, Ф.Мамадалиевнинг яқин йилларда ҳам мусиқашунослик истмолида бўлмаган, аниқроғи маълум бўлмаган ҳофизлар овози хусусиятлари илмий мушоҳадалари ниҳоятда қадрлидир. Бу қўлёзмани устоз вафотидан сўнг унинг яқин фикрдоши мусиқашунос Р. Юнусов нашрга тайёрлаб чоп эттирди. Мазкур рисолада муаллиф «ашулачилар овозининг сифат даражаси ҳамда овоз ишлатиш йўлларини ҳисобга олган ҳолда бир неча тоифаларга» ажратади ва уларни қуйдаги номларда юритилганлигини белгилаб беради:

  1. «Нор овоз»
  2. «Тик овоз» (ёки «жарангдор овоз»)

   3. «Жарангдор куврак овоз»

  1. «Куюк тик овоз» («ёки жарангсиз овоз»)
  2. «Бузак овоз» («ёки модда овоз»)
  3. «Панг овоз»
  4. «Ишками овоз» ва уларнингайримларига кискача тавсиф беради.

Мусиқа ижрочилиги амалиётда Фаттоҳхон Мамадалиев ҳофизлик, яъни хонандалик билан бирга анъанавий мусиқа бастакорлигига ҳам катта эътибор бериб ижод этган бастакорларимиздандир. У халқ мусиқа ижодиётининг турли йўналишларида ижод этган. Яъни, ўтмиш хонандаларимиз анъаналарига хос бўлган қадимий куйларни тиклаш, анъанавий асарларни янгича замоанвий услубда талқин этиш, мумтоз асарларни муайян тартибга солиб туркумлаштириш ва албатта янги оригинал асарлар яратиш.

Натижада, Фаттоҳхон Мамададалиев ўз ижодида бир қатор янги асарлар яратишга муяссар бўлади.  Фаттоҳхон Мамадалиев басталаган кўплаб ашулалар орасида: «Интизор» (Улфатий сўзи), «Оқибат», «Соғиндим», «Фалак», «Меҳмон», «Жудо келди» ва «Юзни ҳажрида»  (Нодира сўзлари); «Аҳд қилдим» (Муқимий сўзи): «Жононим менинг» (Ҳайратий сўзи): «Орзу» ва «Деҳқонларим»  (В. Саъдулло ғазали); «Сўрмаса», «Каломингдан» ва «Дилкушо» (Ҳ. Азимов сўзи); «Ўлмағай» (Навоий ғазали); «Кўнгил» ва «Сирри ишқим» (Х.Яҳёев сўзи); «Раъно гуллари» ва «Соғинурман» (О.Холдор сўзи) каби ашулалар хонанда-ҳофизларнинг севимли асарларига айланган. Мусиқа ижрочилиги амалиётида эса, муносиб ўрнини топган десак адашмаган бўламиз.

Айниқса, Мустақиллик йилларида Фаттоҳхон Мамадалиев асл ўзбек бастакорлик ижодиётининг анъаналаридан бири, мусиқа меросимизнинг оммавийлашиб кетган намуналари асосида кўп қисмли туркумлар яратиш анъанасини ўзига хос тарзда давом эттирди. Бастакор томонидан бир қатор мусиқий намуналар анъанага мос ҳолдда туркумлаштирилган. Жумладан: Саккиз қисмли «Мускин» мусиқий намунаси (Муқимий, Саккокий, Фурқат, Мискин, Улфат ва Туроб Тўла шеърларига), саккиз қисмли «Ушшоқ» намуналари (Увайсий, Фурқат, Навоий, Огаҳий, Гаврҳарий ғазалларига), тўрт қисмли «Насруллоий» туркуми (Навоий, Ф. Мамадалиев ва Улфат шеърларига) Фаттоҳхон Мамадалиев томонидан тузилган муаллифлик туркумларидир. Улар Шашмақом шўбаларига хос ва Форғона-Тошкент мақом йўлларига мос туркумлашув тамойилларига таяниб ижод этилган. Маскур асарларда бирламчи асосий кўринишлар кетидан зарурий равшда ўрин олиши лозим бўлган – Талқинча, Қашқарча, Соқийнома ва Уфор тизимидаги кичик туркумга хос асарлар киритилган.

Қайд этиш жоизки, Фаттоҳхон Мамадалиев қўл уриб туркумлаштирилган «Муножат» ва «Савти Фаттоххон» туркумлари эса нисбатан ихчам шакилларга эга бўлиб, иккиласида ҳам фақат Алишер Навоий меросидан, яъни ғазалларидан фойдаланилган. Натижада ижодкор бир бутун, теран ва серқирра бадиий умумлашма туркум асар яратишга муваффак бўлади.

Фаттоҳхон Мамадалиев анъанавий ашула ижрочилик амалиёти ўзига хос ижро услубини яратган ва ҳозирги даврга келиб мактаб даражасида шаклланишига сабабчи бўлган забардаст ҳофиздир. Унинг  ўзига хос ижро услуби Фарғона водийси ижрочилик анъаналарини ўзида мужассамлаган ҳолда ўзига хос мунгли талқинга эгалиги билан характерланади. Ўта сокин ва мунгли оҳанг тараннуми унинг ижро услубига хослигини эътироф этиш мумкн. Шу боис ҳам, Ф.Мамадалиев ижро услуби ҳар икки жинсдаги ижрочилар овозига мутаносиб келиверади ва амалиётда мактаб намояндалари томонидан кенг қўлланилиб келинади.

Фаттоҳхон Мамадалиевнинг концерт ижрочилик фаолияти жуда ҳам сармаҳсул, кенг доирали ва салобатлидир. Шулардан бир мисол, 1998 йили Пхеньян (КХДР) да ўтказилган “Осиё мусиқа минбари”да  Фаттоҳхон Мамадалиев ўзининг Огаҳий ғазалига битган «Дарду дилим» ашуласини маромига етказиб ижро этади. Ашуланинг ҳар томонлама мукаллиги, ўзбек мумтоз мусиқаси намуналарига хослиги ва жуда катта ижро маҳоратини инобатга олиб бу намунани бутун жаҳон радио корпорациялари томонидан тарғиб этиш учун танлаб олинади. Бунинг сири ашуланинг ниҳоятда моҳирона ижро этилганлиги десак адашмаган бўламиз.

Огаҳий ғазалиёти жуда сермаҳсул ва серқирра, Савол жавоб қабилида ёзилган “деди” радифли ғазали ҳам бунга ёрқин мисолдир.

 

Дарди дилим анго дедим, дема ани манго деди,

Ким манга ошиқ ўлса, ул лозим эрур анго деди.

 

Юз уза икки наргисинг, ваҳ, не бало қаро дедим,

Кўнглунгу жонинг олғучи икки қаро бало деди.

 

Огаҳийнинг ғазали 9 байтдан иборатдир. Бастакор Фаттоҳхон Мамадалиев унинг 5 байтини (1, 2, 5, 6 ва 9чи байтлар) ашула учун асос қилиб олган. “Дарду дилим” ашуласи Фаттоҳхон Мамадалиевнинг ижро услубини тўла ифолайдиган асардир.

Асар тўрт ҳиссали усул асосида  ______________________

 

сокин темпда ижро этиш учун мўлжалланган. Сокинлик ва мунглилик Фаттоҳхон Мамадалиев ижро анъанасига хос фазилатлардандир. Асар чолғу даромади билан бошланади. Унда ашуланинг асосий оҳанги ижро этилади. Шунга мос кейинчалик куй ривожланади.  Асар секин аста босқичма босқич авж сари интилади. Авжда жуда катта маҳорат талаб этадиган жойи бор. Уни ижро этиш учун катта овоз ва маҳоратга эга бўлиш керак. (Асарнинг тўла нотаси ва сўзи иловада келтирилади).

Фаттоҳхон Мамадалиевнинг ижрочилик услуби жуда кўп сонли хонандалар томонидан давом эттирилиб келинади. Айниқса унинг фарзандлари томонидан асл услуб сақланиб қолганини гувоҳи бўламиз. Бунга ёрқин мисол ҳофизнинг ўғиллари Иномжон Мамадалиев, қизлари Нодира Мамадалиева ва неваралари Фазлиддин Мамадалиевлардир. Шогирдларидан Марям Сатторова, Гулбаҳор Эрқулова, Сойиб Ниёзов, Аброр Парпиев, ва ҳ.к. Ўзбек мусиқа ижрочилигида фаолият олиб борадиган кўпчилик хонанда ва созандалар Фаттоҳхон Мамадалиевнинг ўз устозлари деб биладилар.  Чунки Фаттоҳхон Мамадалиев кўп йиллар мақомчилар ансамблларига раҳбар бўлганлар. Ёшларга эса кўп йиллар сабоқ берганлар. Айниқса Ўзбекистон давлат консерваториясида олиб борган фаолиятлари, кўпйиллик ишларида жуда кўп талабаларга мусиқа ижрочилиги сирларини ўргатишга муваффақ бўлганлар.  Фаттоҳхон Мамадалиев нафақат хонандалик, балки соз чалишда ҳам ўз ижроларига эга бўлганлар. Улар скрипка, дутор танбур чолғуларини маромига етказиб ижро этганлар. Катта ашула ижрочилигида ўзлари ва ҳамнафаслари билан биргаликда бир қатор намуналарни ижро этганлар. Айниқса ҳамнафаслари машҳур катта ашулачи Одилжон Юсупов билан биргаликда ижро этган ашулалари халқимизга яқиндан танишдир.

Ўз ҳаёти ва ижодида халқимизнинг ардоғига эришган Фаттоҳхон Мамадалиевнинг хизматлари ҳукуматимиз томонидан муносиб тақдирланган. «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист» (1981), «Ўзбекистон халқ ҳофизи» (1992) фаҳрий унвонлари, «Меҳнат шуҳрати» ва «Эл-юрт ҳурмати» орденлари билан мукофатланган.